Кеча "Локомотив" Ўзбекистон Кубоги доирасида "Насаф"ни мағлубиятга учратган бўлса-да, финалга чиқа олмади. Қуйида учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманинг тўлиқ вариантини ўқишингиз мумкин.
Рўзиқул БЕРДИЕВ (“Насаф” жамоаси бош мураббийи): - Аввало мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Уларни бизни роса қўллаб-қувватлашди. Ишқибозларимиз финалга чиқишимизни хоҳлашганди, буни уддаладик. Шунинг учун бугунги ғалаба билан мухлисларимизни ҳам табриклайман! Учрашувга келсам, ўз уйимизда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганимиз ва бугун тартибли ўйин намойиш қилганимиз сабабли ҳам финалга йўл олдик, деб ўйлайман.
- “Локомотив”нинг “Пахтакор” билан ўйинини кузатганмидингиз?
- Нафақат “Пахтакор” билан, балки “Бунёдкор”, “Динамо”га қарши ўйинларини ҳам кузатгандик. Билардик, рақиб ҳужумкор ўйин кўрсатарди, шу боис ҳам ҳимояга асосланган ўйин намойиш қилишни режалаштиргандик. Кўпроқ ҳимояда ўйнадик, хато қилмасликка уриндик, рақиб хато қилишини кутдик, гарчи гол урмаган бўлсак-да, ёмон ўйин намойиш қилганимиз йўқ.
- “Насаф”нинг рақиби эртага аниқланади. Финалда қайси жамоага қарши тўп суришни истардингиз?
- Ўзбекистонда тўртта жамоанинг савияси бир хил, деб ўйлайман. Шунинг учун эртага қайси клуб финалг чиқишининг бизга аҳамияти йўқ, асосийси, биз финалдамиз. Биласизлар, илгари ҳам “Насаф” кўп марта финалда ўйнаган, аммо мағлубиятга учраган. Ўйлашимча, аввалгиларига нисбатан ҳозир “Насаф” сезиларли даражада кучли. Қолаверса, футболчиларимиз ҳам нимадир ютишга, Кубокни қўлга киритишга ҳақли. Шундай экан, финалда ютишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
- Ҳамза Каримов нега майдонга тушмади?
- Чунки унда жароҳат бор эди.
- Уч кундан кейин яна шу майдонда шу рақибга қарши ўйнайсизлар. “Насаф”нинг ўйин услуби ўзгарадими?
- Таркибимизда жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Кўрдинглар, захирамизда ўйинни кучайтирадиган футболчилар кам. Сабаби, аксар ўйинчиларимиз жароҳат олган. Лекин ўйин стратегиямизда озгина бўлса-да, ўзгариш қиламиз. Навбатдаги ўйин натижаси биз учун ҳам, “Локомотив” учун ҳам муҳим, шунинг учун қизиқарли учрашув бўлишига шубҳа йўқ.
- Чемпионат баҳсида 2-ўрин учун кураш кечади. Табиийки, босим янада юқори бўлади.
- Агар ўша беллашувда дуранг ўйнайдиган бўлсак, бу бизни қониқтиради. “Локомотив” ҳужумкор ўйин кўрсатади, шунинг учун бу рақибга қарши учрашувда очиқ футбол намойиш қилиб бўлмайди. Уч кундан кейин бўладиган беллашувда қандай ўйин намойиш қилишимизни айта олмайман, лекин айтганимдек, ўзгариш бўлади.
- Чемпионлик учун имкониятни қандай баҳолайсиз?
- Агар “Локомотив” билан бўладиган беллашувда ютқазадиган бўлсак, бизнинг имкониятимиз пасайиб кетади. Мабодо дуранг қайд этилса, ҳар иккала клубнинг ҳам имконияти камаяди.