Лондоннинг «Челси» клуби бош мураббийси Жозе Моуриньо ва клуб шифокори Ева Карнейро ўртасида келиб чиққан можародан хабарингиз бор, албатта. Айни дамда Карнейронинг жамоа билан ишлашни хоҳламаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Буни қарангки, клуб раҳбарияти ҳам, афтидан, Евага ялинмоқчи эмас. Аксинча, Роман Абрамович Лондонга бошқа бир шифокор аёлни чақирмоқчи. У ким экан, дейсизми? Шу савол кўпчиликни қизиқтирмоқда.
ГАМЕЕВА — ЕТУК МУТАХАССИС
Сўнгги пайтларда «Челси» раҳбари Абрамович бошқа шифокор аёл билан шартнома имзолагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу шифокорнинг исми Виктория Гамеевадир.
Виктория айни дамда Москванинг «Спартак» клубида тиббиёт ходими сифатида фаолият юритади. Охирги ойларда Виктория ва Абрамович ўртасида шартнома имзолангани борасидаги хабарлар интернетда шов-шувга сабаб бўлди. Бу шов-шувлар эса интернетда Викториянинг «Челси» либосида тушган расмлари тарқаб кетганидан кейин янада кучайди.
Виктория юрак соҳаси бўйича етук мутахассис ҳисобланади. Қолаверса, у спорт, хусусан, каратэ билан мунтазам шуғулланади. Ҳатто мазкур спорт тури бўйича қора белбоғ соҳибасига ҳам айланган. Турли нашрлар Викторияни ўз саломатлиги ва қомати учун қаттиқ қайғурадиган аёллар сафига қўшишади. Шифокорнинг ўзи ҳам ҳаётини спортсиз тасаввур қила олмаслигини кўп бор таъкидлаган.
«МЕНГА ЮРАК УРИШИНИ ЭШИТИШ ЁҚАДИ!»
«Футболчилар менга тикилганида уларнинг юрак уришини эшитиш ёқади, — дейди Виктория журналистларга берган интервьюсида, — чунки менга қараганда кўплаб футболчиларнинг юрак уриши тезлашиб кетади». Ҳамкасблари, яқин инсонлари бу шифокор ҳақида ижобий фикрлар билдиришган. «У енгил атлетика ва, умуман, спортнинг исталган тури билан бемалол шуғулланиши мумкин. Викториянинг юраги бақувват, у чинакам спортчидир», — дейди улар.
«ЧЕЛСИ» ЯНГИ ФАРИШТАСИГА ЭГА БЎЛАРМИКИН?
Айни дамда Виктория Гамееванинг «Спартак»ни тарк этиш ёки этмаслиги номаълум бўлиб турибди. Шу ўринда бир жиҳатни таъкидлаш ўринли, Виктория учун «Челси» — ўзига хос юксалиш. Ҳар ҳолда Англияда футбол об-ҳавоси Россиядагидан кўра анча қайноқ. Демак, шифокор аёл Абрамовичнинг таклифини қабул қилиши мумкин.
ЕВА ҚАЙТМОҚЧИ ЭМАС!
Жозе Моуриньо бўлиб ўтган кўнгилсизликдан сўнг Евадан узр сўраб, олдинги ишига қайтиши мумкинлигини айтди, аммо Карнейро уни кечирмоқчи эмасга ўхшайди. У Моуриньодан жамоатчилик олдида кечирим сўрашни талаб қилди, аммо Жозе буни истамади. Афтидан, Абрамович ҳам Моуриньонинг мулзам бўлишидан кўра Карнейродан воз кечишни афзал билган, шекилли. Аслида, «Челси» учун Карнейродан кўра Моуриньо муҳимроқ. Қолаверса, Виктория Гамеева ҳам жозиба борасида Карнейродан қолишмайди, демак, бу клубнинг фариштасидан айрилиб қолишидан қўрқиб, буни хушламаётган мухлисларнинг қалбига бироз малҳам бўлиши тайин.
Виктория Гамеева ҳақида қисқа маълумотлар:
Бўйи — 176 см
Вазни — 56 кг
Туғилган жойи — Москва
Маълумоти — Москва давлат тиббиёт-стоматология университетини битирган. Ҳозирда иккинчи мутахассислик бўйича Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети «Биотиббиёт техникаси» йўналиши иккинчи босқичида таҳсил олмоқда.
Интернет материаллари асосида НИЗОМ тайёрлади.