Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мираброр Усмонов: «Абрамов оммага асоссиз маълумот тарқатиш орқали ЎФФга ҳурматсизлик қилди»

Баҳо:
+ | -

Ушбу ҳафтада Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ҳузуридаги мураббийлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда миллий ва олимпия терма жамоаларининг ҳисоботи тингланди.

Мажлисга ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов раислик қилди. Мураббийларнинг ҳисоботидан аввал у кун тартибидаги масалалар бўйича кенгаш аъзолари ва таклиф этилганларга ахборот берди.

“Бугунги кунда миллий терма жамоа таркиби қанчалик кучли бўлса, олимпия терма жамоаси ҳам шунчалик кучли. Жамоада салоҳият катта. Футболчилар ёниб ўйнашяпти. Улар олимпия терма жамоасидаги ўйинлари орқали миллий терма жамоа эшикларини очиш учун жон бериб ўйнашади. Қолаверса, олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳар қандай футболчи учун катта орзу. Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, олимпия терма жамоасининг Рио олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиши йўлидаги заҳматли ишларида омад ва муваффақият тилаб қоламан”, - дейди Усмонов.

Олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатига тайёргарликнинг асосий қисмини БААнинг Дубай шаҳрида ўтказади. Икки босқичли тайёргарликнинг биринчиси 2-14 декабрь кунларига тўғри келса, иккинчиси 17-28 декабрь кунлари бўлиб ўтади. 9 январда бошланадиган Осиё чемпионатига бориш олдидан ҳам олимпиячилар 2 январда Дубайга жўнаб кетиб у ерда яна бир ҳафта мобайнида ташкил қилинадиган йиғинда мусобақага тайёргарлик кўрадилар.

Виктор Жалилов бошчилигидаги олимпия терма жамоасининг олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш йўлидаги тайёргарлик жараёни учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси мураббийлар штабининг талаблари асосида мавжуд шарт-шароитларни муҳайё қилиб берган. Тайёргарликнинг режа асосида боришини бош мураббий назорат қилиб боради ва федерация раҳбариятига ҳисобот беради.

Мажлисда, шунингдек, миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаянга олимпия терма жамоасининг тайёргарлиги борасида Виктор Жалилов билан елкама-елка ишлаш, зарурият туғилса ёрдам бериш вазифаси юкланди.

“Биз олимпиада йўлланмаси учун ҳаракат қиляпмизми, демак, ҳаммамиз бирга ишлашимиз керак. Мураббийларга, футболчиларга нима керак бўлса, жойида бажо келтиришимиз керак. Олимпия терма жамоаси таркибида миллий терма жамоа аъзолари ҳам борлигини инобатга олиб, Самвел Бабаяннинг ҳам ёрдамга келишини, зарурият туғилса, 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида олимпия терма жамоаси мураббийлари таркибига бош мураббий истаган ҳар қайси мутахассисни таклиф этишга ҳаққи борлигини алоҳида маълум қилиб ўтмоқчиман”, - дейди Мираброр Усмонов.

Мажлисда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Виктор Жалиловнинг ҳисоботи қабул қилинди.

Ҳисобот даври давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда Яман терма жамоаси билан ўйнаб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Манилада эса Филиппин терма жамоасини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, 6 очкодан 6 очко олишни уддалади. Самвел Бабаян бошчилигидаги миллий терма жамоа жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги навбатдаги учрашувини 8 октябрь куни сафарда Баҳрайнга қарши ўтказади.

Мираброр Усмонов сўз аввалида «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамовнинг матбуотдаги чиқишларига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Минг афсуслар бўлсинким, терма жамоаларимизнинг ютуқлари айрим мураббий ва мутахассислар томонидан суистеъмол қилиняпти. Бу, айниқса, ўзи иштирок этаётган мусобақаларда мағлубиятга учраб, унинг сабабини ўзидан эмас, бошқалардан қидирадиган Олий лига клублари, уларнинг мураббийлари ОАВ билан суҳбатларида яққол намоён бўлаётганлиги ачинарли ҳол, албатта.

Тошкентнинг “Локомотив” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманларида “Локомотив” жамоасининг қайд этаётган мағлубиятли ўйинларига клуб аъзоларининг миллий терма жамоага жалб этилаётганлигини сабаб қилиб кўрсатди. У “Локомотив” футболчилари миллий терма жамоага чақирилиб, сафарларга турист сифатида бораяпти деб, оммага асоссиз маълумот тарқатиш баробарида Ўзбекистон миллий терма жамоасига, терма жамоага шарт-шароит яратиб бераётган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг меҳнатига ҳурматсизлик билан муносабатда бўлди. Ҳатто “Пахтакор”га қарши ўйиндаги “Локомотив”нинг мағлубиятида ҳам миллий терма жамоани айбдор қилиб кўрсатди. Абрамовнинг оммага ёлғон бўхтонни сингдиришга ҳаракат қилаётгани жуда тушунарсиз ҳолат. Чунки, миллий терма жамоа футболчиларни жалб этишда уларнинг клублари, обрў-эътиборига қаралмайди, аксинча, шу кунгача энг яхши тайёргарликка эга футболчиларгина таркибга жалб қилинади”, - дейди Усмонов.

“Мен тушунаман, ҳар қандай мураббий ўз клуби манфаатидан келиб чиқиб гапиради. Лекин, мағлубиятда қандай қилиб терма жамоа айбдор бўлиши мумкин? Жароҳатлар бўлмаса, футболчилар доимий машғулотда бўлса, муаммо нимада ахир? Вадим Абрамов миллий терма жамоа бош мураббийи бўлган йилларда ҳафталаб ўқув-машғулот йиғинларида юрилган вақтда, клублардаги ҳеч бир мураббий Абрамов бугун ўринсиз гапираётганги каби нолимаган, омадсиз ўйинларга терма жамоанинг йиғинларини сабаб қилиб кўрсатмаган эди”, - дейди Усмонов.

“Бизнингча яхши мураббий мағлубиятни тан ола билиши, ғалаба қозонган ҳамкасбини қўлини сиқиб қўйиб, табриклаши керак. Бор айбни бошқаларга ағдариб, мағлубиятнинг сабабини ўзидан эмас, бошқалардан қидириш профессионал мураббийнинг иши эмас”, - дейди ЎФФ Президенти.

“Терма жамоа масаласи энг устувор масала”, - дейди кенгаш раиси Мираброр Усмонов. “Терма жамоанинг тақдири учун фақат жамоа эмас, федерациядаги катта раҳбардан тортиб, оддий ишчигача жавобгар ҳисобланади. Октябрдаги Баҳрайнга қарши, ноябрда эса Шимолий Корея ва Яманга қарши жиддий ўйинлар бор. Катта синов даври остонасида мен федерациядаги барча ходимлардан, мутахассис ва экспертлардан терма жамоа учун ёрдамларини аямасликларини сўрайман. Миллий терма жамоа бош мураббийига эса, ғалаба учун нима керак бўлса, ҳар доим бўлгани каби ёрдам беришга тайёрмиз.”

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг таркиби шаклланиши учун ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоалари ўртасида ўзига хос кўприк юзага келган. Айнан шу тизим асосида бугун миллий терма жамоага ёш футболчиларнинг етиштириб берилиши натижасида таркибда катта рақобат юзага келди. Рақобат шундайки, Самвел Бабаяннинг ихтиёрида бугунги кунга келиб ҳар бир чизиқда тенг кучли икки-уч нафар футболчи бор.

“Терма жамоа аъзолари буни жуда яхши тушунишади”, - дейди Самвел Бабаян. “Терма жамоага футболчилар чақирилаётганида битта тамойилга таянилади. Бугунги кунда энг кучли футболчиларгина терма жамоага жалб этилади. Бўлди, бошқа тамойил йўқ. Қолган гаплар эса асоссиз миш-мишлар!”

Кенгашда ўз ҳисоботини тақдим этар экан, Самвел Бабаян иродаси кучли, олдинга интиладиган, мардонавор кураша оладиган янги жамоа пайдо бўлаётганидан хурсанд эканлигини алоҳида урғулади.

“Энг асосий масала футболчиларга терма жамоа ўйинидаги янги фалсафани очиб бериш ва жамоани янги ўйин моделига мослаштиришдан иборат эди”, - дейди Бабаян. “Биринчи ўйинда бу ишни уддалаш бироз қийин бўлган бўлса, чунки, тўлиқ таркиб билан фақат икки кунгина шуғулланган эдик, иккинчи ўйинда бу иш осонроқ кечди. Бундан ҳам муҳими шундаки, иккинчи ўйинда ҳар қандай рақиб билан беллашувга қўрқмай кира оладиган, яхши футбол ўйнайдиган ва ғалабага чанқоқ жамоани кўрдим. Мен учун айнан шу нарса жуда муҳим эди. Терма жамоа атрофидаги бошқа гапларга келадиган бўлсак, мен буларнинг умуман асоссиз эканлигини айтмоқчиман. Барчани ишонтириб айтаманки, терма жамоадаги ҳар бир футболчи ҳақиқий ватанпарвар, юртини севадиган ҳақиқий инсондир. Терма жамоадан чақирув олишлари билан улар клуб ҳақида буткул унутадилар. Бунга мен кафилман”.

Баҳрайн терма жамоасига қарши ўйинга тайёргарлик 1 октябрдан бошланади. 30 сентябрда чемпионат ўйинлари тугайди ва эртасига футболчилар миллий терма жамоа йиғинига кирадилар. Тошкентда машғулот ўтказилади ва 6 октябрь куни чартер рейси билан Манамага учиб кетилади.

“Дарҳақиқат, Ўзбекистонга қарши Филиппин билан ўйиндаги Баҳрайн ўйнамайди. Биринчидан, таркибда ўша ўйиндагига қараганда 6 нафар янги футболчи пайдо бўлган. Иккинчидан эса, Шимолий Корея билан ўйинда гарчанд улар мағлубиятга учраган бўлсаларда, жуда яхши таассурот қолдирганликларини айтиб ўтишим керак. Шунга қарамай, мен жамоамга ишонаман ва биз Баҳрайн билан ўйинга оптимал формада борамиз”, - дейди Самвел Бабаян.

Мураббийлар кенгаши Самвел Бабаяннинг ҳисоботини қабул қилди.

Кейинги режалар ҳақида гапирар экан, миллий терма жамоа бош мураббийи жумладан қуйидагиларни таъкидлади:

“Бизнинг олдимиздаги вазифани икки босқичга бўлиш мумкин. Биринчи устувор вазифа, бу жаҳон чемпионатига чиқиш. Иккинчиси амалдаги вазифа, бу ҳозирги гуруҳимизда биринчи ўринни эгаллаш. Биз шундай аҳволдамизки, ҳар бир кейинги учрашув биз учун жуда муҳим. Шу сабабли биз ҳар бир ўйинга финал учрашувидек муносабатдамиз ва унда ғалаба қозонишни ният қилганмиз. Буни футболчиларга тушунтирганмиз. Чунки, олдиндаги ҳар бир учрашувни ютиш орқалигина биз аввалига амалдаги вазифани, унинг ортидан эса устувор вазифани бажарамиз”, деб сўзини якунлади Бабаян.

Ўзбекистон терма жамоаларининг ҳар бир натижаси учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси аппаратидаги ҳар бир киши жавобгар. Бирлашиш, бир жамоа бўлиб олдинга интилиш энг аввало шу ердан бошланади. Терма жамоа атрофида унинг тақдирига бефарқ бўлмаган у мутахассисми, оддий ишчими, ишқибоз ёки журналистми, барча бир тану бир жон бўлиб бирлашиш даври келди. Кимдир кўз, яна кимдир қўл, ким эса оёқ бўлиб олдинга ҳаракатланиши ва бир жамоа бўлиб жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак. Бир сўз билан айтганда, футболчилар, жамоа аъзолари бугун ишқибозларнинг, ОАВнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож.

ЎФФ МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Манба: the-uff.com
Киритилди: 22:25, 18.09.2015.
Ўқилди: 9992 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.