Мамлакат чемпионатининг иккинчи даврасини кутилганидан бўш бошлаган Бекободнинг “Металлург” жамоаси ниҳоят 22-турга келганда орзиқиб кутилган ғалабани тантана қилди. Кончилар Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилишди ва 4:2 ҳисобида муваффақиятга эришдилар.
Учрашувдан кейин биз ҳар иккала жамоа мураббийларининг ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. * * * Баҳром Ҳакимов, “Динамо” ФК бош мураббийи: Худди мезбонлар каби биз ҳам таркиб борасида қийинчиликларга дуч келдик. Уч нафар асосий таркиб ўйинчимиз дисквалификация боис майдонга туша олишмади. Албатта уларни айблай олмаймиз. Зеро иккинчи давранинг бошида жон койитиб ўйнашганликлари, барча эҳтирос ва ғайратларини ишга солишганликлари учун ҳам шу ҳолатга тушишди. Муаммолар эса “Металлург”дек тажрибали жамоага қарши ўйин арафасида йиғилиб қолганлиги эса бизга қимматга тушди. Таркибни ёшлар билан тўлдиришга уриниб кўрдик. Аммо ҳимоя чизиғи вакиллари бир бирларини тушуниб олганларига қадар мезбонлар ҳисобни очиб олишди. Иккинчи тайм бошида ҳам тезкор киритиган голлар бизни довдиратиб қўйди. Фарқни минимал даражада қисқатриришгача эришдик. Афсуски, ҳисобни тенглаштиришга яқинлашган бир пайтимизда мезбонларнинг тажрибали ҳужумчилари қарши ҳамлада ҳал қилувчи голни киритишди. Аламли мағлубиятга учрадик. Нима ҳам дердик, бу футбол. Ғалабалар билан мағлубиятлар ёнма ён юради. “Металлург” ҳар жабҳада биздан кучли эканлигини исботлади ва биз уларни ғалаба билан табриклаймиз. Ўз навбатида кейинги ўйинларда мухлисларимизни ижобий натижалар билан қувонтиришга ҳаракат қиламиз.