Мавсум охирлашгани сайин олий лига жамоалари баҳслари тобора шиддатли тус олмоқда.
Миллий чемпионатимиз йигирма учинчи тур учрашувлари 24 ва 25 сентябрь куни ўтказилиши кўзда тутилган. Дастлабки куни бўладиган “Бунёдкор” — “Сўғдиёна” жамоалари учрашуви билан навбатдаги турга старт берилади. Қолган етти учрашув эса 25 сентябрда ўтказилади. Унда “Пахтакор” — “Металлург”, “Қўқон-1912” — “Қизилқум”, “Олмалиқ” — “Шўртан”, “Динамо” — “Нефтчи”, “Насаф” — “Навбаҳор”, “Андижон” — “Локомотив”, “Бухоро” — “Машъал” жуфтликлари ўзаро рўбарў келади.
Куни кеча Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ҳакамлар қўмитаси мазкур учрашувларда фаолият кўрсатадиган ҳакамлар гуруҳларини эълон қилди. Унга кўра, “Қўқон-1912” — “Қизилқум” жамоалари баҳсини тошкентлик, ФИФА рефериси Шерзод Қосимов бошқариб борадиган бўлди.
Унга ён қанотларда Алишер Усмонов (Тошкент), Андрей Цапенко (Тошкент вилояти) кўмаклашади.
Ёшлар лигаси учрашуви бош ҳаками ва асосий таркиблар захира ҳаками этиб, Бахтиёр Юлчараев (Гулистон) тайинланган.
Учрашув назоратчиси Игорь Нехочин эса қўшни Наманган шаҳридан ташриф буюради.
Учрашувни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси вакили В. Лёткин кузатиб боради.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мазкур ўйин Шерзод Қосимов учун бу йилги мавсумдаги “Қизилқум” жамоаси иштирокидаги иккинчи учрашув саналади. У биринчи даврада Навоийда кечган “Қизилқум” — “Андижон” баҳсини бошқарган ва унда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар лигаси учрашуви 24 сентябрь куни соат 16.00 да бошланса, “Қўқон-1912” — “Қизилқум” жамоалари асосий таркиблари ўйини эса 25 сентябрь, соат 16.30 да бошланади