Furkat.uz: Каталониянинг “Барселона” жамоасида бир қатор голландиялик футболчилар муваффақиятли тўп суришган. Биз ана шу футболчилар орасида энг яхши 8 таси ҳақида тўхталиб ўтамиз.
8. Жованни Ван Бронкхорст
Ван Бронкхорст 2003-2007 йиллар оралиғида Каталонияликлар шарафини ҳимоя қилиб 105 та учрашувда 5 та гол киритган. Жованни жамоаси билан икки мартадан мамлакат чемпионлиги ва суперкубогини қўлга киритди. Шунингдек бир бора Чемпионлар лигасида зафар қучди. 2007 йилда “Барса”да янгиланишлар содир бўла бошлади. Натижада футболчи ўз ватанига “Фейеноорд” клубига йўл олди.
7. Михаел Райцигер
Райцигер 1997 йилдан 2004 йилгача “Барселона” сафида ҳаракат қилди. У ана шу давр ичида клубнинг энг асосий ҳимоячиларидан бирига айланган эди. Афсуски ўша пайтларда “Барса” ўзининг омадсиз мавсумларини ўтказганди. Жамоа 1999 йилда чемпионликни нишонлаганидан кейин, секин-аста пастга қулаб бошлади ва фақатгина Райцигер жамоадан кетганидан сўнг ўзига келиб Европанинг энг кучли жамоасига айланди.
6. Франк де Бур
Франк 1999 йилнинг қишида “Аякс”дан “Барселона”га ўтди ва дебют мавсумидаёқ клуб билан Испания чемпионлигига эришди. Афсуски шундан сўнг клубнинг ишлари орқага кета бошлади. Де Бур Райцигердан бир йил олдин “Барса”ни тарк этди ва “Галатасарой” сафига бориб қўшилди. Ҳимоячи клуб таркибида 215 та ўйинда 15 та тўп киритган.
5. Йохан Неескенс
1974-1979 йилларда “Барса” либосида майдонга тушган Неескенс ўша пайтларда термадаги адаши Круифф билан ажойиб ўйинлари орқали мухлислар қалбидан ўрин олганди. Ярим ҳимоячи 5 мавсум давомида 40 га яқин голларга муаллифлик қилди ва клуб билан 2 та мусобақада чемпионликка сазовор бўлди.
4. Йохан Круифф
Круифф “Аякс” билан кетма-кет уч марта Европа Чемпионлар лигасида зафар қучгач, ўз манзилини Амстердамдан Барселонага кўчирди. Йохан 1973-1978 йиллар мобайнида Каталонияликлар шарафини ҳимоя қилиб 184 та ўйинда 63 та голга муаллифлик қилди. Афсуски у жамоавий совринларни қўлга киритишда оқсайди. Ҳужумчи 5 йилда бир мартадан Ла лига ва кубок баҳсларида чемпион бўлди холос. Круифф “Барса”даги фаолияти давомида 3 марта “Олтин тўп”га номзодлар сафига киритилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
3. Филипп Коку
Коку 1998-2004 йилларда Каталония суперклуби сафида тўп сурди. У 6 мавсум ичида 292 ўйинда 37 та тўп киритди ва клуб билан атиги бир марта Испания чемпиони бўлди.
2. Патрик Клюверт
Клюверт ҳам “Барса”даги голландлар даврида жамоа шарафини ҳимоя қилди. У 1998-2004 йилларда Каталонияликлар сафида 255 учрашувда 120 та голга муаллифлик қилди. Клюверт 1998-2003 йиллар давомида ватандошлари Райцигер, де Бур, Коку, Зенденлар билан бирга Луи ван Гал қўл остида ҳаракат қилди.
1. Роналд Куман
Куман 1989-1995 йиллар оралиғида Каталонияликлар таркибида тўп сурди. Ўшанда Круиффнинг “орзулар жамоаси”да тўп сурган футболчи қаторасига тўрт марта жамоаси билан биргаликда Ла Лигада чемпионликни тантана қилди. Шунингдек Куман 1992 йилда “Барса”нинг Чемпионлар лигасида муваффақият қозонишида ҳам катта ҳисса қўшди. Роналд 6 йил давомида 10 та жамоавий, 1 та шахсий совринларга эга чиқди ва 274 та ўйинда ўз ҳисобига 88 та гол ёздириб қўйди.
Фурқат Юсупов, Аср футболи газетаси