Криштиану Роналдунинг 500+1 та голи бўйлаб саёҳат. Хабарингиз бор, замонамизнинг бетакрор футболчиларидан бири - Криштиану Роналду ўтган ҳафта «Мальмё»га қарши кечган ЧЛ доирасидаги ўйинда 500та гол маррасини босиб ўтди. Яъни профессионал фаолияти давомидаги 500 ва 501-голларини нишонлади. Демак, эътироф ўрнида португалиялик юлдузнинг голлари хроникасини келтириб ўтамиз. Хўш, Роналду қайси мавсум кўпроқ гол урган? Қандай голлари салмоғи баланд? Ундан кимлар тез-тез жабр чекишади?
Вақт бўйича таҳлил
Ёш Криштиану катта футболдаги дебют голини бундан 13 йил муқаддам нишонлаганди. Аниқроқ айтсак, 2002 йилнинг 7 октябрь куни илк клуби - «Спортинг»нинг «Морейренсе» (Португалия чемпионати)га қарши ўйинида ўз номини таблога ёздириб қўйган. Умуман, 17 ёшли дебютант ўша ўйинда «дубль» қайд қилганди. Шундан буён Криштианунинг гол бўйича маҳсулдорлиги йилдан йилга тўхтовсиз ошди ва Испанияда юқори нуқтага қўтарилди.
«Спортинг» учун биринчи голи - 2002 йилнинг 7 октябрида «Морейренсе» дарвозасига
«МЮ» учун биринчи голи - 2003 йилнинг 1 ноябрида «Портсмут» дарвозасига
«Реал» учун биринчи голи - 2009 йилнинг 29 августида «Депортиво» дарвозасига
Португалия миллий жамоаси учун биринчи голи - 2004 йилнинг 12 июнида Греция термаси дарвозасига
2011|2012 ва 2014|2015 йиллар мавсуми Роналду учун энг самаралисидир. Португалиялик футболчи уларнинг ҳар иккисида «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси ўйинларида 66тадан гол ҳосил қилди. Профессионал футболдаги дебют мавсумида эса 5тагина гол урган ҳолда, ўзининг энг паст кўрсаткичини қайд этган. Умуман олганда, CR7 Мадридга кўчиб ўтганидан кейин маҳсулдорликни ақл бовар қилмас даражада кўтарди. Эътибор беринг, у «Реал»да 1та ўйинга ўртача ҳисобда 1тадан кўп, аниқ айтсак, 1,05та гол тўғриламоқда. Бу энди табиий мўъжизанинг ўзи!
Криштиану Роналдунинг голлари - мавсумлар бўйича
Жамоалар бўйича таҳлил
Криштиану хирмонида унинг биринчи клуби - «Спортинг»нинг улуши анча кам. Ҳарқалай, португалиялик голеадор Лиссабондаги ягона мавсумида 5та гол билан чекланган. Бу унинг жами голларидан атиги 1 фоизига тенг, холос. 11 фоиз голини эса, Португалия миллий жамоаси либосида нишонлаган. Умуман, Криштиану айни пайт ўз мамлакати бош жамоасининг деярли ҳар 2та ўйинидан бирида муваффақият қозонмоқда ва 55та гол билан унинг бош тўпурари бўлиб турибди. Биласиз, Криштиану Манчестерда 5 йил ўйнади. Бу вақтда АПЛ футболига тўла мослашиб, «МЮ»нинг чинакам етакчисига айланди. «Қизил иблислар» сафида 292та ўйинда қатнашиб, 118та гол ургани барчасига исбот. Хуллас, унинг голларидан 24 фоизи айнан «МЮ»га тегишли. Айтганча, футболчини юбилей 500-голи билан биринчилардан бўлиб, айнан манкунианлар табриклашдики, бундан ҳайратланиш шарт эмас. CR7 Англияда ҳар мавсум чамаси 20тадан гол ҳосил қиларди. Испания чемпионати эса Роналдуга идеал тарзда мос тушди. Яъни 2-3та гранд ва қолганлар ўртасидаги катта фарқ ҳамда ҳимояга совуқ муносабат португалияликнинг тўпурарлик қобилияти учун айни муддао бўлди. Хуллас, у 308та ўйинда 323та гол урди - шунчаки, фантастика! CR7 испан заминидаги ҳар мавсумда ўртача ҳисобда 53тадан гол «йиғмоқда». Шундай экан, умумий хирмонининг 64 фоизи «Реал» ҳиссасига тўғри келаётгани бежиз эмас.
Криштиану Роналду голлари - жамоалар бўйича
«Жабрланувчилар» бўйича таҳлил
Криштиану Роналду ўз голларининг ярмидан кўпини Испанияда урган экан, демак, унинг асосий «мижоз»лари айнан Пиреней яриморолидаги клублардир. Мутлақ «жабрланувчи» - бу «Севилья». Португалиялик шоввоз ушбу жамоага қарши деярли ҳар бир ўйинда унинг дарвозасини нишонга олган. Умумий ҳисобда айтсак, андалусияликлар Роналдудан нақ 21та гол қабул қилишган. Бу борада «Хетафе»нинг «улуши» сал озроқ - 18та. «Реал»нинг Ла-лига ва ЧЛдаги асосий рақиблари - «Барселона» ҳамда «Атлетико» клублари эса, Роналдудан тенг миқдорда «туҳфа» олишган - 15тадан гол.
Агар халқаро арена ўйинлари ҳақида гапирсак, немис клублари Криштианудан 11 марта жабр чекишган. Индивидуал даражада эса, «Аякс» чекига кўпроқ гол тўғри келади - 7та.
Криштиану Роналдунинг голлари -«Жабрдийдалар» бўйича
Ассистентлар бўйича таҳлил
Мадридда Криштиануни зарба йўлига чиқарувчи асосий футболчи - бу Карим Бензема. Қизиғи шуки, бошида французга бош тўпурар ҳужумчи, португалияликка эса, унинг ортидаги плеймеркер сифатида қаралганди. Бироқ статистика шуни кўрсатмоқдаги, барчаси тескари бўляпти. Эътиборлиси, Роналду ва Бензема «Реал»га бир вақтда келишган ва «Депортиво»га қарши баҳсда тенг дебют қилишганди. Ўшанда португал ўз ҳисобига гол ёзиб қўйган, француз эса йўқ. Муҳими, Карим ортда қолган шунча вақт давомида Криштианунинг нақ 31та голига ҳаммуаллифлик қилди. CR7нинг кейинчалик Англияга йўл олишган Месут Озил ва Анхель Ди Мария билан ҳамкорлиги ҳам анча самарали чиққан. «МЮ»да эса, CR7га тажрибали Райан Гиггз асосий шерик вазифасини ўтаган. Айни пайт Гарет Бэйлнинг «шериклик» бўйича статистикаси ҳам чакки эмас. Уэльслик қимматбаҳо футболчи атиги 2 мавсумда португалиялик «нархдоши»нинг 16та голига ассистент бўлди.
Криштиану Роналдунинг голлари - ассистентлар бўйича
Хилма-хиллик бўйича таҳлил
Кўп тарқалган фикрга қарши факт: Роналду голларидан ярмини «стандарт»дан урмайди. Аниқроқ айтсак, тахминан 25 фоиз голи стандарт вазиятлар самарасидир. Бунда пенальтининг улуши анча кўп - 126та голдан 81таси 11 метрли нуқтадан урилган. Умуман, айни пайт «Реал»да жарима зарбаларини ижро этишни истовчилар етарли. Роналду эса узоқ масофадан зарба бериб, нақ 38та гол тўплагани билан алоҳида мақтаниши мумкин. Лекин асосий «ризқи»ни барибир, рақиб жарима майдони ичидан топади. Хуллас, 67 фоиз голини айнан жарима чизиғи ичидаги самарали ҳаракатлари эвазига урган.
Роналду «Мальмё»га қарши ўйинда ҳам ўнг, ҳам чап оёғи билан гол урди. Лекин одатда асосан «жонажон» оёғини ишга солади. Чап оёқда зарба бериш устида қанча ишламанг, ўнг оёқ, барибир, ўнгда. Хуллас, CR7 ўзининг «олтин» ўнг оёғи билан нақ 326та гол «юмалатган». У шунингдек, боши билан ҳам кўп гол уради. Ҳарқалай, позицияси, гавдаси ва ўйин услубини ҳисобга олсак, бош билан 83та гол ҳосил қилгани шунчаки, ажойиб. Роналду бу борада айниқса, ўтган мавсум ўзини кўрсатди - 13та гол. Бунгача бош билан гол уриш бўйича энг яхши кўрсаткичи рдамида 7та голга тенг эди. 501та голдан 2таси эса, тана ёрдамида урилган.
Криштиану Роналду голлари - вазиятлар ва тана аъзолари бўйича
Айтганча...
Криштиану Роналдунинг фақат «Реал Мадрид» учун урган голлари сони 323тага етди (308та учрашувда). Шундай қилиб, CR7 Мадрид жамоасининг афсонаси - Рауль Гонсалесга тенглашди ва унинг энг яхши тўпурарига айланди. Эътиборлиси, у «Қироллик клуби»га ўтганидан буён «қаймоқранглилар»нинг нақ 40 фоиз голларига муаллифлик қилди. Роналду «Реал»даги 220та голини ўнг оёғида, 55тасини чап оёғида ва 47тасини боши билан урган. Нақ 60та голи - пенальтилар самараси, яна 20таси эса жарима зарбалариники. Бундан ташқари, 1тасини танаси (қўли) ёрдамида «Атлетико» дарвозасига урган.
Эътироф
- «Реал» Криштиануни ҳамиша яхши кўради ва ҳурмат қилади. У 2009 йили клубга келганидан бери жуда кўп меҳнат қилди. Тан олиш керак, «Реал»нинг муваффақиятларида Роналдунинг ҳиссаси катта. У ўз рекордлари билан «Қироллик клуби»нинг барча буюк футболчиларини ортда қолдиришга эришди. Хуллас, Криштиану клубнинг афсонасига айланиб улгурди. Уни алоҳида табриклайман. Дунёнинг энг яхши футболчиси «Реал»нинг энг яхши тўпурарига айланди». Флорентино Перес («Реал» президенти).