Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Терма жамоа билан бир кун

Баҳо:
+ | -

Муҳим ўйинга тайёргарлик кўраётган жамоадан интервью олиш - анча машаққатли юмуш. Гап мамлакат бош жамоаси ҳақида бораркан, икки баробар кўпроқ куч сарфлашингиз турган гап. Баҳрайнга қарши кечадиган ўйин олдидан футболчиларимиз билан мулоқот қилиш осон кечмади. Терма жамоа матбуот котиби ва маъмури ёрдам бермаган вақтда энг тўғри қарор бевосита бош мураббийнинг ўзига мурожаат қилиш бўлса керак. Фақат Самвел Бабаянга қўнғироқ қилиш орқалигина узоқ кутилган жавобни олдик. Термамиз устози таклифимизга тезда ижобий жавоб қайтарди: «Тушликдан сўнг футболчиларда бўш вақт топилади, ўшанда гаплашишингиз мумкин. Фақат кўп ушланиб қолишмасин, кун тартиби бўйича кечки машғулот олдидан бироз дам олишлари керак».

ИНТЕРВЬЮ ОЛДИДАН

Айтилган вақтда меҳмонхонага етиб келганимизда, терма жамоа аъзолари энди тушлик қилиб бўлишган экан. Бизни Самвел Бабаяннинг ўзи кутиб олди ва интервью ташкил этишда ёрдам бериш вазифасини жамоа маъмури Виталий Жалиловга топширди. Шу заҳоти енгил тин олдик. Бош мураббий топшириқ бергач, интервью масаласида ортиқча муаммо туғилмаслиги аниқ. Терма жамоа маъмури керакли футболчиларни жамлагунга қадар бош мураббий билан бироз мулоқот уюштирдик.

- Самвел Вячеславович, тайёргарлик яхши кетяптими, муаммолар йўқми?

- Ёмон эмас, ҳаммаси режадагидек. Фақат бир муаммо - Виталий Денисов ўйнай олмаса керак. Шунисидан хавотирдамиз.

- Жароҳати ҳали тузалмаганми?

- Шундай. «Амкар»­га қарши ўйнади, аммо 75-дақиқада алмаштирилди. Кўрамиз, бу ёғи нима бўлар экан. Ҳар қандай вазиятда ҳам, унинг ўрнини боса оладиган футболчиларимиз бор.

- Қолганларда жароҳат йўқми? Одил Аҳмедовнинг аҳволи қандай?

- Бахтимизга қолганларнинг ҳолати яхши. Одил майдонга туша олади.

Суҳбат шу ерга етганида интервью учун ҳамма нарса тайёрлигини айтишди. Самвел Бабаянга омад тилаган ҳолда илиқ хайрлашдик. Бу ёғига мураббийга омад жуда асқотиши турган гап - олдинда қийин ўйин кутиб турибди. Баҳрайн - жиддий ва ноқулай рақиб. Ҳатто ҳозиргидек кучсизланган ҳолатда ҳам...

 

АЗИЗ ҲАЙДАРОВ

Футболчилар билан мулоқотни 7-рақам эгаси билан кўришишдан бошладик. Ортиқча мулозаматсиз айтиш мумкин - Ҳайдаров ўз позициясида нафақат юртимиз, балки Осиёнинг энг кучли футболчиларидан бири. Акс ҳолда, «Ал-Шабаб» шунча Жанубий америкалик ва европалик легионерлар турганда, у билан янги шартнома имзолармиди? Азиз билан суҳбатимиз Баҳрайн мавзусига бориб тақалди. Яқин вақтлар ичида у билан интервью ташкил этишни ҳам режалаштирганмиз. Терма жамоа навбатдаги ўйинни ҳам ютаверсин, қолгани бир гап бўлар...

- Ҳозир шундай ҳолатдамизки, Баҳрайн тугул бошқа жамоани ҳам мағлубиятга учратишимиз шарт, - деди Азиз Ҳайдаров суҳбат бошида. - Бизни бошқа ҳеч қандай натижа қаноатлантирмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уч очко олиш шарт, бу вазифани бажаришга тайёрмиз. Терма жамоа либосини кийдингми, шу юрт байроғи остида майдонга  тушяпсанми, фақат ғалаба учун ўйнашинг керак.

- Терма жамоадаги бошқа футболчиларнинг ҳам кайфиятлари шундай аъломи?

- Албатта! Тўғри, баъзан муаммолар энг яхши ўйинни намойиш этишга тўсқинлик қилади. Аммо терма жамоада булар унутилиши шарт. Бош жамоа сафига қўшилдингми, ортиқча ўй-хаёл ва муаммоларни эшикдан нарига ташлаб,  фақат ғалаба ҳақида ўйлаш лозим.

- Баҳрайнда кучли рақибдан таш­қа­­­­ри, ўта ноқулай об-ҳаво ҳам кутиб турибди. Аммо сизни иссиқ ва намгарчилик билан қўрқитиб бўлмайди, ҳар ҳолда, узоқ вақтдан буён БАА чемпионатида ўйнаяпсиз. Баҳрайндаги ўйинда жамоадошларингизга қандай маслаҳат берасиз?

- Биз Баҳрайн билан яхши танишмиз, у ерда қандай иқлим ҳукм суришидан хабардормиз. Бундай шароитда нималарга эътибор бериш керак? Тўғри айтдингиз, мен анчадан буён БААда ўйнайман ва ўтган вақт давомида иссиқ иқлимда тўп суришга анча кўникдим. Бундай шароитда кучни тежай олиш керак. Футбол 90 дақиқа ўйналади ва қувватни шунга мос равишда сарфлаш лозим. Бундай паллада тўпга эгалик қилиш муҳим. Ташаббус қўлга киритилса, ўйинни назорат қилиш осонлашади. Футболда тўпсиз ўйнаган жамоа кўпроқ югуради ва тезроқ чарчайди. Имкон қадар тўпсиз қолмасликка интилиш лозим. Чунки тўпни назорат қилишдан кўра, прессинг ташкил этишга ортиқча куч сарфланади. Демак, биз эмас, араблар кўпроқ югуриши лозим.

- Машғулотлар қандай кечмоқда? Футболчи сифатида шахсан ўзингизнинг кўнглингиз тўляптими?

- Ҳаммаси яхши. Нолимаймиз, имкон қадар тайёрланишга ҳаракат қиляпмиз. Мураббийлар керакли кўрсатмаларни беришяпти. Насиб қилса, Баҳрайндан ғалаба билан қайтамиз...

 

ИГОРЬ СЕРГЕЕВ

Азиз билан суҳбатимизнинг сўнгги қисмида Игорь ҳам қатнашди. Аммо ҳужумчи кўп гапирмади, ҳозир у эшитадиган ёшда. Шу сабабли, суҳбатимизни жим ҳолда тинглади. Терма жамоадаги муҳитнинг яхшилигига шундан ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин. Азиз Ҳайдаровнинг интервьюси якунига етганига ишонч ҳосил қилгачгина саволларимизга жавоб беришга рози бўлди.

- Игорь, аввало кутиб турганингиз учун раҳмат. Биринчи савол анъанавий тусга эга: - Баҳрайнга қарши кечадиган ўйинга тайёргарлик қандай давом этмоқда? Қийинчиликлар йўқми?

- Ҳаммаси жойида. Бу ўйин биз учун қай даражада аҳамиятга эга эканини биламиз. Шунга яраша тайёргарлик кўрилмоқда. Мураббийлар қандай ўйнаш кераклигини тушунтирмоқдалар. Насиб қилса, муваффақият қозонамиз.

- Рақиб ҳақида нима дея оласиз? Ҳар ҳолда, Баҳрайннинг - бизга ноқулайлик туғдиришига кўникканмиз...

- Баҳрайн - араб жамоаси, улар билан аввал ҳам ўйнаганмиз. Араб футболчиларига ўз ўйинини кўрсатиш имконини берсангиз, «Барселона»дек ҳаракат қилишади. Акс ҳолда, тезда «сочилиб» кетадилар. Биз айнан шунга эришишимиз лозим. Бунинг учун мураббийлардан керакли кўрсатмаларни оляпмиз.

- Ноқулай иқлимдан чўчимаяпсизми? У ердаги иссиқ ва намгарчилик қандай эканидан хабардорсиз...

- Бундай шароитда биринчи марта ўйнамаяпмиз-ку! Албатта, бизни қандай иқлим кутиб турганини яхши биламиз. Бизда ҳозир анча салқин тушиб қолган, Баҳрайнда эса аксинча, жазирама иссиқ ва кучли намгарчилик ҳукмрон. Аммо биз бунга тайёрмиз, чунки ишимиз шу. Спортни танладингми, турли ноқулайликларга ҳам шай туриш керак. Насиб қилса, Баҳрайндан ғалаба билан қайтамиз. Терма жамоадаги кайфият аъло, ҳамма яхлит бир кучга айланган.

 

АЛЕКСАНДР ЛОБАНОВ

«Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси посбони ёнимизга илиқ табассум билан келди. Умуман, бу йигит ўзидаги яхши кайфиятни суҳбатдошига ҳам юқтира олиш хислатига эгалиги кўриниб турибди. Бир зумда интервьюдаги расмиятчилик қаёққадир йўқолди. Александр билан суҳбатимиз анча дўстона руҳда ўтганини таъкидлаш жоиз.

- Булар қувватлантирувчи ичимликлар, машғулотлар вақтида қўл келади, -  дея қўлидаги ичимликлар солинган елимхалтага ишора қилди дарвозабон. - Ҳозир футболда бундай нарсалардан фойдаланиш урфга айланган.

- Машғулотлар қийин кечмаяптими, ҳар ҳолда, мавсум охирлаб бормоқда, футболчилар чарчашган.

- Қийинчилик йўқ, масъулиятли ўйинга қанча тайёргарлик кўриш керак бўлса, шундай тайёрланяпмиз. Кишини ҳолдан тойдирадиган ортиқча  оғирлик - «нагрузка» кузатилмаяпти.  Ҳаммаси ўзимиз кўниккан машқлар.

- Баҳрайн жуда инжиқ рақиб.  Уларни шу қадар узоқ вақт давомида мағлуб эта олмаганмизки, ҳатто қандайдир даврийлик, ёмон анъана ва ҳадик пайдо бўлгандек. Терма жамоанинг янги аъзоси сифатида сиз ҳам буни ҳис қиляпсизми?

- Ҳаммаси жойида. Ўзбекистон миллий терма жамоасимиз ва бизнинг олдимизга рақибни мағлуб этиш вазифаси қўйилган. Агар улардан чўчисак, қандай қилиб ғалаба қозонамиз? Ҳозир терма жамоадаги кайфият жанговар, ҳамма майдонга тушишга шай. Баҳрайн тугул Австралия ёки Япония бўлмайдими, барчасини мағлуб этишга кучимиз етади. Бизга уч очко жуда муҳим ва уни қўлга киритишга шаймиз.

- Иқлим ҳақида нима дея оласиз? Ҳар ҳолда, бундай иссиқда ўйнашга кўникмагансиз?

- Ҳечқиси йўқ, амаллаймиз. Ана, Филиппин билан ҳам ўйнадик-ку! У ердаги иқлим ҳам биз учун жуда қулай эмасди, аммо ғалаба қозонишни уддаладик. Бу сафар ҳам шундай бўлишига ишонаман. Энг муҳими - биз у ерга икки кун олдин етиб борамиз. Иссиқ об-ҳавога кўникиш қийинчилик туғдиради. Вақт ўтгач, ҳаммаси жойига тушади.

- Янги иқлимга мослашиш учун икки кун етарли бўлармикан?

- Ҳа, албатта. Аввалдан шундай ўйнаганмиз. Нафақат биз, балки бош-қа термалар  ҳам ўйинга икки кун қолганда етиб боришади. Биз ҳам шунга амал қиламиз. Хавотир олманг, насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади.

АБДУЛЛОҲ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:47, 08.10.2015.
Ўқилди: 5605 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.