Якшанба куни дўстлар билан тўпланадиган одатимиз бор, гап-гаштак дегандек. Турли ёшдаги йигитларни бирлаштириб турувчи нарса – футбол. Ҳамма ўзича қайсидир клуб ишқибози. Фанатлар!
Ўтган ҳафта энг ашаддийсиникига бордик. “Юве” мухлиси! Ёшлигидан. Жонини бериб юборадиган даражада мухлислик қилади. Уйига борган маҳалим соат 16:30лар эди. Ҳали меҳмонлар келмаган, қозонга энди-энди овқат осилаётган эди. Менинг келганимни кўрдию, дарҳол уй ичига чорлади. Тезроқ, тезроқ, деди. Нимайкан, деб кирдим шошиб. Каттагина зал, тўрида осиғлиқ телевизор. “Нтв+” каналида А серия ўйини бўляпти. “Ювентус” эмас, бошқалар. Ҳайрон бўлиб, “Туринтус эмас-ку!” дедим.
– “Интер”, деди у, – афсус, ютяпти. “Кьево”га ён босиб ўтирувдим!
Кулдим, унинг муддаоси тушунарли эди. Сўнгги ўринга тушиб кетган Турин жамоасига чемпионлик борасида энг асосий рақиб бу йили “Интер” бўлишига шаъма эди бу. Хуллас, ўйин Милан шаҳри жамоасининг ғалабаси билан тугади. Шундан сўнг, ўтириш давомида “Ювентус” иштирокидаги баҳснинг ҳам гувоҳи бўлдик. Поль Погбанинг ажойиб ўйини эвазига “Юве” муваффақиятга эришганидан хабарингиз бор. Мен айтмоқчи бўлган масала айнан шу ўйиндан кейинга бориб тақалади. Ҳалиги дўстимиз шу қадар меҳмоннавозлик қилдики, асти қўяверинг. Охирги пайтларда уни бу қадар хурсанд ҳолда кўрмаган эдим. Иккита ўғилчаси бор, улар ҳам тинмай хизмат қилиб, ҳамманинг кўнглини олишди. Ўйлаб қарасам, ҳамма-ҳаммасига “Ювентус”нинг ғалабаси сабаб эди. Кетаётганимизда “Ювентус”га раҳмат-е, ғалабаси файз улашдия!” деб кулиб қўйдим. У эса меҳмонларни мамнуният ила кузатарди. Кўзларида шодлик ифори уфуриб турарди.
Ҳа, ўзбекистонлик аксар мухлисларнинг кайфияти Европа клублари иштирокига боғлиқ бўлиб қолган ҳозир. Ижтимоий тармоқда ҳам ўзбек клубларидан кўра кўҳна қитъа жамоалари кўпроқ таҳлил қилинади. Қий-чув жанжалларнинг ҳам бош сабабчиси ўша “Реал”у “Барса”лар, ўша “Юве”ю “Рома”лар, ўша МЮю МСлар. Бу ҳолатнинг вужудга келишига авваламбор Европа жамоаларининг ажойиб савияси бош омил бўлса, кейинги сабабчилар, аниқроғи айбдорлар – ўзбек клубларидир! Ҳа, олий лигамизнинг секинюрар поездларидир! Ўзингда барчаси аниқ бўлгандан кейин, бошқа қизиқарли юмуш топасан-да, тўғрими? Вадим Абрамов ҳам – майли, аслида пичинг аралаш айтган бўлса-да – мавсум тугашига тўққиз тур қолганида асосий рақибининг чемпионлиги билан табрикламоқда. Рус тилининг нозик жиҳатларини илғамаган рақиб жамоа вакиллари эса бу “табрик”ка миннатдорчилик мактубини битмоқдалар. Савиянгдан ўргилиблар кетай, а, шунчалик ҳам бўладими?
Мана миллий чемпионатимиз аҳволи! Стадионга ташриф буюришни-ку, гапирмаса ҳам бўлар. Пешқадамлар ўртасидаги кураш мавсумнинг ярмидан ўтиши биланоқ тўхтаб қолгандек. Ким чемпионлигини гўёки ҳамма билгич. Бўлди! Тамом! Буёғига кўриб нима қиламиз, дейди ҳар қандай мухлис.
Йўқ, мен ҳозир миллий чемпионатимиз савияси ҳақида айюханнос урмоқчи эмасман. Бу жиҳатга тўхталганимнинг бошқа сабаби бор – терма жамоа! Терма жамоа манфаати, деган нарса ҳақида гапирмоқчиман. Бу гап олийжаноб гап, тўғри, тан оламиз. Аммо бирлашиш деганда, клублар манфаати иккинчи даражага туширилишининг ҳисобига бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Вадим Абрамов “Локо” бош мураббийи сифатида ўз муаммоларини терма жамоага ёзғирди. Менимча, бу табиий ҳол. Бутун дунёда бор нарса. Олдин “Реал”, кейин эса Испания термаси бош мураббийи бўлган Дель Боскенинг олдинги ва кейинги интервьюларини ўқинг, бу ҳолатнинг беш баттарини топасиз. Лекин бизда бу дарҳол қоралаб ташланди. Терма жамоага тил теккизиш мумкин эмас, дедилар. Ҳай, розимиз. Бироқ, шу терма жамоа деганлари клублар кучайишига боғлиқ эмасми? Вадим Абрамовни ҳимоя қилмоқчи эмасман, исталган мураббий шу гапни айтганида, тўғри тушуниб кетишимиз кераклигини айтмоқчиман, холос. Тушундим. “Бир пайтлар у ҳам термага бош мураббий бўлган, ўшанда шунақа демаганку”, демоқчисиз. У ўшанда терма жамоага бош бўлгани учун термасига жавоб берган – бўлди! Ҳозир ҳам Бабаяннинг терма жамоа манфаати учун айтаётган ҳар бир гапини тўғри, деб ҳисоблайман. Айтаверсин гапини. Оғзини беркитиб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Бироқ, бир клубда фаолият олиб бораётган мураббий эркин фикр билдираётган алфозда, унинг оғзини ҳам ёпишга уринмаслигимиз керак. Айтсин, клубининг манфаати йўлида борини берсин. Унинг гапларини таҳлил қилиб кўрайликки, балким бошқа сабаблари бордир, деб. Яхшилаб қарасак, бошқа сабабларини ҳам кўрамиз.
Моуриньо Костани ҳимоя қилди ўтган ҳафта. Мессининг пенальтидан гол ура олмаганини оқлади “Барса” мураббийи. Роналдунинг муғомбирлигини оддий ҳол деб баҳолади Бенитес. Бунинг нимаси ёмон? Клубининг манфаати бор, шу манфаатларнинг ҳимояси шарофатидан кучаяди ҳар қандай жамоа. Бизда эса манзара бутунлай бошқача. Ичидагини гапирадиган одамни ҳар турли йўллар билан номардга чиқариш… ҳай, бу ишингиз кетмабди, азизлар!
Айтиб қўяй, қачон клубларимиз савияси ошади, профессионал йўналишга ўтади, ўшандагина миллий чемпионатимиздаги кураш жиддийлашади. Миллий чемпионатимиз оёққа туриб олмагунча, терма жамоа ҳам оқсоқланиб юраверади. Аслида, Вадим Абрамовнинг ўз клуби шаъни учун ёнаётганлиги замирида терма жамоа манфаати ҳам ётибди. Буни оқил нигоҳли кимсалар англайдилар.
Мақолани тугатмоқчиман. Чунки муаммолар гирдоби одамни бошқа ўзанлар томон ҳам олиб кетади. Бир саҳифага сиғдириб бўлмайди уларни. Дарвоқе, бу ҳафта ҳам ўтиришимиз бор. Бизни меҳмон қиладиган дўстимиз – “Арсенал” мухлиси! Ишқилиб, лондонликлар ҳам одамга ўхшаб ўйнашни бошласин-да, акс ҳолда, тумшуғи осилган мезбонни кўрсам, асабларим ўйнайди!