Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Орол» нега «қурияпти»?

Баҳо:
+ | -

Бир вақтлари Қорақалпоғистон футболи юртимизда юқори нуфузга эга эди. «Орол» жамоаси эса олий лигада исталган рақибга бошоғриқ бўлар, қолаверса, иқтидорлар етказиб бериши билан ҳам ном қозонганди. Тўғри, бу ўлкада ҳамон  кўплаб истеъдодлар кашф этилмоқда - Азамат Алланиёзов, Наврўз Алимов, Ойбек Нурбоев, Саламат Қуттибаев... Аммо ҳамма гап шундаки, бу футболчилар учун энди «Орол»да эмас, балки бош­қа жамоаларда ўйнаш афзалроқ. Нукус клуби ўз номига ҳамоҳанг тарзда «қуримоқда». Айни вақтда жамоа биринчи лигада 15-ўринни эгаллаб турибди. Мағлубиятлар гирдобида қолган клубда юзага келган инқироз сабабларини аниқлаш мақсадида «Орол» ПФК директори Бегдияр Аллаяров билан кўришиб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик. Мутасадди  суҳбат давомида ЎФФ ва ПФЛ  раҳбариятидан клубдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий ёрдам сўраш мақсадида Тошкентга ташриф буюрганини айтди.

- Бегдияр ака, «Орол»дек клубнинг бундай аянчли аҳволга тушиб қолишига сабаб нима? Мавжуд маълумотларга қараганда, жамоа молия­вий масалада оқсаётган экан.

- Тўғри, биринчи нав­батда, айнан иқтисодий муаммолар бизга халал беряпти. Футболчиларга анчадан буён маош тўлолмаяпмиз. Чунки клуб ҳисоб-рақамида пул йўқ. Ёрдам бериши лозим бўлган ташкилотлар эса ҳозирча сукут сақлашяпти.

- Футболчилар қанчадан буён маош олишмаяпти?

- «Орол» ПФК директори сифатида 2015 йилнинг апрель ойидан буён фаолият юритяпман. Раҳбарликка тайинланганимдан то ҳозирга қадар бирор марта футболчи ва мураббийларга маош беролмадик.

- Сир эмаски, айни дамда клубларимизнинг деярли барчаси ҳомий ташкилотлар қарамоғида. Наҳотки, бутун бошли Қорақалпоғистонда «Орол»­га ёрдам бера оладиганлар топилмаса?

- Бор, албатта. 2015 йилнинг 26 май санасида Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими Васийлик кенгаши мажлисининг баёни чиқди. Унга кўра, «Орол» ПФКнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантириш асосий мақсад сифатида белгиланди. Натижада, клубга ҳомийлик қилиш вазифаси 49та корхона ва ташкилот зиммасига юклатилди. Ушбу муассасалар 805 миллион сўм миқдоридаги маблағни клуб ҳисобига ўтказиб беришлари лозим эди. Аммо бу гаплар ўз чиройини қоғозда сақлаб қолди, холос. Клуб бир сўм ҳам олмади. Мазкур масалада етарлича муаммолар бор, аммо ҳозирча уларни тилга олишни истамайман. Тошкентга келиб, ПФЛ директори Фарҳод Магометов билан учрашдим. У клубимизга ёрдам беришни ваъда қилди. Шундай экан, ҳозирча кутиб турганимиз маъқул. Умид қиламанки, яқин вақтлар ичида «Орол»да ижобий ўзгаришлар рўй беради.

- Ҳозирда клуб бош мураббийлиги яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири Неъматилла Қуттибоев зиммасида. Унинг ишига қандай баҳо берасиз?

- «Орол» айнан шу тоифа футболчиларнинг фидойилиги эвазига ўйнашда давом этмоқда. Неъматилла клуб учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. У туманлардан иқтидорларни излаб топиб, жамоага олиб келмоқда. Афсуски, ҳозирги шароитимиз бу иқтидорларни тарбиялаб, профессионал футболчи қилиб етказиш учун камлик қилади. Ўзингиз ўйланг, туманлардан келаётган футболчиларнинг ҳатто ётоқхона билан ҳам таъминланмаётганини қандай баҳолаш мумкин? Биз уларнинг машғулотга қатнашлари учун йўлкира ҳақини ҳам беролмаймиз. Харажатларни оила аъзоларидан олган пуллари эвазига қоплашади. Натижа ижобий тус олмаса, футболчиларни маблағ билан таъминлаётган ота-оналари, акаларининг ҳам тоқати тоқ бўлиши тайин. Қанчадан-қанча иқтидорларнинг иложсизлик туфайли футболни ташлаб кетишаётгани ачинарли, албатта. Неъматилла қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Ишонсангиз, туманлардан келган икки футболчи бир неча ой давомида унинг уйида яшашди. Меҳмонхонага фақат ўтган ой учун пул ўтказилганди, аммо бу маблағ тугади. Энди бошпана ҳам муаммо. Мана шундай шароитда ишлаяпмиз.

- Клубда спорт жиҳозлари етарлими?

- Бешта тўпимиз бор эди, ундан ҳозир фақат учтаси қолган. Коллежга қарашли майдонда ўйнаяпмиз. Мавсум бошида бир комплект оқ рангдаги либос харид қилганмиз, ўшани авайлаб-асраб ишлатяпмиз. Мабодо бош-қа рангдаги футболка кийиш зарурати туғилса, ўтган йилгиларидан фойдаланамиз...

- Клуб раҳбари сифатида вазиятни ўнглаш учун қандай чоралар кўр­япсиз?

- Мана, кўриб турганингиздек, юқори ташкилотларга мурожаат этиш учун Тошкентга келдим. Бунга қадар ўзимизда олиб борилган ишлардан наф чиқмади. Боя айтганимдек, ПФЛ директори Фарҳод Магометов қўлидан келган барча ишни амалга оширишни ваъда қилди. Ҳозирча шунга умид қилиб турибмиз. «Орол»нинг йиллик абонементларини Қорақалпоғистон футбол федерацияси 90 миллион сўм эвазига сотган экан. Ушбу маблағнинг маълум қисмини футболчилар маошига сарфланса, мақсадга мувофиқ бўлармиди... Бу борадаги қарздорлик ҳозир салкам 44 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Биринчи галдаги масала - айнан ўйинчилар маошини тўлаш. Қолгани билан кейин шуғулланаверамиз...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:25, 27.10.2015.
Ўқилди: 3846 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.