“Бунёдкор” – “Андижон” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “қалдирғочлар” устози Бахтиёр Бобоев иштирок этди.
- Учрашувнинг биринчи бўлими биз учун қийин кечди. Ўйинолди режаларимиз дастлабки бўлимда ўхшамади. Менга “Андижон” жамоаси ёқди. Улар яхши ҳаракат қилишди. Ҳатто танаффусга чиқиш пайтида хавотирга ҳам тушгандим. Бироқ иккинчи бўлимда ўзимизга келдик ва керакли натижани қўлга киритдик. “Андижон” марказий ҳимояда зичлик ташкил этгани боис, ўзимизни ўзгартириб, қанотлардан ҳужумлар уюштириш режасига ўтдик. Бу эса самара берди. Ҳали яна ўйинлар бор. Мавсум охиригача яхши вазиятда ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Самир Бекрич жуда маҳоратли ва тажрибали футболчи. Бироқ у ўйнайдиган позицияда тўп тепаётган бошқа футболчилар бизни қониқтирмоқда. Шунингдек, келажак учун бу жойга ёш футболчиларга имкон беряпмиз. Бугун клубимизнинг чемпионат доирасидаги 500-юбилей голини урганлиги билан Достонбек Ҳамдамовни табриклайман, - дейди Бахтиёр Мелиевич.