Якунланган ҳафтада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг хориж клубларида фаолият олиб бораётган легионер футболчилари маҳаллий чемпионатлар доирасидаги ўйинларда иштирок этди.
Хитой
Хитой Суперлигасида чемпионатнинг сўнгги — 30-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоилов фаолият олиб бораётган “Чанчун Ятай” жамоаси “Гуйчжоу Жэньхэ” майдонига сафар уюштирди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувда Анзур Исмоилов одатдагидек бошланғич таркибда майдонга чиқди ва тўлиқ 90 дақиқа ўйнади.
Мазкур дурангдан сўнг “Чанчун Ятай” ҳисобидаги очколар сони 35 тага етди ва жамоа мусобақа жадвалининг 8-поғонасида турнирни якунлади.
Украина
Украина чемпионатининг 12-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов тўп сурадиган Полтаванинг “Ворскла” клуби меҳмонда “Александрия” жамоасига қарши майдонга тушди. Учрашув1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.
Ўзбекистонлик футболчи Санжар Турсунов баҳсни бошланғич таркибда бошлаб, 77 дақиқа майдонда тўп сурди. Учрашувда Турсунов ҳакам томонидан огоҳлантириш олди. Ўтказилган 12 турдан кейин “Ворскла” турнир жадвалининг 5-ўринида бормоқда.
Россия
Россия чемпионатининг 14-туридан ўрин олган “Крилья Советов” ҳамда “Краснодар” клублари ўзаро тўқнаш келиб, унда 0:4 ҳисоби қайд этилди ва краснодарликларнинг ғалабаси билан якунланди. Учрашувда голларни Мамаев, Смолов, Мамаев ва Ари киритди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов 90 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди.
Ушбу тур доирасидаги бошқа бир ўйинда Москванинг “Локомотив” клуби “Кубань” уйига сафар уюштириб, йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Ўйида 6:2 ҳисоби қайд этилди. Ўзбекистон миллий терма жамоа ҳимоячиси Виталий Денисов учрашувни асосий таркибда бошлаб, уни тўлиқ ўтказди.