Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқчи доирасида 12 ноябрь куни КХДРга ва 17 ноябрда Яманга қарши бўлиб ўтадиган ўйинлар олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ўз фикрларини билдириб зтди.
“Энг аввало, миллий терма жамоага чақирув олганимдан хурсанд эканлигимни билдириб кетмоқчиман”, — дея сўз бошлади Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги энг ёш футболчилардан бири.
“Олдимизда турган Шимолий Корея ва Яман терма жамоаларига қарши икки ўйинга тайёргарлик жараёнини ҳам бошлаб юбордик. Ҳамманинг кайфияти аъло даражада. Бўлажак ҳар икки учрашувда ҳам ғалаба қозонамиз деган умиддаман”, — дейди Тошкентнинг “Бунёдкор” клубида фаолият олиб бораётган истеъдодли ҳужумчи.
КХДР терма жамоасини ўрганиш борасида тўхталар экан, миллий терма жамоа сафида икки бора майдонга тушишга улгурган 20 ёшли ҳужумчи шундай деди: “Албатта, рақибнинг ҳар бир футболчиси ҳақида имкон қадар бизга маълумот бериляпти. Улар иштирокидаги ўйинлар видеоларини ҳам кўриб чиқяпмиз. Айтишим мумкинки, уларда жамоавий ўйин жуда яхши йўлга қўйилган. Мураббийларимиз уларга қарши тўғри тактика танлашларига ва оқибатда биз ўйинда ғалаба қозонишимизга ишонаман”.