Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Футбол, мухлис ва шарҳловчи

Баҳо:
+ | -

Футбол - спорт ўйинлари ичида энг оммабоп спорт тури саналади. Республикамиз аҳолисининг кўпчилиги футбол ўйинининг ашаддий ишқибози. Улар миллий жамоаларимизнинг ўзаро ва хориж жамоалари билан ўтказиладиган ўйинларини бевосита стадионга келиб томоша қилишса, Европа ва жаҳон чемпионатлари ҳамда бошқа халқаро ўйинларни телевидение орқали катта қизиқиш билан кўриб боришади. Футбол ўйинининг қизиқарли ўтиши спорт шарҳловчиларининг ўйинни жонли, таъсирчан ва юқори кайфиятда олиб боришига ҳам боғлиқ. Айрим спорт шарҳловчилари миллий жамоаларимиз хориж жамоалари билан ўйнаганда, ҳар қандай вазиятда ҳам, ўйинчиларимизга ён босишлари, уларни курашга чорлаши таҳсинга сазовор. Лекин баъзи ўйинларда ҳаддан ташқари «лирик» чекиниш қилишлари, унчалик аҳамиятга эга бўлмаган маълумотларни кўплаб келтиришлари, баъзан рақибимиз бўлган хориж жамоаларининг ўйиндаги устунликларини тан олмаслик, ҳакамни нотўғри қарор қабул қилганликда айблаш каби жиҳатлар, бизнингча, мақбул эмас. Шарҳловчи қанчалик бетараф ва холис бўлса, томошабиннинг ўйинга қизиқиши шунчалик ортади. Чунки футбол мухлисларининг асосий мақсади профессионал даражадаги футболни кўриш, ўйинчиларнинг маҳоратидан завқланиш ва ниҳоят, ўзлари ишқибозлик қиладиган жамоаларнинг ютиб чиқишига умид ва ишонч билан ўйинни кузатиб бориш.

Шарҳловчи Мурод Ризаев ўйинни жуда босиқ, вазмин тарзда шарҳлаб боради. Унинг жараёнда ҳиссиётга жуда ҳам берилиб кетмаслиги, баъзан ўйинчилар ўйин қоидасини бузишса ва ҳакамлар бунга эътибор қаратишмаса, улар хатоликка йўл қў­йишганини ҳам назардан қочирмаслиги, футболни кузатиб бораётган мухлиснинг диққатини жалб қилади. Афсуски, «йўқ» сўзи ва «ҳа, ҳаммаси тушунарли» иборасини бир спорт кўрсатувининг ўзидагина камида 5-6 марта қўллаш Мурод Ризаев учун одатий ҳолга айланган. Қолаверса, «йўқ» сўзидан урғуни «ў» товушига эмас, «қ» товушига тушириши нотўғри.

Шарҳловчи Зафар Имомхўжаев ва бошқа айрим ёш шарҳловчилар «ҳужумни кучайтириш» ўрнига, «ҳужумни ривожлантириш» иборасини тез-тез қўллашади. Масалан, «Жасур ҳужумни ривожлантира олмади», «ҳужумни ривожлантиришмоқда». Бизнингча, шарҳловчи «ҳимояни мустаҳкамлаб, ҳужумга зўр бериши керак», «ҳужумни кучайтириш зарур», деб айтиши лозим. «10 дақиқа туриб бериш талаб этилади». «Туриб бериш» дейиш эса мантиқан нотўғри.

Кўпгина спорт шарҳловчиларимиз «тўп билан таъминланди», «зафар қучилди» сингари ибораларни рус тилидан сўзма-сўз таржима қилиб ўзлаштириб олишган. Аслида тўпни узатди, зафар қучишди дейилса тўғри бўлади. Ўз фикрини содда, таъсирчан ва ихчам иборалар билан шарҳлаб бориш нутқнинг асосий мезони бўлиши зарур.

«Чиройли футбол кўрсатиш учун барча нарса муҳайё», - дейишади баъзи шарҳловчиларимиз. «Футбол кўрсатиш учун» эмас, «футбол ўйинини кўрсатиш учун», дейилса мақсадга мувофиқ. Айримлари нутқида эса «демак» сўзи кетма-кет бир неча марта қайтарилади.

Ўйин якунида «умид қиламизки, жамоа янги мавсумда янги таркиб билан майдонга тушади», деган сўзларни ҳам тез-тез эшитамиз. Ахир мағлубиятдан сўнг, жамоа раҳбарияти янги мавсумда янги ўйинчилар билан жамоани кучайтиришга ҳаракат қилиши табиий-ку. Шарҳловчи «жамоа янги мавсумда, янги таркиб билан майдонга тушиб, ўз мухлисларини хушнуд этади», дейиши, мухлисларнинг кўнг­лини кўтариши зарур.

Гапдаги тартиб ва сўзларнинг луғавий маъносини билмаслик ёш спорт шарҳловчиларининг нутқида тез-тез учраб туради. Масалан, «мана бу ҳолат, мухлисларнинг норозилигига дуч келмоқда», «Тони Кроосдан чиқиб кетди тўп». Аслида эса «Бундай ҳолатлар мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда», «Тони Кроос тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди», деган иборалар барча учун аниқ ва тушунарли ҳисобланади.

Миллионлар ўйини ишқибозлари ҳанузгача спорт ўйинларини ўта моҳирона ва самимий шарҳлаб борган, мухлисларнинг қалбидан мустаҳкам ўрин олган Ахбор Имомхўжаевни яхши хотиралар билан эслашади. Бизнингча «Мазкур касб эгаларининг Ахбор Имомхўжаев мактаби» курслари ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Қолаверса, спорт шарҳ­ловчиларимиз «Ўзбек тилинининг изоҳли луғати» китобидан доимий фойдаланиб боришлари зарур, деб ўйлаймиз. Хуллас, бу касб эгаларининг нутқий малакасини яхшилашда бадиий адабиёт, лисоний дарслик ва қўлланмалар, кундалик матбуот хабарлари ва айниқса, спортга оид асарларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс. Спорт шарҳловчиси ўйинни холисона шарҳ­лаб бориши, ўйин давомида тушкун кайфиятга тушиб қолмаслиги, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар қандай спорт турининг мухлисида умид ва ишонч уйғотиши зарур. Ана шундагина шарҳ­ловчи ўз олдига қўйилган вазифани тўлиқ адо этган ҳисобланади, назаримизда.

Ориф Жумаев, ЎзРФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти етакчи мутахассиси

«Ўзбекистон адабиёт ва санъати» газетасидан.              

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:51, 09.11.2015.
Ўқилди: 5423 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.