Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Хосе Мендез:«Мақсад аниқ, жаҳон чемпионати йўлланмаси!»

Баҳо:
+2 | -

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Ушбу йиғин бевосита келаси йилнинг февраль ойида пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатининг финал босқичига тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб беради. Терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендез йиғинга 18 нафар ўйинчини таклиф қилган. Футзалчилар ҳар куни  соат10:00 ва 17:00да икки маҳалдан «Ўзбекистон» спорт мажмуасида машғулот ўтказишмоқда. Дастлабки кунги машғулотлар бир ярим соатдан олиб борилган бўлса, кечадан икки соат шуғулланишга ўтилди. Машғулотлар жараёнида кўпроқ ўйин пайтида юзага келадиган қийин вазиятлардан чиқиб кетиш устида иш олиб борилмоқда.

Испаниялик мутахассис куннинг биринчи ярмида ўтказилаётган машғулотларда асосий урғуни турли тактикалар устида ишлаш, тезликни оширишга қаратди. Куннинг иккинчи ярмидаги машғулотда эса кўпроқ тўп билан ишлаш ҳамда жисмоний тайёргарликка аҳамият берилмоқда. Таъкидлаш жоиз, машғулотлар ранг-баранг ва қизиқарли тарзда ташкил этиляпти. Футзалчиларнинг ўзлари ҳам  машғулотларга катта иштиёқ ҳамда қизиқиш билан ёндашишмоқда. Албатта, Хосе Мария Мендез терма жамоамизни қитъа чемпионатига  ҳар томонлама тайёр ҳолда тайёрлашни мақсад қилган. Бу галги Осиё чемпионатининг аввалгисидан фарқи жуда катта. Келаси йилнинг февраль ойида ташкил этиладиган қитъа чемпионатида Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмалар ўйналади. Ушбу турнир якунида 5та терма жамоа шундай имтиёзга эга бўлади. Ярим финалга етиб келган терма жамоалар байрамни бошлайверишлари мумкин. Шунингдек, энг яхши натижага эга бешинчи жамоага ҳам мундиал чиптаси тақдим этилади. Шу пайтгача ўтказилган қитъа чемпионатлари биз учун омадсиз келганди. Умид қиламизки, Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида кўп йиллик орзуимиз рўёбга чиқади. Бу борада мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари катта аҳамиятга эга. Осиё чемпионати ўйинлари «Ўзбекистон» ҳамда «Универсал» спорт саройларида ўтказилади. Тез орада бу икки мажмуага ОФК томонидан махсус майдон қопламалари келтирилади. Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда «Ёшлик» спорт мажмуалари эса иштирокчи терма жамоаларга машғулот ўтказиш учун хизмат қилади. Биз машғулотдан сўнг терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендездан интервью олдик.

- Жаноб Мендез, машғулотлар жараёни ва футзалчиларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида қандай фикрдасиз?

- Терма жамоага номзод футзалчилар Ўзбекистон чемпионатидан сўнг бир ҳафта ҳордиқ чиқаришди ва ихтиёримизга етиб келишди. Уларнинг ҳолати талаб даражасида. Машғулотларда астойдил ишлашяпти. Гувоҳи бўлганингиздек, кунига икки маҳалдан машғулот ўтказяпмиз. Асосий эътиборни тезликни оширишга қаратганмиз. Сир эмас, Эрон, Япония ва Таиланд терма жамоалари Осиёда етакчи ҳисобланишади. Тан олиш керак, ҳозир бу жамоалардан бироз бўлсада ортда қоляпмиз. Лекин фарқ борган сари қисқаряпти. Биз мураббийларнинг асосий вазифамиз ҳам шунга қаратилган. Олдинда Япония терма жамоасига қарши ўтказиладиган иккита ўртоқлик учрашуви бор. Бу ўйин биз учун катта аҳамиятга эга. Ҳозирдан айтишим керак, биз бўлажак учрашувларда натижа учун ўйнамаймиз. Тўғри, мағлубиятга учраш учун майдонга тушмаймиз. Лекин бу ўйиндан кўзланган бошқа мақсадларимиз ҳам бор. Юқорида айтганимдек, ўйинга темп қўшиш, тезликни ошириш ва жисмоний ҳолатларимизни максимал даражага олиб чиқишга эътибор қаратамиз. Айнан Япония билан ўйин терма жамоамиз ўйинчиларининг бугунги ҳолати қандай эканлигини кўрсатиб беради. Кейин тахмин қилиш қийин эмас, япониялик футзалчилар ўйинларда кучли прессинг, яъни босим қўллашади. Машғулотларда шу босимга дош бериш устида ишлаяпмиз. Ҳозирда терма жамоамиз шаклланиш босқичида. Таркибни ҳали тўлиқ аниқлаб улгурганимча йўқ. Ўша пайтда қайси футзалчи юқори спорт формасига кириб улгурса, ўша ўйинчилар якуний таркибдан жой олишади.

- Япониядан ташқари, йил сўнггига қадар яна қандай ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилган?

- Декабрь ойида иккита хориж йиғини ва унинг доирасида 4та ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилган, бу борада келишувга эришганмиз. Аввалига 2-3 декабрь кунлари Минск шаҳрида Беларусь терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинлари ўтказамиз. У ердан тўғри Доха шаҳрига йўл оламиз. 7-9 декабрь кунлари Қатар терма жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушамиз. Ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи тур учрашувлари ўтказилади. Ушбу чемпионатларда яна терма жамоага номзод футзалчиларнинг ҳолатини текшириб оламиз.

- Февраль ойида ўтказиладиган Осиё чемпионати олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғини қаерда ўтказилади? Яна кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйини ташкил этиш режаси борми?

- Январь ойида Тошкентда йиғин ташкил этилади. Шунингдек, бир нечта федерациялар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Катта эҳтимолга кўра Вьетнам ёки Озарбайжон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинлари ўтказилади. Балки Тошкентда бир нечта терма жамоа иштирокида мини турнир ташкил қилармиз. Тез кунда бунга ойдинлик киритилади.  

Шундан сўнг терма жамоа сардори Артур Юнусовнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

- Тайёргарлик юқори савияда ташкил этилган. Машғулотларда астойдил ишлаяпмиз. Ўзбекистон чемпионатидан сўнг бир ҳафта ҳордиқ чиқардик ва мана шу кунларда кунига икки маҳалдан машғулот ўтказиляпти. Япония билан бўлиб ўтадиган ўйинларнинг аҳамияти беқиёс. Эсингизда бўлса, айнан Япония терма жамоаси Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ўша пайтда 10 карра қитъа чемпиони бўлган Эрон термасининг гегемонлигига чек қўйганди. Олдимизда турган асосий ва ягона мақсад - жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Қитъа чемпионатининг пойтахтимизда ўтказилишидан унумли фойдаланиб қолишимиз керак. Албатта, бу ерда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам катта аҳамиятга эга бўлади. Ўйлайманки, чиройли ўйин намойиш этиб, бир неча йиллик орзуимизни рўёбга чиқарамиз.

Терма жамоа шифокори Суннат Юлчиев бизга берган интервьюсида терма жамоа футзалчиларининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.

- Ўзбекистон чемпионати баҳсларидан сўнг терма жамоага номзод футзалчиларга бир ҳафталик дам берилганди. Мана, куни кеча улар терма жамоа ихтиёрига етиб келишди. Ҳамма соғ-саломат, жароҳат олганлар йўқ. Бу энг муҳими. Машғулот бошланишидан аввал барча ўйинчилар кичик тиббий кўрикдан ўтказилди. Витаминизация ишлари амалга оширилди. Японияга жўнаб кетиш олдидан яна бир бор йигитларни кўрикдан ўтказамиз. Бизга хабар беришларича, Японияда иқлим шароити биздагидек экан. Шу боис, маҳаллий об-ҳавога мослашиш жараёни қийин кечмайди. Шарқий Осиё давлатлари - Жанубий Корея, Таиланд, хусусан Япония таомлари бизнинг таомлардан фарқланади. Шуни инобатга олган ҳолда, биз ўз таомномамизни уларга тақдим этдик. Япониядаги уч кунлик сафаримиз давомида терма жамоа аъзолари шу асосда тамадди қилишади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси 8 ноябрь оқшомида Япониянинг Нагоя шаҳрига жўнаб кетади. Кунчиқар юрт терма жамоасига қарши ўтказиладиган ўртоқлик ўйинлари 10  ва 11 ноябрь кунларига белгиланган.

Йиғинда қатнашаётган футзалчилар:

Дарвозабонлар: Рустам Умаров, Акмал Хазратқулов, Клим Тюгаев

Ўйинчилар: Артур Юнусов, Фарҳод Абдумавлонов, Жавлон Аноров, Даврон Чориев, Константин Свиридов, Дилшод Раҳматов, Андрей Шлёма, Илҳом Ҳамроев, Нодир Элибоев, Феруз Фахриддинов, Суннат Куралов, Жамолиддин Шарипов, Элдор Ҳошимов, Дилшод Ирсалиев, Даврон Абдураҳмонов.

Камолидин Алимов суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:54, 09.11.2015.
Ўқилди: 4194 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.