Кириш Регистрация
18/06 00:00 Австрия 0-1 Франция
18/06 21:00 Туркия 3-1 Грузия
19/06 00:00 Португалия 0-0 Чехия
19/06 18:00 Хорватия - Албания
19/06 21:00 Германия - Венгрия
20/06 00:00 Шотландия - Швейцария
20/06 18:00 Словения - Сербия
20/06 21:00 Дания - Англия
21/06 00:00 Испания - Италия

Гадоев қаерга кетади?

Баҳо:
+ | -

Рўзиқул Бердиев - анча оғир-босиқ, мулоҳазали мураббий. Айниқса, футболчилари ҳақида гап кетганда, мудом ижобий фикр билдиришга интилади. Масалан, ўтган ҳафта «Пахта­кор»га қарши кечган баҳсда ярим ҳимоячи Артур Геворкян кўнгилдагидек ўйин намойиш этолмади. Аммо Бердиев учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида туркманистонлик футболчини журна­лист­лар хуружидан ҳимоя қилди. Ҳимоя қилиш ҳам гапми, мураббийнинг жавоби танқидий фикрлар йўлини батамом тўсиб қўядиган даражада кескин бўлди.

- Геворкяннинг ёмон ўйнаганига сабаб - унда кичик жароҳат бор эди. «Динамо»га қарши кечган баҳсда шикастланиб, майдонни тарк этганди. Шунга қарамай, «Пахтакор»га қарши ўйинда жонбозлик кўрсатди. Бу жасорати таҳсинга лойиқ. Артур жамоамизнинг сўнгги машғулотларини ўтказиб юборганди. Фақатгина ўйиндан бир кун олдин жамоа билан умумий гуруҳда шуғулланди...

Бердиевнинг бу гапларидан сўнг Геворкянга яна қандайдир эътироз билдириш мумкинми? Юқорида айт­ганимиздек, мураббийнинг ўз шогирдларини тез-тез ҳимоя қилиб чиқишига кўниккандик. Аммо... «Насаф» устози айнан «Пахтакор»га қарши кечган ўйин­дан сўнг Шоҳруҳ Гадоев ҳақида мутлақо бошқача фикр­лар билдирди. Тўғриси, буни кўпчилик кутмаганди. Қуйида мутахассиснинг тезкор ярим ҳимоячи хусусида нималар деганига эътибор қаратсак.

- Сўнгги ўйинларда Гадоевни кўп маротаба алмаштирдик. Сабаби - унинг ўйинидан қониқмаяпмиз. Қайсидир мухлис Шоҳруҳнинг ўйинини мақтаяптими, демак ўша ишқибоз футболни яхши тушунмас экан. Билмадим, балки Гадоевнинг бизга эътирози бордир. Мабодо уни жамоамизда нимадир қониқтирмаётган бўлса, бемалол кетиши мумкин. Унинг ўрнига бошқа футболчи топамиз...

Бунисига энди нима дейсиз? Нега Бердиевдек мураббий ўз футболчиси ҳақида бундай гаплар айтмоқда? Вазиятнинг шундай тус олишига сабаб нима? Гадоев устозининг жаҳлини чиқарадиган даражада «қовун туширдимикан?» Ахир шу мураббий эмасмиди бир вақтлари Шоҳруҳга асосий таркиб эшигини очган? Рўзиқул Бердиевнинг икки йил муқаддам берган интервьюларидан бирини ёдга олайлик. Ўшанда «Насаф» устози катта футболга киришдан умидини узиб, ўзини бошқа касбга урмоқчи бўлган Гадоевни мақсадидан қайтара олганини айтганди. Мураббийнинг таъкидлашича, Шоҳруҳнинг асосий таркибда ўйнаб кетиши учун ҳатто Переплёткинсдек кучли легионернинг инжиқликларини рад этишга тўғри келган. Яхшиси, мураббийнинг бу борадаги фикрлари билан ўзингиз таниша қолинг:

- «Насаф» нима учун ёшларга катта эътибор қаратмоқда? Чунки бизда келажаги порлоқ, иқтидорли футболчилар тўп суришмоқда, - деган эди Рўзиқул Бердиев. - Уларга имкон бермай, йирик маблағ эвазига легионерларни харид қилаверсак, натижа учун курашаверсак, ўзимиздаги ёшларнинг ҳоли нима кечади? Бир мисол келтирай - асосий таркибда Шоҳруҳ Гадоев кўзга кўрина бошлагач, Переплёткинс «тўнини тескари кийиб олиб», клуб олдига турли шартлар қўя бошлаганди. Биз эса ўз футболчимизни  танлаб, латвиялик легионердан воз кечдик. Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Сизларга яна бир сирни очаман, агар Шоҳруҳни асосий таркибга олмаганимизда, у Россияга ишлашга кетмоқчи эди. Уни ниятидан қайтариб адашмаган эканмиз, Гадоев ишончни оқлади. Шундай иқтидорли ёшларга эга эканлигимиз қувонарли, албатта...

Рўзиқул Бердиев бу фикрларни 2013 йилнинг февралида билдирганди. Мана, орадан маълум муддат ўтгач, вазият бошқача тус олган кўринади. Ҳозир футболчи ва мураббийнинг ўзаро муносабати қандайлигидан бехабармиз. Шу боис, аниқ бир гап айтиш қийин. Аммо мураббий кўнглидагини матбуот орқали билдиришга қарор қилган эканми, демак бирор келишмовчилик бўлиб ўтган кўринади. Бу ўринда кимнидир оқлаш ёки айб­лаш бизнинг ваколатимизда эмас. Ҳар қандай клубда ҳам можаролар учраб туради ва масалани ҳал қилиш уларнинг ўзига ҳавола. Биз эса шунчаки, Бердиев ва Гадоев бир-бири учун қай даражада аҳамиятли эканига урғу беришни истаган эдик, холос.

Агар муносабатлар изга тушмаса, Гадоевнинг олдида фақат бир йўл қолади - «Насаф»дан кетиш. Энг асосийси, футболчи энг тўғри қарорни қабул қилишини хоҳлардик. Бердиев томонидан билдирилган фикр­лардан хулоса шуки: «Насаф» ярим ҳимоячини қўйиб юборишга қарши эмас. Ҳар қандай вазиятда ҳам Гадоев юртимизнинг энг иқтидорли футболчиларидан бири эканини унутмаслик даркор. Ўз вақтида унинг терма жамоадаги ўйинлари туфайли Виталий Денисовдек ҳимоячи захира ўриндиғида қолиб кетган, ҳаттоки, маълум муддат «Локомотив» (Москва)нинг тажрибали футболчисини биров эсламаган ҳам эди. Шундай экан, Гадоевга юртимизнинг етакчи клубларидан таклифлар тушиши турган гап. Зеро, шундай футболчини «Пахтакор», «Локомотив» ҳамда «Бунёдкор» каби грандлар ўз сафида кўришни хоҳлаши аниқ. Аммо биз истардикки, ушбу футболчи «Насаф»дан кетса, яхшиси, хорижга йўл олсин. Қатар юлдузлар лигасини танлайдими ёки БАА чемпионатиними, фарқи йўқ. Муҳими - олий лигада қолиб кетмасин. Акс ҳолда, яна бирор йилдан сўнг аксарият ўзбек футболчилари сингари ўртамиёна ўйинчига айланиб қолиши турган гап.

Хорижда эса, тажриба орттириш имконияти ҳар доим юқори...

Абдуллоҳ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:54, 14.11.2015.
Ўқилди: 6898 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.