Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Болалар футболида устама маош муаммоси

Баҳо:
+ | -

Сир эмаски, мустақилликка эришганимиздан сўнг кўплаб соҳаларда ўзгаришлар, ислоҳотлар бўлиб ўтди. Жумладан, футбол соҳасида ҳам. Узоқ йилларга мўлжалланган дастурлар секин-аста самара келтираётгани сабабли, айни пайтда бир қатор футболчиларимиз хориж клубларида муваффақиятли тўп суришмоқда. Болалар ва ўсмирлардан иборат турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг натижалари ҳам мақтовга лойиқ. Лекин шу билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Биз бугун сизлар билан баҳам кўришни истаган мавзу бевосита келажагимиз бўлмиш болалар футболи билан боғлиқ. Чунончи, энг аввало болалар футболидаги камчиликларни бартараф қилмас эканмиз, эртага шунча истеъдодлар қаерга йўқоляпти, деган савол бизни ўйлантираверади. Мисол учун, болалар футболида қайсидир мусобақада қайсидир ўринни банд этиш вазифасини олайлик. Ҳамма биладики, баъзи ноинсоф мураббийлар (эътибор беринг, болалар футболида фаолият юритаётган мураббийлар) жамоага раҳбарият томонидан қўйилган вазифани бажариш учун истеъдодли, аммо ёши бироз каттароқ тарбияланувчисини ёшини сунъий равишда кичрайтиради. Бу орқали ўша кимса мақсадига етиши мумкин. Аммо бола-чи?! Ахир ҳали қинғирлик нималигини билмаган норасида ўсмир бундай ишларга гувоҳ бўлиб улғайса, унинг келажаги нима бўлади? Жавоб аниқ, ўрганган кўнгил яна ўртанаверади. Умуман олганда, худди шу муаммо - болалар футболида жамоа олдига муайян вазифа белгилаш - бизнинг энг катта фожиамиз бўлса керак. Хўш, мураббийларни қинғирликка нима ундайди? Биз бу саволга жавоб ахтариб, БЎСМларда меҳнат қилаётган баъзи мураббийлар билан мулоқот қилдик. Маълум бўлишича, улар маошларига қўшимча тарзда устама олишлари ёхуд мукофот пулларидан умидлари бўлса, бунинг учун шогирдлари (яъни футбол тўгарагига қатнашаётган болалар) албатта, туман, вилоят ёхуд республика миқёсида ижобий натижа кўрсатишлари шарт бўлар экан. Шубҳасиз, бу усул мактабда математика ёхуд география фанига қизиқадиган ўқувчиларда самара келтиради. Лекин футболда сал бошқачароқ йўлдан боришимиз шарт эмасмикан?! Айтайлик, болалар футболида ўрин масаласини бутунлай четга суриб (аниқроғи, умуман унутиб юбориб), футболчи келажакда терма жамоага таклиф қилинса ёки хориж клубларидан бирига трансфер қилинса, шу футболчини тарбиялаб етиштирган мураббийга устама тарзида қўшимча рағбатлантириш берилишини қонунлаштириб қўйилса қандай бўлар экан?! Ёинки, ўша хориж клубига каттагина пулга сотилган футболчининг трансфер суммасидан маълум фоизини ўша футболчининг биринчи устозига мукофот тариқасида бериш ҳам мумкин. Фақат буни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш талаб қилинади, холос. Энди ўйлаб кўринг: ҳозирда «Ал-Жаиш» клубида тинимсиз голлар ураётган Сардор Рашидовнинг трансфер нархи  2 миллион долларга баҳоланди. Агар шу сумманинг атиги 10 фоизи унинг илк мураббийига берилишини тасаввур қилинг-а! 200 минг доллар! Ўйлаймизки, бундай кутилмаган мукофот Сардорни тарбиялаган мураббийни янгидан-янги муваффақиятларга, истеъдодларни янада кашф этишга ундаши аниқ.

Тўғри, мураббийлар билан бўлган суҳбатлар давомида шуни ҳам билиб олдикки, агар улар тарбиялаган ёш футболчи биринчи лига клубига таклиф қилинса ёки олий лигадаги жамоа сафига ўтса, бунинг учун ҳам алоҳида рағбатлантиришлар мавжуд. Лекин терма жамоа ва трансфер масаласига эътиборни кучайтириш янада яхши йўл бўлиб кўринмоқда.

Энди доимий равишда бизнинг ҳавасимизни келтирадиган Европа футболида бу масалага қандай қаралишини кўриб чиқамиз. Мисол учун, Германиянинг болалар футболида тарбияланувчи 16 ёшга тўлгунича ундан натижа талаб қилиш қатъий тақиқланган экан. Шубҳасиз, у ерда ҳам жамоалар ўртасида турли мусобақалар ўтказилади. Лекин у турнирлар ўзининг асл мақсади учун хизмат қилади. Яъни турнирда қатнашган жамоа футболчилари камчиликларини кўриб олишади ва тажриба оширишади, холос. Ҳарҳолда, «зўраки чемпионлик» учун турли қилвирликларга қўл урилмайди. Табиийки, бундай муҳитда ўсган бола фақат ва фақат ўз устида ишласагина, муваффақиятга эришиши мумкинлигини англаган ҳолда улғаяди. Бу орада уни камолга етказган мураббийи ҳам шогирдининг ютуқларидан манфаат кўраверади.

Хуллас, фикримизча, болалар футболида ўрин масаласини дарҳол қайтадан кўриб чиқишимиз лозимга ўхшайди. Агар шу муаммони ижобий ҳал қила олсак, сунъий равишда ёшни кичраштиришлару, «зўраки чемпионлик» ортидан сохта шуҳратни истовчи ноинсофларнинг илдизига болта урган бўлардик. Акс ҳолда, бу иллат бизни анчагача сарсон қилиб юраверади...

Исроил РАҲИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:34, 14.11.2015.
Ўқилди: 2968 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.