Оғир атлетикачиларимиз жаҳон чемпионатига йўл олдилар
Аввал хабар қилганимиздек, 2015 йилнинг 20-29 ноябрь кунлари АҚШнинг Хьюстон шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади.
Дунёнинг етакчи штангачилари иштирокида ўтказиладиган мазкур йирик спорт мусобақасида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналади.
Маълумки, Халқаро оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси қарорига кўра Олимпия ўйинларидан олдинги иккита жаҳон чемпионати (2014 йил Қозоғистон – 2015 йил АҚШ) натижаларига кўра жамоаларга йўлланмалар бўлиб берилади. Бир жамоага бериладиган лицензиялар сони кўпи билан эркакларда 6 та, аёлларда 4 тани ташкил этади. Сўнгги 2 та жаҳон чемпионатини қўшиб ҳисоблаганда эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида 1-6-ўринларни эгаллаган давлатларга энг кўп – 6 тадан, 7-12-ўринларга 5 тадан, 13-18-ўринларга 4 тадан, 19-24-ўринларга 3 тадан ўрин ажратилади.
Аёлларда эса бу тартиб 1-9-ўринларга 4 тадан, 10-15-ўринларга 3 тадан, 16-21-ўринларни банд этган жамоаларга 2 тадан. Қолган давлатлар кейинги йил қитъа чемпионатларида саноқли йўлланмаларга даъвогарлик қилишлари мумкин.
“Ҳозирча эркаклар жамоамиз ўтган йилги жаҳон чемпионатидан кейин умумжамоа ҳисобида 9-ўринни эгаллаб турибди. Асосий вазифа 12-ўриндан пастга тушиб кетмаслик. Шунда терма жамоамиз аъзолари 5 та йўлланмани сақлаб қолишади. Қизларимиздан эса 2 та йўлланмани таъминлаб берувчи натижани кутиб турибмиз. Агарда қизларимиз жаҳон чемпионатида кутилган натижани қайд эта олмасалар, улар олдида 2016 йилнинг 20-30 апрель кунлари мамлакатимизда ўтказиладиган Осиё чемпионатида битта йўлланмага эга бўлиш имконияти мавжуд. Мазкур қитъа чемпионатида 1-6 ўринларни эгаллаган терма жамоаларга биттадан Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси берилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жаҳон чемпионатлари орқали йўлланмаларни нақд қилиб қўйган терма жамоалар Осиё чемпионатида кучли олтиликдан ўрин эгалласаларда, уларга лицензиялар берилмайди. Бундай ҳолатда, 1-6 ўринларни банд этган давлатлар орасида "Рио-2016" йўлланмасига эга бўлган бир терма жамоа ўрин эгалласа 7-ўрин эгаси, иккита бўлса 7-8 ўринни банд этган юрт вакиллари (ва ҳаказо) биттадан йўлланмага эга бўладилар. Дарвоқе, умумжамоа ҳисобидаги ўринлар қўлга киритилган медалларга қараб эмас, балки ҳар бир спортчининг эгаллаган ўрнига қараб бериладиган очколар йиғиндисидан ҳосил бўлади. Ҳар бир жамоадан энг яхши натижа кўрсатган 6 спортчининг кўрсаткичи асос қилиб олинади”, - дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрилло Маҳмудов.
15 ноябрь куни 9 нафар спортчидан иборат терма жамоамиз Хьюстон шаҳрига жўнаб кетдилар. Делегациямиз таркибидан – Адҳамжон Эргашев (-62 кг), Муҳаммад Бегалиев (-85 кг), Улуғбек Алимов (-85 кг), Фарходбек Собиров (-94 кг), Лола Қодирова (-53 кг), Марина Сисоева (-53 кг), Муаттар Набиева (-58 кг), Манзурахон Мамасолиева (-69 кг) ва Омадой Отақўзиева (-75 кг) каби спортчилар ҳамда мураббийлардан Шаҳрилло Маҳмудов, Баҳром Мендибаев ўрин эгаллашган.
Оғир вазндаги полвонларимиздан иборат терма жамоамизнинг қолган аъзолари, булар Сардорбек Дўстмуродов (-105 кг), Рустам Джангабаев (+105 кг) ва Иван Ефремов (+105 кг) 22 ноябрь куни АҚШга йўл оладилар.
Барча ҳамюртларимизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Шавкат Жалилов
Манба: olympic.uz
Киритилди: 11:22, 16.11.2015.
Ўқилди: 5301 марта.
Фикрлар: 2 та.