Москванинг «Локомотив» ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси "Советский спорт" газетасига интервью берди.
«ҲИНДИСТОНДА ЎЙНАШНИ ИСТАМАСДИМ»
— Ўзбекистон терма жамоасининг ишлари қандай кетяпти?
— Яхши. Сўнгги 5та ўйинда ғалаба қозондик. Шунингдек, Тошкентда гуруҳдаги асосий рақиб КХДРни мағлубиятга учратдик. Бу жамоа ҳам биринчи ўрин орқали кейинги босқичга чиқиш учун даъвогарлик қилмоқда.
— Кореяликлар – терма жамоанинг ягона жиддий рақибими?
— Бошқалар футбол ўйнашни билмайди демаган бўлардим. Кореяликлар ҳақида кўп маълумотга эмасмиз. Одатда ўртоқлик ўйинлари орқали рақиб ҳақида хулоса чиқарилади, аммо улар бундай баҳсларда кўп иштирок этишмайди.
— Сиз терма жамоа сафида 3та сафар ўйинида иштирок этдингиз. Қайси мамлакатда куз фасли ёқимли?
— Менга Қатар ёқди. У ерда 30 даражада иссиқ.
— Ҳали ташриф буюрмаган Осиё мамлакатларингиз қолдими?
— Ҳиндистон ва Яманни дарҳол тилга олишим мумкин. Осиёнинг қолган йирик мамлакатларида бўлганман.
— Демак, қачондир Ҳиндистон клубида ўйнаш учун сабаб бор.
— Йўқ, буни истамасдим.
— Яманда бўлмаганингизни айтиб ўтдингиз. Аммо икки кун аввал айнан шу терма жамоага қарши тўп сурдингиз.
— Ҳа, аммо Ямандаги нотинч вазият туфайли ўйин Қатарга кўчирилганди.
— Ушбу мамлакатлар уруш бўлаётган жойларга яқин бўлгани учун хавфсизлик нуқтаи назаридан чоралар кўрилдими?
— Полиция машинаси ҳамиша бизни қўриқлаб юради. Ҳаммаси тинч ўтди. Муаммосиз кўчага чиқиш мумкин. Одатдагидек ҳамма жойга қўриқлаш хизмати вакиллари қўйилган.
— Россия терма жамоасининг ўйинларини кузата олдингизми?
— Ҳа, Португалияга қарши ўйиннинг иккинчи бўлимини томоша қилдим. Жуда ҳам ёқди, яхши ўйин бўлди.
— Мухлисларнинг фикрича, зерикали ўйин бўлган.
— Футболчи нуқта назаридан ўйин менга ёқди. Айнан нимаси? Ўйинни бузиш ва яратишда кураш кечди. Мухлис учун энг асосийси — кўп гол урилиши эканини тушунаман. Россияда дарвозани ишғол қилиш учун вазиятлар бўлди. Балки, омад етишмагандир.
«ЖЕПАРОВ БУРЧАК ТЎПЛАРИДАН ГОЛ УРГАН»
— "Локомотив" дарвозабони Гильерме «Кубань» билан ўйинда нималар содир бўлганини тушмаганини айтиб ўтди (бу ўйинда "Локо" 2:6 ҳисобида ютқазганди — Std.uz изоҳи). Сиз бу ўйин борасида нима дея оласиз?
— Афсуски, бундай ўйинлар бўлиб туради. Рақибнинг ҳар бир зарбаси голга айланган бўлса, бизнинг ҳаракатларимиз умуман "ўхшамади". Яхшиямки, руҳий жиҳатдан қийин вазиятдан чиқиб кета олдик. Боз устига, жуда тезлик билан.
— Фаолиятингизда бундай ўйинлар бўлганми?
— Масалан, терма жамоа сафида Шимолий Кореяга қарши биринчи ўйин. Биринчи бўлимда 4та гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда тактикани ўзгартирдик ва ҳисобни тенглаштириш, ҳаттоки ғалаба қозонишимиз мумкин эди.
— "Кубань"дан ўтказиб юборилган голлардан бирида Гильерме айбни ўз зиммасига олди. Қайси гол эканини тасаввур қилдингизми?
— Бурчак зарбасидан кейин.
— Бундай голларни аввал ҳам кўрганмисиз?
— Ҳа, терма жамоа сафида ва "Днепр"да ўйнаганимда кўрганман. Ўзбекистон термасида бундай зарбаларни Сервер Жепаров бера олади. У менинг кўз олдимда бурчакдан бир неча марта гол урган.
— Демак, бундай голлар сиз учун янгилик эмас?
— Футболчи яхши техникага эга бўлса, бундай зарбани амалга ошириш унга қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек, дарвозабон бундай вазиятда қандай ҳаракат қилишига ҳам кўп нарса боғлиқ.
«НИАССНИНГ ГОЛИ ЧИРОЙЛИ ЧИҚДИ»
— «Зенит»га қарши баҳсни ҳозирча мавсумнинг энг яхши ўйини дейиш мумкинми?
— Мен баҳсларни энг яхши ва энг ёмон ўйинга ажратишни хоҳламайман. Ўзимга ўзим "бу ерда яхши ўйнадим, бу ерда унчалик эмас", дея гапирмайман. Ўша ўйинни эса эсдан чиқарганман. Энг яхши ўйинимиз ҳали олдинда.
— Европа лигаси финалидами?
— Насиб қилса!
— «Анжи»га қарши уйда бўладиган ўйин Махачқалъадаги учрашувга нисбатан осонроқ бўладими?
— Бундай рақиблар билан ўйин ҳамиша қийин кечади. «Анжи» ёмон жамоа эмас. Биринчи ўйинда уларнинг ҳужум чизиғига қарши ўйнаш осон бўлмаганди. Ўйин бошида ҳаттоки нима қилишни билмай қолгандик. Кейинчалик эса ўзимизни босиб олдик ва совуққонлик билан ўйнай бошладик. Жамоа сўнгги ўйинда кетаётган бўлса-да, ўйлайманки, охиригача курашади.
— Мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра Ниасс томонидан «Спартак» дарвозасига урилган гол биринчи даврадаги энг яхши гол деб топилди. Сиз ўзингиз учун голларни белгилаб оласизми, эслаб қоласизми?
— Ўша голни эслайман. Ниасс яхши гол урганди. Биз бундай нарсаларни муҳокама қилмаймиз. Шунчаки суҳбат давомида, "қойил, зўр гол урдинг", дейишимиз мумкин.
— Игорь Черевченко интервью бериб, «Локо» кейинги ўйинда «Зенит»га қарши ўйинга нисбатан яхшироқ ўйнаши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун нима қилиш лозим?
— Мураббийнинг ўзига яраша футболга қарашлари бўлади. Унинг ўзи билан гаплашмагунча, айнан нимани яхшилаш кераклигини билиш қийин. Ўйлайманки, аввало биз хатоларимизни тўғрилаб, рақибнинг олдинга ўтишига имкон бермаслигимиз керак. Шунда ўйин осон бўлади.