Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Равшан Эрматов: "Янги йилгача дам олиш йўқ"

Баҳо:
+ | -

Ўтган шанба куни пойтахтимиздаги муҳташам «Ўзбе-кис­тон» спорт мажмуасида олий лига ҳакамлари, Ўзбекистон Олий суди ходимлари ва спорт журналистлари ўртасида мини-турнир бўлиб ўтди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган бу тадбирда тўрт жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди.

Аввалига журналистлар жамоаси Мудофаа вазирлиги кубоги-2015 соҳиби бўлган Олий суд жамоасининг асосий таркибига имкониятни бой берди. Иккинчи жуфтликда Равшан Эрматов сардорлигидаги олий лигада фаолият олиб бораётган ҳакамлар гуруҳи Олий суднинг иккинчи таркибига қарши баҳс олиб бориб ғалаба қозонди. Ярим финалда мағлубиятга учраган жамоалар ўзаро учинчи ўрин учун кечган ўйинда майдонга тушишди ва унда спорт журналистлари жамоаси рақибларини енгишни уддалашди. Олий суд раиси ўринбосари Раҳимжон Обидов сардорлигида майдонга тушган Олий суд ходимлари ва олий лига ҳакамлари ўртасида кечган ҳал қилувчи финал учрашувининг асосий вақти жанговар дуранг билан якунланди. Ҳаттоки, пенальтилар сериясида ҳам кучлар тенг келди. Бу ҳолатда икки томон ўзаро келишган ҳолда пенальтилар сериясини давом эттирмасликни лозим топишди. Яъни, учрашувда дўстлик ғалаба қозонди. Шу куни мажмуага келган турли соҳа вакиллари спорт майдончасидаги баҳсдан кўз узишмади. Барча жамоалар вакиллари жуда яхши жисмоний тайёргарликка эга эканликлари яққол кўринди. Соғлом турмуш тарзи тарафдорлари сафи мана шундай учрашувлар боис кенгайиб бориши шубҳасиз. Дарвоқе, шу куни болалар ўртасида ташкил этилган байрам иштирокчилари Равшан Эрматов билан биргаликда эсдалик учун суратга тушишди. Дўстона турнир барчада ёрқин таассурот қолдирди. Бундай учрашувларни анъанавий тарзда ўтказишга келишиб олинди. Биз мини-турнир якунида Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расуловнинг фикрлари билан қизиқдик.

 

 

- Бугунги турнирда иштирок этганимиздан хурсандмиз, - деди Р.Эрматов. - Таклиф қилишган пайтда бажонидил рози бўлдик. Чунки бу билан соғлом турмуш тарзи тарғиботига оз бўлсада хисса қўшамиз. Қолаверса, ўзимиз учун ҳам фойдали. Футболчилик фаолиятим ёдимга тушди. Дарвозани ишғол қилиш эсимдан чиқмабди (кулади). Тўғри, турнирда расман ғолиб аниқланмади. Лекин бунга жуда яқин эдик. Сўнгги дақиқада гол ўтказиб юбориб, асосий вақтда ғалаба қозониш имкониятини йўққа чиқардик. Лекин бундан асло хафа эмасмиз. Турнирда қатнашган барча жамоаларнинг савиялари деярли тенг экан. Ўйлайманки, бу мусобақа анъанавийлигини сақлаб қолади ва иштирокчилар сафи янада кенгаяди. Менга энг маъқул келган яна бир ҳолат - ёш  футболчилар билан ўтказилган фотосессия бўлди. Улар билан бажонидил суратга тушдик.

- Келгусида режалар қандай?

- 18 ноябрь куни бригадамиз билан бирга Хитойга жўнаб кетамиз. У ерда ОЧЛ-2015нинг финал учрашувини бошқарамиз. 21 ноябрь куни Гуанчжоу шаҳрида ўтказиладиган ўйинда Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» ҳамда БААнинг «Ал-Аҳли» жамоалари ўзаро тўқнаш келишади. Менга қанотларда Абдулҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам ҳам ўзимиздан - Валентин Коваленко. Шундан сўнг тўғри Ҳиндистонга йўл оламиз. Ушбу мамлакат футбол федерацияси томонидан супер-лига ўйинларини бошқариш бўйича таклиф олганмиз. Кейин эса ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ҳакамлар семинарида иштирок этамиз. Кўриб турганингиздек, янги йилгача дам олиш йўқ.

Шундан сўнг Абдуҳамидулло Расулов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

- Аввало, турнирда иштирок этганимдан хурсандман. Ҳакамлар жамоаси кучли эканлигини кўрдингиз (кулади). Айниқса, Равшан ажралиб турди. Эрматов ҳар иккала ўйинда ҳам дарвозага чиройли гол урди. Жароҳат бўлмаганида, ундан яхши футболчи етишиб чиқиши аниқ эди. Ўйлайманки, кейинги турнирларда ҳам ҳакамлар билан биргаликда иштирок этамиз. Энди қисқача режаларга тўхталиб ўтсам. Шу ҳафта Ўзбекистонда футбол мавсуми якунланади. Лекин биз ҳакамлар учун ҳали қилинадиган ишлар бисёр. 21 ноябрь куни ОЧЛ финалини бошқарамиз. Кейин Ҳиндистон супер-лигасининг ҳал қилувчи ўйинларида ҳакамлик қиламиз. Ўтган йили ҳам у ердаги ўйинларни бошқариб қайтгандик. Саккизта жамоа қатнашадиган Ҳиндистон супер-лигасининг ҳал қилувчи ўйинлари айнан ноябрь ва декабрь ойларига тўғри келади. Кучли тўрт жамоа ўзаро ярим финал ҳамда финал ўйинларини ўтказади. Ярим финал ўйинлари уй-сафар тизимида ўтса, финал учрашуви бир ўйиндан иборат бўлади. Ушбу баҳслар 23 ноябрдан 7 декабрга қадар ўтказилади.

Айтганча, ОЧЛ финал учрашувини ўзбекистонлик Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боришди. Эрматов иккинчи бўлимда "Ал Аҳли" вакили Салмин Ҳамисга қизил карточка кўрсатди. 

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:37, 22.11.2015.
Ўқилди: 4183 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.