Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Анзур Исмоилов: «Тўртта хориж тилида бемалол гаплаша оламан»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоилов Хитойдаги фаолиятини яна камида икки йил давом эттиради. Футболчи «Чанчун Ятай» клуби раҳбарияти билан ўзаро келишган ҳолда шартномасини яна шунча муддатга узайтирди. Анзур 2011 йилдан буён ушбу клуб шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.  «Чанчун Ятай»­ 2015 йилги мавсумни Хитой суперлигасида 9-ўринда тугатди. Терма жамоамиз Яманга қарши ўтказиладиган ўйинга жўнаб кетиши олдидан тажрибали ҳимоячимиздан интервью олдик.

- Аввало, КХДР билан ўйинда қозонилган ғалаба билан табриклаймиз. Айтинг-чи, бундай ишончли тарзда зафар қучишимизнинг асосий сабаби нимада?

- Биринчи галда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши бўлса керак. Тошкент­да анчадан бери стадион тўла ишқибозлар қаршисида ўйнамагандик. Айнан уларнинг олқишлаб туриши бизни янада руҳлантириб юборди. Ҳатто, учрашув бошида ўтказиб юборган голимиз ҳам руҳиятимизга таъсир ўтказмади. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни тенглаштириб, танаффусдан сўнг яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилдик. Бу билан Пхень­яндаги мағлубият учун ҳам муносиб тарзда реванш олдик. Энди қолган ўйинларда ҳам зафар қучиб,  ҳал қилувчи босқичга гуруҳ ғолиби сифатида йўлланма олишимиз шарт. Шунга ҳаракат қиламиз.

- Якунига етган Хитой чемпионатида «Чанчун Ятай» турнир жадвалида 9-ўринни эгаллади. Мавсум аввалида клуб олдига қандай вазифа қўйилганди?

- Кучли саккизталикдан жой олиш кўзда тутилганди. Очколар етарли эди, лекин тўплар нисбатига кўра 9-ўринга тушиб қолдик. Саккизинчи поғонадаги «Чунцин Лифан» жамоаси бу борада бизни ортда қолдирди.

- Мавсумни бир текис ўтказа олмадинглар. Айниқса, биринчи даврада кўп очко йўқотдинглар. Бунинг сабаби нимада?

- Тўғри айтдингиз, барқарорлик етишмаслиги оқибатида мураббийимиз истеъфога чиқарилди. Шундан сўнг яхши ўйнай бошладик. Бунинг натижасида иккинчи даврада ўзимиздан яхши таассурот қолдирдик. Умумий қилиб гапирадиган бўлсам, жорий мавсум «Чанчун Ятай» учун ёмон келмади. Бундан ҳам яхши қатнашишимиз мумкин эди. Бир нечта ўйинларда сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар эвазига ё мағлубиятга учрадик ёки дуранг билан кифояландик. Бироз омад ҳам келмади.

- 5 йилдан бери Хитой чемпионатида ўйнаяпсиз.  Шу муддат ичида ўсиш кўзга ташландими?

- Хитой клубларининг кетма-кет ОЧЛ­нинг финал босқичига етиб келаётгани, чемпион бўлаётгани ана шу ўсишдан дарак бериб турибди. Ҳар бир клуб таркибида 4-5 нафардан легионер бор. Хитой чемпионатида 4+1 лимити амал қилади. Айнан хорижлик футболчилар чемпионат савиясининг ошишига хизмат қилишмоқда. Лотин Америкаси, Африка, Осиё давлатлари терма жамоаларининг асосий таркиб ўйинчилари Чин юртида тўп суришмоқда. Табиийки, бу ҳолат ўсишга замин яратяпти.

- Хитой тилини ўрганиб олгандирсиз?

- Албатта. Ҳозир тўртта - инглиз, португал, рус ва хитой тилларида бемалол гаплаша оламан.

- Легионер футболчи учун хориж чемпионатида 5 йил ўйнаш - мақташга арзигулик ютуқ...

- Шундай. Икки-учта жамоадан таклиф бўлаётганига қарамай, клуб раҳбарияти мени қўйиб юборгиси келмади. Бунинг натижасида яқинда келишувни яна 2 йилга узайтирдим.

- Таклифларни кўриб чиқмадингизми?

- Менимча, бунга ҳожат йўқ. Чунки  ҳозирги жамоамда барча шароитлар қониқтиради. Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва мухлислар олдида ҳурматим баланд. Футболчи учун энг муҳими ҳам шу. Ўз вақтида Туркия клубларидан таклиф тушганди. Лекин шартномам борлиги учун музокараларни тўхтатдим.

- Бу кетишда фаолиятингизни Хитой чемпионатида якунласангиз керак?

- Билмадим. Олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Хитой чемпионати Осиё қитъа­сидаги кучли биринчиликлар қаторига киради. Легионерларнинг унча-бунчаси клуб кўригидан ўта олмайди. Чемпионат йилдан-йилга кучайиб боряпти. Ўз майдонимиздаги ўйинларга 30 минг мухлис киради. ОЧЛ ғолиби бўлишга яқин турган «Гуанчжоу Эвергранд» ўйинларини кўриш учун эса 60 минг томошабин келади. Бу йил чемпионлик учун курашда «Гуанчжоу»га асосий рақобатни Шанхай жамоаси туғдирди. Якунда икки очкога ўзиб кетган «Гуанчжоу» чемпионликни қўлга киритди. Бу жамоанинг таркиби жуда кучли.

- Лекин Хитой терма жамоасининг ўйинлари чемпионатига монанд эмас. Бунинг сабаби нимада?

- Фикримча, худди Англияда бўлган ҳолат. Премьер-лига кучли, лекин Анг­лия терма жамоаси халқаро мусобақаларда яхши натижа кўрсата олмаяпти. Лекин ўтган 2-3 йилга қараганда, бу сафарги натижаларда ижобий томонга ўзгариш бор. Ёш футболчилар етишиб чиқяпти. Авлодлар алмашинуви даври барча терма жамоаларда учрайди. Бу ҳолат истайсизми-йўқми, ўз таъсирини ўтказади.

- Хитойга қачон йўл оласиз?

- Яманга қарши учрашувдан сўнг таътилга чиқаман. Январь ойидан клубимизнинг янги мавсумга тайёргарлиги бошланади.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:33, 23.11.2015.
Ўқилди: 4084 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.