"Рома" клуби бош мураббийи Руди Гарсия ЕЧЛнинг 5-турида "Барселона"га қарши сафарда ўтказиладиган ўйин олдидан ўзининг оптимистик фикрларини билдириб ўтди.
"Футбол шуниси билан ажойиб ва гўзалки, унда ҳамиша ҳам кучли деб қаралганлар ғалаба қозонаверишмайди. Мен енгилмас жамоа бўлмаслигини биламан.
Агар биз ўзимизни турнирни давом эттиришга муносиб жамоа деб билмасак, аниқ ютқазамиз. Шунинг учун аксинча ўйлашимиз ва ўз имкониятимиздан фойдаланишимиз керак.
"Барселона" ўйиннинг кўп қисмида тўпни ўз назоратида сақлаши мумкин. Биз эса ўз имконимизни сабр билан кутишимиз керак. Ўйин давомида ҳимояга қамалиб олмоқчи ҳам эмасмиз. Бундай ҳолатда мағлуб бўлиш эҳтимоли ортиб кетади.
"Барселона"га қарши ўйин биз учун жуда ҳам муҳим. Аммо ҳал қилувчи эмас. Тақдиримиз ўз қўлимизда. Биз бу ерга ғалаба қозониш мақсадида келдик. Гарчи "Камп Ноу"да тўп суриш қийин бўлса ҳам.
"Барселона" дунёнинг кучли клубларидан бири, бу жамоа устидан қозониладиган ғалаба бизнинг келажагимизга ижобий ўзгариш ясаши мумкин", - дейди римликлар бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, Е гуруҳлари вакиллари бўлган бу жамоаларнинг учрашуви Тошкент вақти билан бугун 00:45да бошланади.
Айни вақтда гуруҳда 4-турдан кейин "Барселона" 10 очко билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги "Рома"да 5, учинчи ўриндаги "Байер"да 4, охирги ўриндаги БАТЭ жамоасида 3 очко бор