38 ёшли афсонавий ҳужумчи - Рауль Гонсалеснинг мафтункор ўйинларидан мухлислар бошқа баҳра ололмайдилар. Бетакрор Рауль профессионал фаолиятидаги охирги ўйинда «Нью-Йорк Космос» таркибида майдонга тушиб, Шимолий Америка Лигаси финалида «Оттава» устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшди ва яшил майдонни чемпион сифатида тарк этди.
Испаниялик Рауль профессионал футболчи сифатида 21 йил тўп сурди. Аввалига «Реал» тарихидаги энг яхши тўпурар (яқинда Криштиану Роналду унинг рекордини янгилади) бўлиб, жамоа афсонасига айланди. Кейин «Шальке»да ўз маҳоратини кўз-кўз қилди. У бундеслигада атиги 2 йил (66та ўйинда 28та гол) ўйнаган бўлсада, ўзининг очиқкўнгиллиги ва самимийлиги эвазига гельзенкирхенлик мухлислар қалбидан чуқур жой олди. Жамоа Раулга чексиз ҳурмат белгиси сифатида «7» рақамини муомаладан чиқарди.
Раулнинг кейинги бекати Қатарнинг «Ал-Садд» клуби бўлди. Мазкур жамоадаги 2 йиллик фаолияти учун ҳужумчи 12 млн. евро олди ҳамда 2022 йили ЖЧга мезбонлик қиладиган мамлакат чемпиони унвонига эришди. Шундан кейин афсона бир пайтлар Пеле ва Франц Беккенбауэрдек машҳур касбдошлари тўп суришган «Нью-Йорк Космос» клубига йўл олди ва у ерда ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Эътиборлиси, Рауль қаерда ўйнашидан қатъий назар, доимо юксак ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлди. Дейлик, мухлислар унинг шарафига 3 марта дабдабали хайрлашув тадбирини ташкил этишди. Уларнинг биринчиси 2013 йилнинг июлида «Шальке» томонидан уюштирилиб, жамоа «Ал-Садд» билан куч синашди. Ўртоқлик учрашувининг биринчи бўлимида қаҳрамонимиз қатарликлар сафида майдонга тушди, танаффусдан кейин мезбонлар шарафини ҳимоя қилиб, «дубл»га эришди. Учрашув «Шальке»нинг 9:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Орадан 4 ҳафта ўтгач, Рауль энди «Ал-Садд» сафида «Реал» билан хайрлашиш мақсадида «Сантьяго Бернабеу»га ташриф буюрди. У Мадридда ҳам Германиядаги каби икки жамоа таркибида ҳаракатланди. Фарқи - испанлар немисларга қараганда, шафқатлироқ эканликларини намойиш этишди ва 5:0 ҳисоби билан кифояланишди. Табиийки, голлардан бирига Рауль муаллифлик қилди.
2014 йилнинг баҳорида ҳужумчининг фаолиятини якунлаши хусусидаги гап-сўзлар авжига чиқди. Натижада Рауль билан ҳамкорлик қилиш ниятида юрганлар уни таклифларга кўмиб ташладилар: «Реал» спорт директори лавозимига чорлади (Флорентино Перес «Реал» ўғлони»да бўлажак бош мураббий сиймосини кўраётганига шаъма қилганди), «Шальке» ҳам раҳбарлик лавозимларидан бирига чақирди. Лекин океан орти вакиллари ўта манфаатли шартлар асосида уни ўз томонларига оғдиришди ва фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам «Космос» тизимида қолишини маълум қилишди. Энди Рауль клуб академиясида ёш футболчилар тарбиясига бош-қош бўлади. Умуман, у «Космос» либосида 31 марта майдонга тушиб, 9та гол урди. 16 октябрга ўтар кечаси сўнгги учрашувида тўп сурган ҳужумчи фаолиятидаги 22-совринини қўлга киритди.
Раулнинг ягона армони - Испания терма жамоаси совринларга усиз эришди. 2007 йилнинг октябрида мухлислар Испания термасининг ўша вақтдаги бош мураббийи Луис Арагонесни ўқув-машғулотлар базаси ёнида қарши олишди. Улар аввалига жамоага омад тилашди, кейин Рауль нима учун йиғинга таклиф этилмаётгани ҳақида савол беришди. Бош мураббий шундай жавоб қайтарди: «Унинг фаолиятида нечта ЖЧ бўлиб ўтди? 3та. Европа чемпионатичи? 2та. Умумий ҳисобда - 5та турнир. Уларнинг нечтасида ғолиб чиқди? Қани, қани, жавоб бермайсизларми?» Мухлислар жим бўлиб қолишди. Мураббий улардан юз ўгирди-да хитоб қилди: «Бирорта!» Албатта, Раулга ҳам қойил қолиш керак - у ҳеч қачон ҳеч кимга ҳасад қилган эмас. Дейлик, Евро-2012 арафасида Висенте Дель Боске унда таркибдан жой олиш имконияти борлигини маълум қилди. Ҳужумчи астойдил тайёргарлик кўрди, аммо мураббий барибир, якуний «заявка»га киритмади. Шунда ҳам Рауль ҳеч кимдан ранжимади. Ҳатто ундан «Реал» тарихидаги энг яхши тўпурар мақомини тортиб олган Роналдуни ҳам SMS орқали табриклашга куч топди. Дарҳақиқат, ҳасадгўйлик - Рауль учун бегона ҳиссиёт. Шу боис, у бутун дунёнинг ёқимтойига айланди. Яшил майдонни абадий ғолиб сифатида тарк этган афсона ўз келажаги хусусида шундай деди: «Қачондир Мадридга қайтишим аниқ, лекин мураббий сифатида эмас. Ҳозирча бу ролда ўзимни тасаввур қилолмаяпман».
Раулнинг «Реал»даги совринлари
Испаниянинг 6 карра чемпиони
Испания суперкубогининг 4 карра соҳиби
ЕЧЛнинг 3 карра ғолиби
Қитъалараро кубокнинг 2 карра соҳиби
УЕФА суперкубоги соҳиби
Раулнинг футболчилик фаолияти
Испания термаси 102 44
Реал 741 323
Шальке 98 40
Ал-Садд 44 11
Нью-Йорк Космос 31 9
Эътироф
- Рауль Мадридда ва «Реал» қўйнида улғайди. У «МЮ»дан Мадридга кўчиб ўтган Криштиану Роналдудан тамоман фарқ қиларди. Роналдунинг Мадриддаги нуфузи фақат футбол майдони билан чегараланган. Рауль эса яшил майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам юксак нуфузга эга. У - клубнинг тирик афсонаси. Роберто Карлос («Реал»нинг собиқ ҳимоячиси).
Содиқ Собир тайёрлади