Кириш Регистрация
10/10 05:00 Перу - Уругвай

Маттео Дармиан: «Манчестер Юнайтед» - буюк жамоа

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум «қизил иблислар» таркибига келиб қўшилган Маттео Дармиан янгиклуби ўйинларига тезда киришиб кета олди. Италия терма жамоаси ҳимоячиси «МЮ» расмий сайтига ин-тервью бераркан, «Олд Траффорд»гача бўлган йўлни қай тариқа босиб ўтгани ҳақида гапирди.

- Миландан унча узоқ бўлмаган Леньяно қишлоқчасида таваллуд топдим, - деди Дармиан Италиядаги кечинмаларини журналистлар билан ўртоқлашаркан. - Ёшлигимдан профессионал футболчи бўлишни орзу қилардим. Дўстларим билан кўчада тўп тепиб, кеч кирганини ҳам сезмасдик. Ота-онам спорт мактабида қандай сабоқ олаётганим билан мунтазам равишда қизиқишар, аъло баҳоларга ўқишим учун барча шарт-шароитларни яратиб беришганди. 10 ёшга тўлганимда Миландан таклиф келди ва бу шаҳарга кўчиб ўтдим.

- «Милан»да нималарга эришдингиз?

- 9 йил ёшлар таркибида тўп сурдим. У ерда ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида ўсишга эришдим. Ҳаётимнинг энг ёқимли дамларини Миланда ўтказдим. Йиллар ўтиб, орзуим ушалди - асосий таркиб футболчисига айландим.

- 17 ёшда «россонерлар» таркибида дебют қилгансиз. Ўшанда тажриба ва маҳорат камлиги сизга халал бермаганми?

- Албатта, камчиликлар бўлганини инкор этмайман. 2006 йилги Италия кубоги баҳсида «Милан» асосий таркибидаги илк ўйинимни ўтказдим. Ўша йиллари жамоадаги кучли рақобатни енгиш йўлида астойдил меҳнат қилдим ва охир-оқибат ниятимга етдим.

- «Милан»да ҳамиша кучли ҳимоячилар тўп суришган. Хўш, улар буюк футболчи бўлиш сирларини сиз билан баҳам кўришганми?

- Буюк чемпионлар билан бир сафда машғулот ўтказиш - мен учун улкан шараф. Севимли футболчиларим - Алессандро Неста ва Паоло Мальдинининг номи нафақат «Милан», балки жаҳоннинг энг яхши ҳимоячилари рўйхатида қайд этилган. Табиийки, бу икки ҳимоячидан иложи борича кўпроқ нарса ўрганишга интилдим. Уларнинг ҳаракатларини зимдан кузатдим.

- Италияликларнинг аксарияти ҳимоядаги барқарор ўйинлари орқали дунёга танилишган...

- Назаримда, бунга итальянча футбол услуби сабаб бўлган. Балки мураббийлар ҳимояда хотиржам ўйнаш учун шу йўлни танлашгандир. Чиндан ҳам Италияда ҳужумчиларга қараганда ҳимоячиларнинг машҳурликка эришиш имкониятлари кўпроқ.

- «Милан» асосий таркибига киришда қийинчиликлар кузатилганми?

- Бу шунчаки юз бермаган. Ҳар доим дастлабки дақиқадаёқ майдонга тушишни хоҳлаганим сабабли астойдил тер тўкишимга тўғри келди. Нималарга қодир эканлигимни кўрсатиш учун кўпроқ ўйнашим шарт эди.

- «Палермо»даги фаолиятингиз ҳақида ҳам гапирсангиз.

- У ердагиларнинг муносабатида ҳамиша илиқлик сезганман. Ушбу жамоадан ёмонлик кўрмадим, аксинча, индивидуал маҳоратимни оширдим. «Палермо»да ўйнаганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Зеро, айнан шу клуб таркибида илк марта кўзга кўрина бошладим.

- Кейинчалик ўша пайтда «В» серия иштирокчиси бўлган «Торино»га ўтдингиз...

- «Палермо» 2012 йилнинг июнида «Милан» раҳбарияти билан келишган ҳолда мени сотиб олиш ния­ти борлигини билдирди. Бироз вақт ўтиб «Торино»дан бўлган таклиф нафақат палермоликлар, балки менга ҳам маъқул тушди. Зеро, шу пайтга келиб тез-тез асосий таркибдан тушиб қолаётгандим. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида Туринга йўл олдим. Клуб раҳбарияти илк кунларданоқ менга ишонч билдирди. Ўз навбатида, мен ҳам уларнинг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилдим, ҳар бир баҳсга жиддий тайёргарлик кўрдим. «Торино» ўша пайт «В» серияда муваффақиятли иштирок этиб, элитага қайтишни режалаштирганди.

- Кўпинча ўнг қанот ҳимоясида кўриниш берасиз. Ўзингизни бош­қа позицияда ҳам тасаввур қила оласизми?

- Аслида, «Милан»нинг ёшлар жамоасида марказий ҳимояда ўйнардим. Асосий таркиб футболчисига айланганимдан сўнг мураббийлар мени қанотда синаб кўришни исташди. Мана, эндиликда асосан шу чизиқда ҳаракатланяпман. Туриндаги охирги икки йилни эса клубда ўйинчилар танқислиги туфайли чап қанотда ўтказишга мажбур бўлдим. Хуллас, ҳимоя чизиғининг исталган қисмида ўйнай оламан.

- Италия термасидан таклиф бўлишини кутганмидингиз? Дебютда нималарни ҳис этгансиз?

- Барчаси бирданига рўй берди. «Скуадра Адзурра» либосини илк маротаба Ирландияга қарши ўртоқлик учрашувида кийганман. Тўғриси, термадан таклиф оламан, деб ўйламагандим. Мамлакатимиз бош жамоасидаги ўйинларимнинг ЖЧ-2014 турнирига тўғри келиши ҳам омадим чопганидан далолат. Италия термасидаги илк расмий ўйиним эса Англияга қарши баҳсга тўғри келган. Ўшанда майдонга чиқиб келарканман, вужудимни кучли ҳаяжон ва ўз навбатида, ёқимли ҳиссиётлар чулғаб олганди. Аммо афсуски, Бразилия мундиали термамиз учун омадсиз ўтди.

- Жаҳон чемпионатидаги иштирок ўзингизга бўлган ишончни янада оширгандир?

- Албатта, ахир ЖЧда қатнашиш ҳар бир футболчининг орзуси-ку. Нуфузли турнирда кучсиз рақиб бўлмайди, ҳар бир терма сафи энг маҳоратли футболчилар ҳисобига бойитилади. Нуфузли турнирда муваффақиятсизликка учраган бўлсакда, ортимизга ижобий таассуротлар билан қайтдик. Асосийси, шундан сўнг менда тушкунлик ҳолати деярли кузатилмаяпти.

- Туманли ўлкага келгунингизга қадар АПЛ баҳсларини кузатармидингиз?

- Албатта, Англия премьер-лигаси ўйинларини кўпинча ТВ орқали томоша қилардим. Манчестердан қўнғироқ бўлгач, қисқа муддат ичида ўйлаб кўриб, жавоб беришим талаб этиларди. Аслида-ку, «МЮ»дек клуб ўз сафига жалб этаётган бир паллада ўйлашга не ҳожат? Менимча, фаолиятимнинг энг юқори чўққисига чиқдим, дея оламан. Лекин олдинда ҳали имкониятлар бисёр. Даставвал «Олд Траффорд»да бошлаган ишимни охиригача етказиш ниятидаман. Дарҳақиқат, «Манчестер Юнайтед» нафақат Англия, балки жаҳоннинг ҳам энг буюк клублари сирасига киради. Ушбу жамоадан келган таклиф эса мен учун айни муддао эди. Ҳозирда асосий таркибнинг доимий аъзоси бўлиш йўлида тинмай меҳнат қиляпман.

- Инглиз тилини яхши ўзлаштир­япсизми? Клубда итальянчани биладиганлар ҳам борми?

- Инглиз тилини ўрганиш борасида кундан-кунга ўсиш сезяпман, муаллим берган барча топшириқларни бекаму кўст бажаришга ҳаракат қиламан. Афсуски, «МЮ»да италь­янчада гаплашадиганлар йўқ. Фақат фитнесчилардан бири Паоло Гаудино машғулот пайтида бизнинг тилдан фойдаланади.

- Тил борасидаги муаммоларга қарамай, Луи ван Гал сизнинг хизматларингиздан фойдаланишда давом этаётганди. Лекин охирги вақтда майдонда кам кўриниш беряпсиз...

- Иқтидорли футболчилар жамланган «Манчестер Юнайтед»да таркибга кириш учун кучли рақобатни енгиб ўтиш лозим. Майдонда ўз вазифамни кўнгилдагидек бажаришга ҳаракат қиляпман, асосий таркибдаги ўрним учун охиригача курашаман.

- Яхши биласиз, Гари Невилл ўз амплуасида энг яхшилардан бири бўлган. Нима деб ўйлайсиз, Дармиан яқин орада ушбу футболчининг даражасига чиқа оладими?

- Гари «МЮ»нинг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланган. Ҳали у билан тенглашадиган даражага етмадим. Невилл каби буюк футболчи бўлиш учун кўп тер тўкишимга тўғри келади.

- Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз? Феъл-атворингизда камчиликлар борлигини сезганмисиз?

- Бўш вақт топдим дегунча дўстларим олдига шошаман, улар билан бирга кино томоша қилишни яхши кўраман. Умуман олганда эса, майдондан ташқаридаги ҳаёт тарзим оддий инсонларникидан қолишмайди. Табиатан уятчанман.

- Жорий мавсум «Манчестер Юнайтед» юқори ўринлар учун кураша оладими?

- «МЮ»нинг бу йилги таркиби ҳар доимгидек маҳоратли футболчилар эвазига кучайтирилди. Ўйлайманки, биз нафақат жорий, балки кейинги мавсумларни ҳам юқори кайфиятда ўтказа оламиз. Жамоада менга ўхшаган янги футболчилар кўп. Шу боис мураббий таркибни аниқлаш борасида астойдил бош қотиришга мажбур бўлмоқда. 

Маттео Дармиан «МЮ» устозининг ишончини оқлаш учун астойдил меҳнат қилиш ниятида

Маълумот учун:Туғилган санаси:

1989 йил 2 декабрь

Туғилган манзили:

Милан, Италия

Амплуаси: ҳимоячи

Вазни: 70 кг.,

Бўйи: 182 см.

Ўйнаган жамоалари: «Милан» ёшлар жамоаси 2001-2006; «Милан» 2006-2009; «Падова» ижара асосида 2009-2010; «Палермо» 2010-2011; «Торино» 2011-2015; «МЮ» - 2015-...

Акмал ЭШОНХОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:49, 29.11.2015.
Ўқилди: 3301 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.