Аввалдан ўзбегим футбол машъали,
Саналур қитъада донгдор «Пахтакор»!
Шодликлар улашиб, дилга ёқимли,
Зафарлар ёр бўлсин, шонли «Пахтакор»!
Миллионлар ишончин қозониб такрор,
Қалбларда оширгин, футбол ҳавасин.
Майдонда курашиб, ҳалол барқарор,
Рақибларни жўшқин, шер бўлиб ютгин!
Футболнинг чинори, юрт ифтихори,
Чиниққан йигитлар жамланган унда.
Термага чорланган иқтидорлари,
Санъатин кўрсатар, кескин курашда.
Ҳақорат тошларин тинмасдан отиб,
Интернет орқали бўҳтон ёздилар.
Ҳақиқий меҳнатни йўққа чиқариб,
Охири уялиб, афсус чекдилар.
Ўтганлар руҳлари балки қўллади,
Ҳақиқат эгилар, лекин синмайди!
«Пахтакор»им ҳалол очко йиғади,
Пуч гаплар тингламай, зафар қучади!
Лобаннинг «сейв»лари ўхшаб кетади,
Лондонда ўйнаган Юрий кипердек.
Игоржон ажойиб тўпурар бўлди,
Зарбаси ўқ, «тўр тешар» нақ Геннадийдек!
Яна қайтди майдонга Жамшидбек бардам,
Андрей тинмайин паслар бермоқда!
Майконга мос Егор, Камоллар ҳамдам,
Дирижёр Кахижон ўрнак бўлмоқда!
Ўн бир бор кўкларга кубок кўтардинг,
Рақиблар кўнглига ғулғула солиб.
Чемпион тахтига шунча нақд чиқдинг,
«Олтмиш» ёш тўйингга туҳфа тайёрлаб!
«Пахтакор» чинордек кўп йиллар яша,
Халқимиз дилидан олқишлар олиб.
Шердек дадил, қайтмас қадаминг ташла,
Ўзбегим термасин ўзаги бўлиб!
Ғуломжон шифокор тинмай куйлайди,
Чин мухлислар каби сафардан қолмай.
«Пахтакор»ни халқим севмай қолмайди,
«Пахтакор» билинглар, ҳалол ўйнайди!
Ғуломжон ҲАМИДОВ