«Италияда Fiat-500да сайр қилардим. Энди «Феррари» номли «тойчоқ»ни чоптириш имкониятига эгаман», - деганди «Лидс» акциялар пакетини харид қилиш ҳуқуқини қўлга киритган Челлино. Бунгача италиялик ишбилармон «Кальяри»ни бошқариб, 22 йил ичида 36 нафар мураббийни алмаштириши билан ном қозонганди. «Лидс» мутасаддилари бу нохуш маълумотдан хабардор бўлсаларда, унга ортиқча эътибор беришмади. Боиси, жамоа 2014 йилнинг ўрталарида молиявий инқироз чангалида қолган, кўмакка жуда муҳтож эди. Шу сабабли мухлислар Челлинони илиқ қарши олишди - нима бўлганда ҳам, бу тадбиркорнинг қўли «узун» экани аниқ-ку.
Илк кунлардан бошлаб италиялик функционер ўзининг антиқа табиатини намойиш этишга киришди. Аввалига у «17» рақамини муомаладан олиб ташлади: Асосий ва ёшлар жамоалари аъзоларига мазкур рақам остида майдонга тушиш тақиқланди, «Элланд Ролд»нинг 17- сектори «16-В»га ўзгартирилди, шўрлик дарвозабон Кенни 17 май санасида туғилишга журъат этгани учун таркибдан четлатилди! Кейин навбат клуб ҳужжатлари учун фойдаланиладиган сапсар рангли қоғозларга келди - бу рангга янги президент тоқат қилолмас экан. Булар - шунчаки икир-чикирлар. Майамида истиқомат қилишни маъқул кўрган соҳиб жамоа бошқарувига кимнидир тайинлаши лозим эди. Бу борада ҳам омад «Лидс»дан юз ўгирди. Жамоа бошқаруви президентнинг 2 нафар ўғиллари ва қизининг қўлига ўтди.
Клуб хизматчилари билан ҳам Челлино антиқа муносабатларни йўлга қўйди. Биринчидан, у ҳар қайси учрашувга Майамидан самолётда учиб келиб, ложадан жой олар ва мураббийдан ўйин давомида у билан телефон алоқасида бўлишни талаб этарди. Мураббий президентнинг кўрсатмаларига асосан ўйинни бошқарарди. Иккинчидан, шоҳона ҳаётни хуш кўрадиган Челлино жамоа ошпазини ҳам ўз вазифасидан четлатди, кейин ўзи жамоа учун таом тайёрлашни бошлади. Адолат юзасидан таъкидлаш жоизки, Челлино ажойиб пазанда экан - ҳар ҳолда, футболчилар таомни мақтай-тақтай тановвул қилишди.
«Лидс»даги мураббийлар ҳам, «Кальяри»даги касбдошлари қисматига шерик бўлдилар, дастлабки омадсизликдан кейин президент уларни кўчага кузатиб қўярди. «Мураббийларни тарвузга ўхшатаман. То кесиб кўрмагунча унинг сифатини аниқлаб бўлмайди», - Челлинонинг мазкур ақидаси туфайли жамоа 1,5 йилдан бери азият чекмоқда. Дэйв Хокадэй 2014|2015 йиллар мавсумини омадли бошлай олмагач, Массимо уни истеъфога чиқарди. Кейин фикридан қайтиб, жамоага қайтарди. Таажжубки, 5 кундан сўнг яна ҳайдаб юборди. Унинг ўрнини «Лидс» академияси раҳбарларидан бири - Нил Редферн эгаллади. Президент унга 3та учрашувни бошқариш ҳуқуқини берганди, Нил эса жамоани 4 марта амайдонга бошлаб тушди ва 3та ғалаба ва 1та дуранг натижага эришди. Челлино у билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эди. Бироқ жамоа Дархо Миланич билан аввалроқ келишиб қўйганди. Йоркширдаги 32 кунлик фаолияти давомида словениялик мутахассис бирор марта ҳам ғалабага эришолмади.
Редферннинг иккинчи қайтиши Челлино давридаги «Лидс»нинг энг ёрқин саҳифаси бўлиб турибди. Ниҳоят, «бош мураббий вазифасини вақтинча бажарувчи» қўшимчасидан халос бўлган мутахассис бунгача 5 йил жамоа тизимида тер тўккан, барча икир-чикирлар ва футболчиларнинг имкониятларидан хабардор бўлганлиги боис, жамоани янги мавсумга пухта тайёрлаш йўлини биларди. «Товуслар» 2015|2016 йиллар мавсумида АПЛга қайтиш вазифасини мақсад қилишди. «Массимо қабулида бўлиб, унга бир ёш футболчи ҳақида ҳикоя қилдим. Челлино ўзи танимайдиган ўша футболчига 3 йиллик шартнома таклиф этди. Кўриб турганингиздек, биз бир-биримизни жуда яхши тушунамиз», - деганди мурабий йилнинг дастлабки кунларида.
Лекин унинг қувончи узоққа чўзилмади. Аввалига Челлино «товуслар»нинг энг яхши тўпурари - Антенуччини майдонга туширмай қўйди. Боиси, у мавсум арафасида 12тадан кўпроқ гол урган футболчига мукофот ваъда қилган, Антенуччининг голлари 10тага етганидан сўнг захирага «михлаб» қўйганди. Ана сизга ғаройиб тежамкорлик! Кейин президент ҳеч бир сабабсиз Редферини энг яқин дўсти ва ассистенти - Стив Полепсондан жудо қилди. Маълум бўлишича, Челлино бош мураббийни ҳам йўқотиш пайига тушиб қолган экан - академияга қайтарилган Редфери ўрнини Уве Реслер эгаллади. Бироқ ўз вақтида саратондек хавфли хасталикни енга олган «Манчестер Сити»нинг собиқ ҳужумчиси Йоркширда узоқроқ ишлашни эплай олмади. Жамоа «Брайтон»га имкониятни бой бергач (1:2), Реслер ҳам «Лидс»ни тарк этди. Унинг ўрнига келган Стив Эванс раҳбарлигида жамоа 17-ўринда бормоқда.
Хайриятки, Италия суди Челлинони мамлакатга «жип» олиб кирганида қўшимча қиймат солиғини тўламаганликда айблади. АФА эса мамнуният билан уни 8 ойга «Лидс» бошқарувидан четлатди. Мухлислар ўша заҳоти жамоани сотиб олиш учун махсус сайт очдилар ва Челлинога 40 млн. фунт таклиф қилдилар. Президент аввал розилик билдирганди. Лекин бир неча кундан кейин фикридан қайтди. Афтидан, Челлино «Лидс»ни 40 миллиондан қимматроққа пуллашни ёки бир пайтлар Эрик Кантона, Иан Раш ва Жек Чарльтондек машҳур юлдузлар тўп сурган шонли жамоани бутунлай ғарқ қилишни мўлжаллаган кўринади. Ана сизга «халоскор» қиёфасидаги «жаллод»!
Манба: Sports.ru,
С. РАҲМОНОВ тайёрлади