Хабар берганимиздек, “Нью Радиант СК” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Алишер Аҳмедов кеча Мальдив ороллари чемпионати ғолибига айланди.
Чемпионат тугашига бир тур қолганида муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритган “Нью Радиант” жамоаси дарвозабони Алишер Аҳмедовнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
"Аввало чемпионат анча қизиқ тарзда ўтганини айта оламан. Мавсум давомида жуда кўплаб қийин ва муросасиз ўтган учрашувларда қатнашдик. Ўзим ҳам халқаро майдонда ўйнаб тажрибамни оширдим. Бу йил ўйинимда оз бўлсада ўсиш бўлганини сездим. Бундан жуда ҳам хурсандман, албатта.
Мальдив ороллари чемпионатининг 2015-йилги мавсуми тугашига бир тур қолганида эса 1-ўринни нақд қилиб қўйдик. Бундан бутун жамоамиз жуда ҳам хурсанд. Менга бу ерда ўйнаш ёқмоқда. “Нью Радиант” – жуда яхши шаклланган жамоа. Клуб менга янги шартнома таклиф этмоқда. Аммо мен ўз кучимни янада кучлироқ чемпионатда синаб кўришни истайман. Шу боисдан ҳам мавсум якунига етгач барча таклифларни бафуржа кўриб чиқаман.
Чемпионликни қўлга киритганимдан эса жуда ҳам шодман ва уни бутун Ўзбекистон аҳлига бағишлайман", - дейди маҳоратли дарвозабон.