Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Хосе Мария Мендез: «Вазиятлардан фойдаланишда оқсаяпмиз»

Баҳо:
+ | -

Маълумки, 2016 йилнинг февраль ойида Тошкентда футзал бўйича Осиё чемпионати ўтказилади. 10-21 февраль кунлари бўлиб ўтадиган мазкур қитъа чемпионати Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятлидир. Якунда кучли бешталикдан жой олган терма жамоалар мундиалга йўлланма олишади. Ярим финал иштирокчилари билан бирга чорак финалга етиб келган жамоалар орасидан энг яхши натижага эга бўлган бешинчи терма жамоа ҳам океан ортига бориш имкониятини қўлга киритади. Шу пайтгача ўтказилган Осиё чемпионатларида терма жамоамизга ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш насиб этмаганди. Умид қиламизки, бу галги уриниш самарали бўлади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, пойтахтимиз ҳозиргача икки бор 2006 ва 2010 йилларда қитъа чемпионатига мезбонлик қилган ва ҳар иккисида терма жамоамиз Осиё вице-чемпионига айланганди. Бу галги Осиё чемпионати ўйинлари «Ўзбекистон» ҳамда «Универсал» спорт саройларида ўтказилади. Биз сешанба куни якунига етган мамлакат чемпионати биринчи босқич иккинчи тур учрашувларидан сўнг терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендездан интервью олдик.

 

- Жаноб Мендез, суҳбатимиз аввалида чемпионатнинг иккинчи тур учрашувлари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. Сиз барча  ўйинларни бевосита «Ўзбекистон» спорт мажмуасидан кузатиб бордингиз. Терма жамоага номзод футзалчилар ўз клубларида қай даражада ўзларини кўрсата олишди?

- Биринчи галда чемпионат савиясининг ошганлигини алоҳида айтишим керак. Биринчи тур учрашувлари билан иккинчи тур ўйинлари орасида айтишга арзигулик фарқ бор. Биринчи тур якунларига кўра «Олмалиқ» жамоаси турнир жадвалида пешқадамликни ўз қўлига олганди. Улар бироз кутилмаганда асосий рақиблари ҳисобланган «Ардус» жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этишганди. Мана, иккинчи тур ўйинларида вазият энди «Ардус» фойдасига ўзгарди. «Олмалиқ» кутилмаганда нисбатан кучсиз деб қаралган рақиблари билан ўйинларда қимматли очколардан маҳрум бўлди. Иккинчи турдан сўнг турнир жадвалида карвонбоши ўзгарди. Менга «Турон-С», «Дўстлик» жамоалари кўрсатаётган ўйинлар маъқул келяпти. Мана, бугун (суҳбат 24 ноябрь куни уюштирилган, - муаллиф) «Турон-С» жамоа­си «Олмалиқ» билан ўйинда чемпионга қандай қаршилик кўрсатганини ўзингиз кўрдингиз. Андижонликлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. «Олмалиқ» тажрибали терма жамоа футзалчилари эвазига вазиятни ўзгартира олди. Тўғри, «Турон-С» мағлубиятга учради. Лекин улар кураша олишларини исботлашди. Мени хурсанд қилаётган ҳолат шундаки, чемпионатда бундай ўйинлар сони ошиб боряпти. Терма жамоанинг асосий таркиб футзалчиларига муносиб рақобат қила оладиган ўйинчилар кашф этилаётганидан ҳам хурсанд бўляпман. Бежизга терма жамоанинг кучи миллий чемпионатнинг савиясига қараб белгиланмайди.

- Яқинда Япония сафаридан қайтиб келдинглар. Икки ўйинда икки хил натижа қайд этилди. Умуман, амалдаги Осиё чемпионларига қарши ўтказилган ўйинлардан кўнглингиз тўлдими?

- Табиийки, бу ўйинлардан икки хил таассурот қолди. Биринчи учрашувда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлдик. Биласизми, айнан мана шу ўйинда аслида биз шундай ҳисоб билан учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз керак эди. Лекин футзалчиларимиз ўйин давомида юзага келтирилган қулай вазиятларни кўкка совуришди. Имкониятларнинг ярмидан фойдаланганимизда ҳам илк ўйин бизнинг фойдамизга ҳал бўларди. Японлар эса кўп вазиятга эга бўлишмади. Аммо, ўша кам имкониятдан ҳам улар максимал даражада фойдаланишди. Демак, биз айнан хавфли вазиятларни голга айлантиришда оқсаяпмиз. Ўзи кучли жамоаларга қарши кечадиган ўйинларда камчиликлар кўзга ташланади. Осиё чемпионатигача ҳали вақтимиз етарли. Олдинда Беларусь ва Қатар терма жамоаларига қарши ўтказиладиган ўйинлар кутиб турибди. Бундан ташқари, ўқув-машғулот йиғинлари бор. Ўйлайманки, қитъа чемпионатига қадар камчиликларни бартараф этишга муваффақ бўламиз.

- Нагояга боргунга қадар анча йўл босиб ўтдинглар. Аввалига Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрига учдинглар, у ердан Токио ва кейин Нагоя шаҳрига етиб олдинглар. Энг ёмони, манзилга кечқурун етиб бординглар ва эртаси куни эрталаб японларга қарши илк ўйинда майдонга тушдинглар. Сўрамоқчи бўлганим, бу  омиллар ҳам биринчи ўйиндаги мағлубиятга сабаб бўлдими?

- Менимча, унчалик катта таъсир қилмади. Биз айнан биринчи ўйинда яхши ҳаракат қилдик. Гарчи иккинчи учрашувда 4:4 ҳисоби қайд этилган бўлсада, менга кўпроқ биринчи ўйин маъқул келди. Иккинчи баҳсда менга йигитларнинг характер намойиш этганликлари ёқди. Биз 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраётган эдик. Ўйинчиларимиз худди уйқудан уйғонгандек якунда мувозанатни тиклашга муваффақ бўлишди. Сир эмас, Эрон, Япония ва Таиланд терма жамоалари Осиёда етакчи ҳисобланишади. Тан олиш керак, ҳозир биз бу жамоалардан бироз бўлсада ортда қоляпмиз. Лекин фарқ борган сари қисқаряпти. Декабрь ойида иккита хориж йиғини ва унинг доирасида 4та ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилган. Аввалига 2-3 декабрь кунлари Минск шаҳрида Беларусь терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинлари ўтказамиз. У ердан тўғри Доҳа шаҳрига йўл оламиз. 7-9 декабрь кунлари Қатар терма жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушамиз.

- Беларусь ва Қатарга йўл оладиган таркибни аниқлаб олдингизми?

- Чемпионатнинг иккинчи тур учрашувларида айрим футзалчилар ўзларини ижобий томондан кўрсатдилар. Мураббийлар штаби билан ён дафтарчамга белгилаб қўйган ўйинчиларни ўрганамиз. Ўйинлар тасмасини яна бир бор кўриб чиқамиз. Шуни айтишим мумкинки, Японияга борган таркиб билан катта фарқ қилмайди. Терма жамоа ўзагини аниқлаб олганмиз. Икки-учта ўзгаришлар бўлиши мумкин. Беларусь билан бунгача икки бор ўйнаганмиз. Битта ўйинда ғалаба қозониб, яна бирида дуранг қайд этилган. Қатар эса биз учун бироз сирли рақиб бўлиб турибди. Боиси, уларнинг ҳозирги таркибида катта ўзгаришлар рўй берган. Таркибда маҳаллийлаштирилган бразилиялик тўрт нафар футзалчи пайдо бўлган. Биласиз, бразилиялик футзалчилар жуда кучли ҳисобланади. Узоққа борманг, Қозоғис­тоннинг «Қайрат» клубини айнан бразилиялик футзалчилар машҳур қилди. Жамоанинг УЕФА кубоги соҳиби бўлишида ҳам бразилияликлар катта роль ўйнашган. Ўртоқлик ўйинлари баҳона Осиё чемпионатида рақиблардан бири бўлиши кутилаётган Қатар терма жамоасини ҳам ўрганишга муваффақ бўламиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:27, 30.11.2015.
Ўқилди: 2972 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.