Қозоғистоннинг "Астана" клуби ҳомийлардан келгуси мавсум учун 45 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сўради.
Мазкур суммани "Самрук-Қазина" директори Дархан Калетаев маҳаллий телевидениега берган интервьюсида маълум қилган. Шунингдек, у клуб бюджети 15 январгача тасдиқланишини таъкидлаб ўтган.
"Бу йил янги база қурилиши билан қўшиб ҳисоблаганда бюджет 45-47 миллионни ташкил қилади. Улар ҳозирча шунча сўрашди. Энди ҳисоблаб чиқишимиз керак. УЕФА томонидан бериладиган реклама ҳуқуқи асосидаги ва ЕЧЛдаги иштирок учун тўланадиган мукофот пулларини бундан айириб ташлаш мумкин. Агар йиллик бюджетни 38 миллион деб ҳисобласак, клуб аллақачон унинг ярмини ишлаб топди. Бу қувонарли ҳолат. Агар вазият келгуси йилда ҳам шу тарзда давом этса, бундай бюджетни бемалол тасдиқлаш мумкин бўлади” – деди у.
Эслатиб ўтамиз, Станимир Стойлов мураббийлигидаги жамоа бу мавсумда мамлакат чемпионлиги ва Суперкубогини қўлга киритди. Кубок финалигача етиб борди. Европа чемпионлар лигасида 4 очко жамғаришга муваффақ бўлди.