Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Кахи Махарадзе:«Пахтакор» ўйинларини сотиб олади» - бу гап сафсата»

Баҳо:
+ | -

«Пахтакор» молиявий қийинчиликларга қарамай, бу йил ҳам чемпионликни қўлга киритди. Шунинг баробарида «шерлар» ўз унвонларини муносиб ҳимоя қилдилар. Айни пайт футболчилар таътилда. Тез орада янги мавсумга тайёргарлик бошланади. Шонли тарихга эга клубни олдинда янада қийин кечиши кутилаётган янги мавсум кутиб турибди. Турли гап-сўзларга қараганда, чемпион жамоани айрим етакчи футболчилар тарк этишади. Дейлик, Игорь Сергеевга «Санфречче Хиросима» жамоаси қизиқмоқда. Терма жамоамиз марказий ҳимоячиси Егор Кримецнинг эса ўзига яхши таниш бўлган Хитой чемпионатига йўл олиши кутиляпти. Жамоа сардори Кахи Махарадзенинг ҳам «Пахтакор»дан кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Биз Грузияда ҳордиқ чиқараётган Кахи билан боғланиб, айни мавзуда интервью олдик.

- Кахи, аввало, сизни чемпионлик билан табриклаймиз. Суҳбатимизни мавсум якунлари ҳақидаги мулоҳаза ва таассуротларингиз билан бошласак...  

- Табрик учун раҳмат. Биз учун ўта мураккаб ва қийин мавсум бўлди. Барча йўналишда қийинчиликка дуч келдик. Шунга қарамай, катта матонат намойиш этиб, якунда чемпионлик унвонини сақлаб қолдик. Қайсидир маънода бу галги чемпионлик мўъжиза эвазига қўлга киритилди.

- Чемпионлик пойгасида ҳал қилувчи аҳамият касб этган энг қийин ўйинларни айта оласизми?

- Бу йил ҳам «Навбаҳор» ва «Машъал» жамоаларига қарши сафар ўйинларида қийинчиликка учрадик. Менимча, Наманган ва Муборакдаги ғалабалар эвазига яна чемпионлик шоҳсупасига кўтарилдик.

- Қаршида «Насаф» билан бўлиб ўтган 29-тур учрашуви-чи? Бу ўйин­ни эсдан чиқардингизми?

- Йўқ, албатта. Айнан Қаршидаги ғалабадан сўнг чемпион бўлишимиз деярли ойдинлашди. Ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, сафардан ғалаба билан қайтишимизни билардик. Зеро, «Пахтакор»нинг потенциа­ли жуда юқори. Футболчилар ўз имкониятларини тўлиқ намоён этсалар, жамоамизни унча-мунча клуб енголмайди. «Пахтакор» - бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Кези келганда шуни айтишим керак, айримлар томонидан «Пахтакор» ўйин­ларни сотиб олади» қабилида айтилаётган гап-сўзлар сафсата, бўҳтондан бошқа нарса эмас. Буни ишонч билан айтаман. Агар пул бўлганида,  биринчи навбатда, биз - футболчиларга бериларди. «Пахтакор» чемпионга хос ўйин намойиш этмади, у бунга муносиб эмас», деган гапларга ҳам умуман қўшилмайман. Ўйин ҳамиша унутилади, натижа тарихда қолади. Қолаверса, олий лиганинг 15та жамоаси ҳам «Пахтакор»га қарши тиш-тирноғи, 200 фоиз куч билан майдонга тушади. Бу гапимни инкор этадиганлар ўйинларимиз видеоёзувини кўриб чиқишсин.

- Хўш, «Металлург»га қарши кечган ўйин ҳақида нима дейсиз?

- Очиғини айтаман, биз сўнгги дақиқаларга қадар ғалаба учун ўйнадик ва бунинг учун якунда тақдирландик. Ҳа, кўпчилик ўйин охирида белгиланган 2та пенальтига эътироз билдирди. Лекин икки вазиятда ҳам жарима майдони ичида қўполлик ишлатилганди-ку. Европа футболига қарасангиз, кўплаб ўйинлар тақдири сўнгги дақиқаларда ҳал бўлади. Бу футбол, уни шундай кутилмаган натижалар, олдиндан айтиш мушкул ҳолатлар учун ҳам яхши кўришади. Яна бир бор қайтараман, «Пахтакор» ҳеч қачон келишилган ўйин­ларда иштирок этмаган ва уларни сотиб олмайди ҳам. Биз ҳақли равишда чемпион бўлдик. «Тоза» ўйнамаганимизда, бундай натижаларга эришолмасдик. Энг муҳими, узоқ муддат маош олмай туриб ҳам, кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини, ҳаммасини пул ҳал қилмаслигини исботладик. Дейлик, мен охирги марта қачон маош олганимизни эслолмайман. Аслида бизнинг чемпион йигитларимизга ҳайкал қўйиш керак.

- Ўзбекистон кубоги ярим финалида «Бунёдкор»га имкониятни бой бердинглар. Кўпчилик «Пахтакор»нинг ҳар икки учрашувда ютқазишини кутмаганди...

- Менимча, финал йўлланмаси тақдири биринчи ўйиндаёқ ҳал бўлганди. Аслида ўша, ўз майдонимизда ўтказилган учрашувни йирик ҳисобда фойдамизга ҳал қилишимиз керак эди. Афсуски, вазиятлардан фойдаланолдик. Адашмасам, ўша баҳсда рақиб дарвозаси томон 24-26 марта аниқ зарба бердик. Лекин омад келмаса қийин экан. Агар вазияларнинг ярмидан самара чиқарганимизда ҳам, финал масаласини деярли ҳал қилиб қўярдик. Меҳмонлар эса 4та хавфли ҳужумнинг 3тасини голга айлантиришди. Билмадим, балки Ўзбекистон кубогидан чиқиб кетганимиз бизни янада кучайтиргандир...

- Умуман, олий лига савияси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Чемпионат савияси ошаётгани кўзга ташланмоқда. Мана, чемпионлик масаласи сўнгги турда ҳал бўлди. Лигани тарк этадиган жамоа номига ҳам айнан 30-турда ойдинлик киритилди. Охирги тургача олий лигада қолиши даргумон бўлган «Бухоро» бирданига 2 поғона юқорилади. Агар «Динамо» сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб юбормаганида, олий лигани «Сўғдиёна» тарк этарди. Шунинг ўзи чемпионат савияси ошиб бораётганидан далолат.

- Эндиги режалар қандай?

- Ҳозирча аниқ гап айтолмайман. Айни пайт оилам даврасида ҳордиқ чиқаряпман.

- «Пахтакор» билан шартномангиз якунига етди. Келишувни узайтирасизми?

- Барчасига йил охирида ойдинлик киритамиз. Айни пайт бу ҳақда ўйлаётганим йўқ.

- Таклифлар олаётгандирсиз?

- Албатта. Чорловлар жуда кўп. Қайси бирини танлашни ҳам билмаяпман.

- Сир бўлмаса, қайси жамоалардан чорлов бўляпти?

- Бу саволингизга жавоб беролмайман.

- Лоақал гап қайси давлат клублари ҳақида кетаётганини айтарсиз?

- Фақат, хорижнинг 3-4та клубидан таклиф борлигини тасдиқлайман, холос.

- Ўзбекистон жамоалари ҳам чақиришяптими?

- Ҳа, аммо бошқа гап айтмайман. Зеро, ҳозирча «Пахтакор» футболчисиман. Жамоа билан шартномам 31 декабрь куни расман якунига етади.

- ОЧЛ қуръаси натижасидан хабардормисиз? «Пахтакор» бу гуруҳдан чиқа оладими?

- Тўғрисини айтсам, қуръа жараёнини кузатмадим. Қайси жамоалар билан битта гуруҳга тушганимизни ҳам билмайман. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, клуб ўз олдига юқори вазифаларни қўяди.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бўлажак Осиё чемпионатида омад тилайман. Бу жамоада ҳам «Пахтакор» мураббийлар штаби ва шахсан Самвел Бабаян ишлаяпти. Унинг таркибида кўплаб жамоадошларим тўп суришади. Шахсан мен Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилишига ишонаман.

- Кахи, мавсум якунларига кўра, 3 нафар энг яхши футболчини эътироф этсангиз...

- Бошқалар ранжишмасин-у, бу йил Игорь Сергеев яққол ажралиб турди. Ҳам клуб, ҳам терма жамоада бир хил савияда ўйин намойиш этди. Қисқаси, ҳақиқий ҳужумчиларга хос ҳаракат қилди. Бежиз чемпио­нат тўпурари бўлмади. Махсус сўровда ҳам Игорнинг ғолиб чиқишига ишонаман.

- Мураббий масаласида-чи?

- Шубҳасиз, Самвел Бабаянни эътироф этаман. У нималарга қодирлигини исботлади ва исботлаяпти.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:19, 17.12.2015.
Ўқилди: 5028 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.