Ўзбекистон чемпионати олий лигасининг ортда қолган жорий мавсуми ўтган йил билан таққослаганда анча қизиқарли кечди. Ҳам совринли ўринлар учун кураш, ҳам кучлилар сафида ўз ўрнини сақлаб қолиш учун баҳс сўнгги тургача давом этди. Иккала йўналишда ҳам айнан охирги турда ўринлар тақсимланди. Масалан, мавсумни ўта омадсиз ўтказган ва чемпионатнинг каттагина қисмида турнир жадвалининг сўнгги поғонасида пешқадамлик қилган «Бухоро» жамоаси мўъжиза эвазига элитадаги ўрнини сақлаб қолди. Охирги турда «Динамо»нинг ўз майдонида «Олмалиқ»ни мағлуб эта олмагани ва ўз ўрнида «Бухоро»нинг Жиззахдаги муваффақияти бухоролик футболчилар жонига оро кирди. Албатта, бунда иккинчи даврада катта ҳажмдаги ишни амалга оширган футболчилар, хусусан, Азиз Ибрагимовнинг хиссаси катта бўлди. Биз бу йилги мавсумда тўпурарлик маҳоратини намойиш этган ярим ҳимоячидан чемпионат якунлари мавзусида интервью олдик.
- Айни пайтда Прагада ҳордиқ чиқаряпман, - дея сўз бошлади А.Ибрагимов. -Шу орқали янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқдаман.
- Тошкентга қачон қайтасиз?
- Билмадим. Бу саволингиз ҳозирча очиқ қолади. Чунки таклифлар бисёр, саволга аниқ жавоб беришим қайси жамоа вариантида тўхталишимга боғлиқ.
- Чехияда қолиш вариантлари ҳам борми?
- Худди бизда бўлгани каби Чехияда ҳам мавсум якунланган. Ҳамма таътилга чиққан. Бу билан таклифлар ҳам йўқ, дея олмайман.
- Мавсумни «Динамо»да бошлаб, «Бухоро» жамоасида тугатдингиз. Менимча, бундай бўлишини ўзингиз ҳам кутмаган бўлсангиз керак?
- Биласизми, «Динамо»да мавсумнинг охиригача ўйнайман, деб ўйлагандим. Шундай эзгу истак билан шартномага имзо чеккан эдим. Очиғи, бундай якун бўлишини кутмагандим. Иккинчи даврада «Бухоро»га ўтиб, шу жамоада чемпионатни якунлашим сиз айтгандек, мен учун кутилмаган ҳолат бўлди.
- «Бухоро» жамоасининг олий лигада қолишини кўпчилик кутмаганди. Шахсан ўзингиз бунга охиригача ишонганмидингиз ёки...?
- Бунга мендан кўра «Бухоро» мухлислари ишонишган ва умид қилишган бўлса керак. Ҳақиқатан ҳам, жамоамиз қийин ва мураккаб аҳволга тушиб қолганди. Иккинчи даврада рўй берган ўзгаришлар эса клубнинг олий лигада ўз ўрнини сақлаб қолишига замин яратди. Шу ўринда бизни қийин вазиятда ҳам қўллаб-қувватлаган, охиригача ишонч билдирган жамоамиз мухлисларига футболчилар номидан миннатдорчилик билдираман.
- «Бухоро» жамоаси раҳбарияти жорий мавсум бўйича барча футболчилар билан ва хусусан, сиз билан ҳисоб-китобни тўлиқ амалга оширдими?
- Янги йил байрамигача барча қарзларни тўлашга ваъда беришган. Ўйлайманки, улар ўз сўзларининг уддасидан чиқишади.
- Жамоа билан шартномангиз якунига етди. Янги мавсумни катта эҳтимол билан «Бухоро»да бошласангиз керак?
- Билмадим, балки шундай қиларман. Қарор чиқаришга шошилмайман. Таклифларни кўриб чиқиб, якуний қарорга келаман. Бу борада хато қилмаслигим керак. Ҳозир дам оляпман ва келаси мавсум ҳақида ўйлаш учун ҳали фурсат бўлади.
- Бу йил анча сермаҳсул ўйин намойиш этдингиз. Табиийки, бундай ҳолатда таклифлар бўлса керак?
- Албатта. Таклифлар етарли. Лекин юқорида айтганимдек, қарор чиқаришга шошилмайман.
- Янги мавсумда ҳам олий лигамизда ўйнаш ниятингиз борми?
- Бўлиши мумкин. Олий лиганинг бир нечта жамоасидан таклифлар бор. Аммо хориж клубларидан ҳам таклиф йўқ эмас.
- Умуман, бу йилги мавсум юзасидан умумий фикр ва хулосаларингиз қандай бўлди?
- Бу йилги чемпионат барча учун ҳаяжонли кечди, деб айтиш мумкин. Чемпионлик масаласи ва олий лигада қоладиган клуб номи ҳам сўнгги - 30-турда аниқ бўлди. Шунинг ўзиёқ чемпионатимизнинг қандай ўтганлигини кўрсатиб турибди.
- Тез орада мавсумнинг энг яхши футболчиси аниқланади. Кимларни кучли учликда кўришни истардингиз?
- Игорь Сергеев, Марат Бикмаев, Александр Лобанов. Менимча, чемпионат тўпурари бўлган «Пахтакор» ҳужумчиси 2015 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиси, деб топилса керак. Шундай бўлишини истардим.
- Тахминингизча, мураббийларнинг кучли учлиги қандай кўринишда бўлади?
- Жамшид Саидов, Самвел Бабаян, Рўзиқул Бердиев. Йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийини журналистлар аниқлаб беришади.
- Январь ойида Осиё чемпионатида иштирок этадиган олимпия терма жамоамизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Бу йилги Осиё чемпионати муросасиз ўтиши аниқ. Гуруҳимизда Жанубий Корея ва Ироқ терма жамоалари асосий рақиб саналишади. Ўйлашимча, олимпиячиларимиз муваффақиятга эришадилар. Бундай фикр юритишимга етарлича сабаблар бор. Биринчи галда таркибдан иқтидорли футболчилар жой олишган. Барчалари олий лиганинг етакчи клублари сафида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиб келишяпти. Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев, Достон Ҳамдамов сингари футболчилар бу йилги мавсумда яхшигина ўсишга эришишди. Иккинчидан, ёшларимизга миллий жамоамиз устози Самвел Бабаян бош мураббий этиб тайинланди. Бу мутахассиснинг салоҳиятини «Пахтакор» клубидан ташқари миллий терма жамоада ҳам кўрдик. Мураббийлар штабида тажрибали, ўз ишининг уста мутахассислари бош мураббийга ёрдам беришяпти. Шуларни инобатга олган ҳолда айтишим мумкинки, олимпия терма жамоамиз Қатар яшил майдонларида ўтказиладиган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, ўз олдига қўйилган вазифани шараф билан уддалайди. Бунга ишончим комил.
К.АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси