Биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ саралашидаги илк ўйинини Яманда мезбонларга қарши ўтказган. Қарангки, ҳозирча мундиал йўлидаги охирги учрашувимиз ҳам айнан Яман термаси билан кечди. Фарқи шуки, бу сафар жамоалар Қатарда тўқнаш келишди. Шу 2та ўйин оралиғида миллий жамоамиз 5 марта ЖЧга чиқишга уриниб кўрди, ҳозир 6-иштирок давом этмоқда. Қуйидаги статистика айнан мундиал йўлида урилган
Голлар ҳақида.
** Жамоамиз 1998, 2002, 2006, 2010, 2014 ва 2018 йилги жаҳон чемпионатлари саралаш ўйинларида жами 166та гол урган. Маҳсулдорлик бобида энг яхши кўрсаткич ЖЧ-98 саралашида қайд этилган - 33та гол. ЖЧ-2018 йўлида эса ҳозирча 18та гол урилди. Демак, бу галги уринишда нафақат самарадорлик рекорди янгиланиши, балки ниҳоят, мундиал чиптаси қўлга киритилишига умид катта.
** Жамоамизнинг ЖЧ саралашидаги илк голига Нўъмон Ҳасанов муаллифлик қилган. «Пахтакор»нинг амалдаги бош мураббийи 1997 йилнинг 9 май куни Сано шаҳридаги «Али Муҳсин» стадионида бўлиб ўтган учрашувнинг 30-дақиқасида пенальтидан унумли фойдаланганди. Ҳозирча охирги бўлиб турган гол эса, биласиз, 17 ноябрь куни Дохадаги «Гранд Ҳамад» стадионида Станислав Андреев ҳисобига ёзилди.
** 166та гол жами 47 нафар футболчи ҳисобига ёзилган. Улардан бири автогол сифатида қайд этилган.
** Максим Шацких, Александр Гейнрих ва Сервер Жепаров нақ 4та мундиал саралашида гол уриш уддасидан чиқишган.
** Битта саралаш ўйинида энг кўп гол урган футболчи - бу Жаъфар Ирисметов. У ЖЧ-2002 йўлидаги ўйинларда рақиблар дарвозасини нақ 10 марта ишғол этганди.
** Максим Шацких ЖЧ саралашларидаги бош тўпурардир. У 4та циклда жами 15та гол ҳосил қилган. Лекин Сервер Жепаров яқин орада Максдан ўзиб кетиш имкониятига эга. Бунинг учун яна 4та гол урса, кифоя.
Ф.ФАЙЗИЕВ, interfutbol.uz