Шу кунларда олий лига жамоалари янги мавсумга тайёргарликни ўз қароргоҳларида олиб боришяпти. Янги йил байрамига қадар давом этадиган тараддуд тикланувчи машғулотларга асосланган. Январь ойидан бошлаб тўлақонли машғулотлар, назорат учрашувлари билан тайёргарлик давом эттирилади. Жумладан, амалдаги мамлакат чемпиони «Пахтакор» ҳам 20 декабрдан яна бир чемпионлик ҳимояси мавсумига тайёргарликни бошлади. Машғулотлар иқлим шароитига қараб «Ёшлик» аренаси ҳамда «Пахтакор» стадионида олиб бориляпти. Январь ойида БААда икки ҳафталик йиғин ва унинг доирасида бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Биз мавсумга тайёргарлик, таркибдаги ўзгаришлар, ОЧЛ ва чемпионат қуръасига бўлган муносабат мавзусида клуб спорт директори Григорий Цейтлиндан интервью олдик.
- Григорий Семёнович, авваламбор, сизни ва «Пахтакор»нинг катта аҳил жамоасини чемпионлик мавсуми билан табриклаймиз. Суҳбатимиз аввалида мавсум сарҳисоби ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Биласизми, ҳамиша чемпион бўлишдан кўра уни ҳимоя қилиш қийин кечган. Чемпионлик учун курашадиган жамоаларнинг бу йилги савиясидан келиб чиқиб айтсам, ўзи аввалбошдан осон бўлмаслиги аниқ эди. Айниқса, «Локомотив» ва «Насаф» олтин медаллар учун курашда охиригача жиддий рақобатни юзага келтиришди. Гоҳ «Локомотив», гоҳида биз турнир жадвалида пешқадамлик қилдик. Кутилмаган ўйинларда биз ҳам, улар ҳам очко йўқотишди. Чемпионатимиз ҳар йилгидан ҳам қизиқарли ва муросасиз тарзда кечди. Сўнгги турда чемпионлик унвонини расмийлаштирганимизнинг ўзиёқ фикримни исботлаб турибди.
- Янги мавсумга тайёргарликни 20 декабрдан бошладинглар. Январь ва февраль ойидаги ҳозирлик режаси ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- Янги йил байрамигача Тошкентда шуғулланамиз. Машғулотларимиз об-ҳавога қараб «Ёшлик» аренаси ҳамда «Пахтакор» стадионида ўтказиляпти. Январь ва февраль ойларида БААда иккита хориж йиғини ташкил этилади. Бу йиғинларнинг кунлари аниқ бўлиб улгурган. Ҳозир ўртоқлик учрашувлари учун бир нечта жамоалар билан музокара олиб боряпмиз. Табиийки, улар хориж клублари бўлади. Шу икки йиғинимиз ОЧЛ баҳслари, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги учун асосий тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб беради.
- Олий лигага қуръа ташланиб, жамоалар турлар бўйича ўз рақибларини билиб олишди. «Пахтакор» мавсумни кетма-кет уй учрашувлари билан бошлайди. Умуман, қуръа ҳақида қандай фикрдасиз?
- Бундан аввалги мавсумларни аксинча, кетма-кет иккита сафар ўйини билан ҳам бошлаганмиз. Бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ. Барибир, ҳар бир жамоа билан уй-сафар тизимида ўйин ўтказишимиз керак. Лекин мавсум аввалидаги иккита учрашувни ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўтказишимиз ижобий ҳолат. Мухлислар ҳам қишки таътилдан сўнг анча футболни соғиниб қолишади. Уларга футбол ва ғалаба қувончини улашишга ҳаракат қиламиз. Ке-йин яна бир жиҳати борки, ОЧЛ ўйинидан сўнг ўз майдонимизда кетма-кет иккита ўйин ўтказишимиз жуда яхши ҳолат. Шулардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, қуръа биз учун омадли келди.
- «Пахтакор» учун гуруҳ босқичидаги рақибларни танлаб берган ОЧЛ қуръаси ҳақида нима дейсиз?
- Бу борада ҳам деярли шундай фикрдаман. Гуруҳ ўйинлари уй-сафар тизимида ўтказилади. Биз учун таниш рақиблар. Аввалги йиллар билан таққослаганда, қуръа ҳеч қандай шов-шувли ҳолатни туҳфа қилгани йўқ.
- Эшитишимизга қараганда, тез орада «Пахтакор»ни асосий таркибнинг бир неча етакчи футболчилари тарк этар экан. Улар орасида чемпионат тўпурари Игорь Сергеев, жамоа сардори Кахи Махарадзе, шунингдек, Егор Кримец, Шерзод Каримов, Александр Мерзляков каби футболчилар бор эмиш. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Шуни айтишим мумкинки, ҳозирча бу гаплар расмий асосга эга эмас. Ҳеч бир футболчи расман «Пахтакор»ни тарк этгани йўқ. Ҳа, сиз айтган ўйинчиларга бошқа клублардан жиддий таклифлар бўляпти. Шартномалари якунланган футболчилар бор. Улар билан музокара олиб боряпмиз. Тез орада бу масалага ойдинлик киритилади.
- Игорь Сергеевнинг кейинги фаолияти ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Унинг ижара асосида Япониянинг «Санфречче Хиросима» клубига ўтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди...
- Олимпия ўйинларига йўлланма бериши билан аҳамиятли бўлган Осиё чемпионатини ўтказиб олганимиздан сўнггина Сергеев трансферида музокараларни бошлаймиз.
- Яқинда Кахи Махарадзе билан суҳбатлашганимизда янги мавсумни катта эҳтимол билан бошқа клубда бошлашини айтди. Жамоа сардорининг бу қарорига қандай муносабат билдирасиз?
- Кахи ҳали Тошкентга келмади, табиийки, машғулотларда ҳам иштирок этмаяпти. Байрамни ўтказиб олгач, жамоа ихтиёрига етиб келишини айтди. Ўйлайманки, у «Пахтакор»да қолади. Шунингдек, Шерзод Каримовнинг «Бунёдкор»га ўтиши ҳақидаги гап-сўзлар шунчаки миш-миш.
- Жамоа машғулотларида янги футболчилар кўрикдан ўтаётган экан...
- Худди шундай. Суҳроб Бердиевни таркибга жалб қилдик. Шунингдек, «Бухоро» жамоасидан 1996 йилда туғилган ёш футболчи ҳам кўрикдан ўтмоқда. Тез орада яна янги ўйинчилар сафимизга қўшилиши керак.
- Қуръа ташлаш маросимида ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов жамоа раҳбарларига 29 декабргача муддат берди. Агар шу санагача мавжуд қарздорлик ёпилмаса, «Пахтакор» олий лигадан четлатиларкан. Сизнингча, бир ҳафтада вазият ижобий томонга ўзгарармикан?
- Албатта. Бу масалада клуб раҳбарияти иш олиб боряпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Пахтакор» раҳбарлари Янги йилгача барча билан ҳисоб-китобни тўлиқ амалга оширади.
Камолиддин Алимов суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри