Келаси йилнинг 11 январида Швейцариянинг Цюрих шаҳрида 2015 йилнинг энг яхши футболчисига аталган “Олтин тўп” мукофотини топшириш маросими ўтказилишидан хабарингиз бўлса керак, албатта.
“Олтин тўп”. Эҳҳе, бу мукофотни олиш ҳар қандай футболчигаям насиб қилавермаса керак-ов, яна ким билади дейсиз. “Олтин тўп”ни кўпинча ҳужумчилар қулга киритадилар, уларга ҳавас қилсак арзийди. Аммо дарвозабон билан ҳимоячиларга сабр тилашдан бошқа чорамиз йўқ. “Олтин тўп” тарихида фақат бир маротаба дарвозабон, икки маротаба ҳимоячилар қўлга киритгани бунга мисол бўла олади.
Бу гал “Олтин тўп”га давогарлик қилаётган Месси, Роналду ва Неймар ҳужумчилардир. “Ҳужумчилар триоси” ўз клубларида ажойиб ўйинлари орқали муҳим голларни ўрмоқда ва уччаласиям “Олтин тўп”га лойиқдир. Лекин, улардан фақат биттасига “Олтин тўп” насиб этади, холос.
“Олтин тўп”ни ким олади: Месси, Роналду ёки Неймар? Ҳар бир мухлис ўз дунё қарашидан келиб чиққан ҳолда ўзининг севимли футболчисини “Олтин тўп”га лойиқ кўради. Ўғлим “Барселона” клуби ва Мессининг мухлиси ҳисобланади. Бу сафар Мессининг “Олтин тўп”ни олишига ишонади.
Негаки, ўтган йили “Реал Мадрид” жамоаси билан ҳам ЕЧЛ, ҳам Клублар ўртасида ЖЧ ғолиблигини қўлга киритишда катта ҳисса қўшган Роналду “Олтин тўп”ни олган эди-да.
Бу сафар эса бунинг акси бўляпти. Месси “Барселона” жамоаси билан ҳам ЕЧЛ, ҳам Клублар ўртасида ЖЧ ғолиблигини қўлга киритишда катта ҳисса қўшди.
Ҳозирча Месси тўрт (2009, 2010, 2011, 2012), Роналду эса уч (2008, 2013, 2014) марта “Олтин тўп” соҳиби бўлишган бўлса, Неймарнинг илк бора “кучли учлик” рўйхатига киритилиши, уни келажакда “Олтин тўп”га давогарлар рўйхатида доимий иштирок этиши учун янада кучли ўйин номойиш этиши, шубҳасиз.
Абдумажид Қодиров
P/S. Месси, Роналду ва Неймар — қайси бири “Олтин тўп”ни олишидан қатъи назар уларнинг мухлисларини олдиндан табриклаб қўйишга ижозат бергайсиз.