Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказган йиғинини якунлаб, Тошкентга қайтди.
19 — 28 декабрь кунлари ўтказилган ўқув-машғулотлар давомида жамоа 3та ўртоқлик-назорат учрашувларини ўтказди.
Йиғин давомидаги илк ўртоқлик учрашуви КХДР олимпия терма жамоасига қарши бўлиб ўтди. 20 декабр куни ўтказилган ўйинда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси рақиб дарвозасини тўрт бора ишғол қилди ва якуний ҳисоб 4:2 кўриниш олишини таъминлади. Игорь Сергеев ушбу ўйинда дубл қайд этган бўлса, Ҳусниддин Ғофуров ҳамда Икром Алибоев ҳам ўз ҳисобларига биттадан гол ёзиб қўйишди.
Иккинчи назорат учрашуви эса Сурия олимпия терма жамоасига қарши, 23 декабрь куни бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон олимпиячилари кичик — 0:1 ҳисобида рақибга мағлуб бўлди.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғиндаги сўнгги назорат учрашувида Доха шаҳрида Қатар олимпия терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги терма жамоа Қатарга қарши учрашувда анча яхши ҳаракат қилди якунда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафидаги голларга иккинчи бўлимда Акром Комилов ҳамда Достон Турсунов муаллифлик қилишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 12 – 30 январь кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Турнирнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистонга Ироқ, Жанубий Корея ҳамда Яман олимпия терма жамоалари рақиб бўлади.
Турнирни ўзбекистонликлар 13 январь куни Жанубий Кореяга қарши ўйин билан бошлайди. Куни-кеча ушбу жамоа бош мураббийи Шин Тай Йонг қитъа биринчилигига борадиган таркибни маълум қилди.