Павел Бугало
Туғилган санаси: 21.08.1974
Клуби: «Бунёдкор»
Бугалони танимаган ва билмаган футбол мухлиси бўлмаса керак. Ёши 40 дан ошганига қарамай, Паша доимий равишда майдонда жавлон уриб тўп суришни истайди. «Бунёдкор» клубида тўп суриб келаётган Бугало сўнгги вақтларда майдонга тушмай қолди. Бунга рақобат борлигини айтиш лозим. Чунки жамоада Мурод Зуҳуров ва Акбар Тўраев сингари ёш "дарвоза қўриқчилари" бор. Шунинг учун ҳам мураббийлар штаби асосан бу дарвозабонларга имконият тақдим қилмоқда. Биласизми, Бугало шу кунгача жуда кўплаб ўйинларда майдонга тушган. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий посбони бўлиб келган. Кўпчилик уни машҳур германиялик дарвозабон Оливер Канга ўхшатади. Кан ажойиб реакцияга эга эканлиги билан ажралиб турган. Бугалода ҳам айнан шунда абжирлик, тезкорлик ривожланганди ва у ўйинни яхши назорат қилиши билан донг таратганди. Йиллар таъсири барибир ўз хукмини ўтказмасдан қолмади. Қаҳрамонимиз бугунги вақтда фаолиятини тугатиш арафасида турибди.
Санжар Қувватов
Туғилган санаси: 08.01.1990
Клуби: «Машъал»
Бу дарвозабоннинг сўнгги йилларда фаолиятида пасайиш юз берди. Ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида порлаб чиққан Қувватов содиқлиги бўйича ҳар қандай ҳамкасбига намуна бўла олади. Узоқ йиллар давомида “Машъал”да тўп суриб келди. Жорий йилда эса дарвозабонга “Насаф”дан таклиф тушди. Натижада Қувватов қаршиликлар билан битим имзолади ҳамда иш жойини ўзгартирди. Александр Лобанов
Туғилган санаси: 04.01.1986
Клуби: «Пахтакор» Бундан тўрт йил аввал Лобанов биринчи лига иштирокчиси «Орол» жамоасида тўп сурарди. Кейинчалик тажрибасини кўтариб борган посбон «Пахтакор»га келганидан сўнг катта ўзгаришларни бошдан кечирди. Қисқа муддат ичида Лобанов жамоанинг ажратиб бўлмас бир қисмига айланди. Шунингдек, ўз ўйини билан ажралиб турган Лобанов миллий терма жамоа назарига тушди. Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, Александр Лобанов терма жамоадаги асосий таркибдан Игнатий Нестеров ва Элдор Суюновни сиқиб чиқарди. Элдор Суюнов
Туғилган санаси: 12.04.1991
Клуби: «Насаф»
Умидли дарвозабонлардан бири дея, Элдорбек Суюновни айтиш мумкин. «Насаф»нинг асосий таркибида ўйин амалиётини кўтариб келган дарвозабон миллий терма жамоа даражасига қадар кўтарила олди. Бунга у оғир меҳнатлари орқали эришди. Бўйдор, вазиятларни кўра биладиган, аниқ фикрлай олиши билан ажралиб турган Элдор яқин келажакда Нестеровнинг муносиб издоши бўла олиши мумкин. Буни албатта вақт кўрсатиб беради. Ёш футболчининг барқарор ўйин олиб бораётгани учун, кўпчилик мутахассислар Суюновни терма жамоамизнинг келгуси авлоди дея эътироф этишмоқда. Афсуски, ноябрь ойида Элдор жароҳат олиб, операция қилинди ва унинг тикланиши учун бир муддат вақт керак бўлади. Игнатий Нестеров
Туғилган санаси: 20.06.1983
Клуби: «Локомотив» «Локомотив» клубида фаолиятини давом эттираётган Игнатий Нестеровни ҳам кўпчилик яхши билади. Бу дарвозабон қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, доимо асосий таркибда ўйнаб келган: «Пахтакор», «Бунёдкор» ва эндиликда «Локомотив». Миллий терма жамоамиз сафида ҳам Нестеров ажойиб ва ёрқин ўйинлари билан эсда қолди. Тажрибали дарвозабон ўзининг тезкорлиги, реакция кўрсатиши ва тўпларни яхши назорат қила олиши билан ажралиб турган. Унинг жароҳатларга мойиллиги терма жамоа асосий таркибидан сиқиб чиқарган бўлса-да, сўзсиз, Нестеров айни пайтда ҳам юртимизнинг энг кучли дарвозабонларидан бири ҳисобланади.