Кириш Регистрация
23/06 00:00 Бельгия 2-0 Руминия
23/06 03:00 Эквадор 1-2 Венесуэла
23/06 06:00 Мексика 1-0 Ямайка
24/06 00:00 Шотландия 0-1 Венгрия
24/06 00:00 Швейцария 1-1 Германия
24/06 03:00 АҚШ 2-0 Боливия
24/06 06:00 Уругвай 3-1 Панама
25/06 00:00 Албания - Испания
25/06 00:00 Хорватия - Италия
25/06 03:00 Колумбия - Парагвай
25/06 06:00 Бразилия - Коста-Рика
25/06 21:00 Франция - Польша
25/06 21:00 Нидерландия - Австрия
26/06 00:00 Англия - Словения
26/06 00:00 Дания - Сербия

Қўшинг, яна озгина қўшинг ёки "бозори чаққон" футболчилар

Баҳо:
+ | -

Якунланган 2015 йил ҳар соҳада бўлгани каби футболда ҳам турлича сарҳисоб қилин-япти. Йил кашфиётлари, энг яхшилар ва омадсизлар рамзий терма жамоаси... Soccer.ru сайти шу руҳдаги таҳлилий-рейтингларини давом эттириб, энди пул масаласига ёпишди. Тўғрироғи, трансфер нархи бўйича сезиларли ўсишга эришган футболчилардан ҳам ўзига хос рамзий жамоа шакллантирди. Демак, 2015 йил давомида трансфер нархи бобида энг катта «сакраш»ни амалга оширган футболчиларга эътибор қаратамиз.

ДАРВОЗАБОН

Ян ОБЛАК («Атлетико»): +12 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 20 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 8 миллион евро

Ўтган йили икки нафар посбон ўз нархига нақ 12 миллион евродан қўшди - Ян Облак ва Давид Де Хеа. Эътиборлиси, уларнинг ҳар иккиси айни пайт Мадридда ўйнаши мумкин эди. Энди рамзий жамоага нега айнан словакиялик кипер танланганига келсак, ҳаммаси асосли. Чунончи, Ян Облакнинг трансфер қиймати йил давомида ўта сезиларли даражада ошди. Оддий айтганда, унинг нархи нақ 150 фоиз кўтарилди. Давид де Хеа эса нарх бобида 66,7 фоизлик ўсишни қайд этди. Умуман, охирги йилларда «матрасчилар»ни ажойиб посбонларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди - Де Хеа, Куртуа ва мана энди Облак. Айтиш ўринли, Диего Симеоне словакиялик посбонни асосий таркибга эҳтиёткорона тарзда жалб этди ва фақат ўтган мавсумнинг иккинчи ярмига келибгина тўлақонли «1-рақам»га айлантирди. Эътиборга молик жиҳати шуки, Ян ҳозир 22 ёшда, демак, ёрқин ўйинлари ҳали олдинда. Умуман, 20 «лимон»лик нарх унинг учун чегара бўлмаса керак.

ҲИМОЯЧИЛАР

Натаниэл КЛАЙН («Ливерпуль»): +10 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 17 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 7 миллион евро

Натаниэл 2015 йили «Саутгемптон»дан «Ливерпул»га кўчиб ўтди. Албатта, текинга эмас. «Қизиллар» ўнг қанот ҳимоячиси учун деярли 18 миллион евро сарфлашди. Хуллас, Клайн АПЛнинг катта клуби сафига қўшилди, ҳозир Англия терма жамоасида ҳам ўйнаяпти. Нархининг яққол ошгани эса ўйин бобида сезиларли ўсганининг ҳаққоний исботидир.

Жон СТОУНС («Эвер-тон»): + 18 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 25 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 7 миллион евро

Аслида инглизлар ўз футболчиларини асл қийматидан баландроқ баҳолашга одатланиб қолишган. Аммо Стоунс чиндан ҳам, тараққиёт бобида катта сакрашни амал-                  га оширдики, бу унинг трансферида ҳам акс этди. Яъни футболчининг нархи бирданига 18 млн. «болалагани» бежиз эмас. Дарҳақиқат, айни пайт АПЛ грандлари Стоунсга эга бўлиш йўлида ўзларининг «тилла сандиқлари»ни очишга тайёр туришибди. Хуллас, аллақачон ўзига хос аукцион бошланиб кетди. Лекин Жон ҳозирча «Эвертон»ни бошқа клубга алмаштиргани йўқ.

Николас ОТАМЕНДИ («Манчестер Сити»): +20 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 32 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 12 миллион евро

Николас - юқори савияли ҳимоячи. Бироқ «Манчестер Сити» аргентиналикни ўз сафига қўшиб олиш учун меъёридан кўпроқ сарф­лади, чоғи. Ҳарқа-лай, айни пайт Германиянинг Transfermarkt.de сайти Николасни 32 «лимон»­га баҳолаяпти. «Шаҳарликлар» эса унинг учун нақ 45 миллион евро тўлашганди. Нима бўлганида ҳам, факт шуки, Англия премьер-лигасига кўчиб ўтгач, футболчининг нархи сезиларли даражада ошди.

 

Лейвен КУРЗАВА («ПСЖ»): +12,5 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 20 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 7,5 миллион евро

«ПСЖ» ёш ҳимоячи учун «Монако»га 25 миллион евро берди. Бу трансфер нархининг кескин ошишига асосий сабабдир. Зеро, футболчининг битта клубдан иккинчисига ўтиши жараёнида трансфернинг барча жиҳатлари ҳисобга олинади. Боз устига, Курзава ёш бўлишига қарамай, Франциянинг энг яхши клуби таркибида йўқолиб қолмади ва тажрибали Максвелл ортида навбат кутиб ўтириш нияти ҳам йўқ. Демак, Курзаванинг 12,5 миллионга қимматлашгани етарли асосга эга.

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР

Гжегож КРИХОВЯК («Севилья»): +19 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 25 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 6 миллион евро

Польшалик йигитнинг тараққиёти барчани бирдек ҳайратга соляпти. У Унаи Эмери билан қисқа муддатли ҳамкорлик давомида нафақат ЕЛ кубоги соҳибига айланди, балки ЧЛда ҳам ўзини кўрсата бошлади. Асосийси, Европадаги энг кучли таянч ярим ҳимоячиларидан бири бўлиб олди. Эътиборлиси, «Севилья» Криховякни 2014 йилнинг ёзида атиги 5,5 миллион евро эвазига сотиб олганди. Энди харидорлар сафи кун сайин узаймоқда. Шундай экан, Гжегожни ўз таркибида кўришни истаган клубнинг анча кўп тўлашига тўғри келади.

Кевин де БРЮЙНЕ («Манчестер Сити»): +40 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 60 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 20 миллион евро

Нақ 40 миллионли ўсиш-а. Бельгиялик малласоч 2015 йили бу борада мутлақ рекорд кўрсаткич қайд этди. Ҳаммаси тушунарли: Кевин «Вольфсбург» сафида дарҳақиқат, қойилмақом мавсумни ўтказди. Натижада «Манчестер Сити»нинг тантилиги тутиб, 74 миллион евродан воз кечиб қўя қолди. Ҳа, бой клублар ўз пуллари билан бозорни «портлатиб» юборишяпти, айниқса, АПЛ вакиллари. Рекорд даражадаги янги телевизион шартнома кучга кириши билан улар янада ҳимматли бўлиб қолсалар, ажабмас. Ахир шу орқали мисли кўрилмаган миқдорда улуш оладилар. Кевинга келсак, айни пайт у 60 «лимон»лик нархга бемалол тортади.

 

Раҳим СТЕРЛИНГ («Манчестер Сити»): +30 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 50 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 20 миллион евро

«Манчестер Сити» томонидан харид қилинган яна бир футболчи. «Ливерпуль» унинг учун 62,7 миллион евро олганди. Шунга яраша, Раҳимнинг норасмий трансфер баҳоси ҳам кескин ошди. «Шаҳарликлар» мисолида кўриш мумкинки, алоҳида битта клубнинг ҳаракати бозордаги ҳолатни бутунлай ўзгартириб юборади.

ҲУЖУМЧИЛАР

Томас МЮЛЛЕР («Бавария»): +25 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 75 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 50 миллион евро

Рамзий жамоанинг ҳужум чизиғида АПЛ вакиллари йўқ. Гарчи Гарри Кейннинг тараққиёти ҳайратланарли бўлсада (унинг нархи 3 миллиондан 25 «лимон»га етди). Гап шундаки, нарх бобида унданда яхшироқ ўсишга эришганлар бор. Дейлик, Мюллер ўз ижросидаги бар­қарор ўйинлар билан муносиб баҳога лойиқ. Қолаверса, Томас бир неча йилдан буён фақат олға интиляпти ва айни пайт энг яхши спорт формасида турибди. Хуллас, Мюллерни «Бавария»дан сотиб олиш худди Мессини «Барселона»дан харид қилиш каби жуда-жуда қийин.

 

НЕЙМАР («Барселона»): +30 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 100 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 70 миллион евро

Ўтган йили Неймарнинг Европа футболига тўлиқ мослашиб улгургани ва анча кучайгани яққол кўзга ташланди. Дейлик, авваллари унинг жаҳон юлдузи даражасига кўтарилиши бўйича қандайдир шубҳалар бор эди, энди бундай ишончсиз қарашлар бус-бутун йўқолди. Албатта, Неймарнинг қадри - нархи ошишида «Барселона»нинг ажойиб ғалабалари катта роль ўйнади. Кузда мухлислар айнан Неймар сабаб, ҳаттоки, Мессининг сафда эмаслигини ҳам сезишмади, гўё. Бошқача айтганда, бразилиялик йигит аргентиналик даҳо йўқлигини асло сездирмади.

Луис СУАРЕС («Барселона»): +30 миллион евро

Ҳозирги трансфер нархи: 90 миллион евро

Бир йил олдинги трансфер нархи: 60 миллион евро

Потенциал қараганда, Неймар - сайёрамизнинг бўлажак энг қимматбаҳо футболчиси. Зеро, у ҳозирда 23 ёшда. 28 ёшли Луис Суарес эса, гарчи ўтган йили буюклик томон яна бир катта қадам ташлаган бўлсада, кўринишидан, энг юқори чўққисига чиқиб улгурди. Тўғри, бу чўққи жуда-жуда баланд. Уругвайлик ҳужумчи айни пайт тахминий трансфер нархи бўйича футбол оламининг топ-рўйхатида тўртинчи бўлиб турибди. Лекин ушбу квартетдаги жамоадоши - Месси ва «Реал» етакчиси - Роналду каби энди янада қимматлашмаса керак. Ахир ёш фактори ҳам бор. Қисқаси, Суарес нарх бобида энг юқори нуқтага келди, чоғи.

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:31, 14.01.2016.
Ўқилди: 2976 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.