Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

MLSнинг энг буюк 10 футболчиси

Баҳо:
+ | -

Америка футбол лигаси ташкил топганига 22 йил тўлди ва шу муносабат билан биз океан орти футболини дунёга танитган 10 нафар футболчини сизга таништиришга қарор қилдик.

Дэвид БЕКХЕМ

Жарима зарбаларининг устаси бўлган Дэвид Бекхемни Американи 2-бор - энди футбол мамлакати сифатида очишга хизмат қилган юлдузлардан бири деб аташ мумкин. Ўз пайтида уни океан ортига ортиқча афсусларсиз қўйиб юбораркан, Мадриднинг «Реал» жамоаси Бекхемнинг футболдаги юлдузли онлари ниҳоясига етди ва энди у бемалол рекламадан пул топиши мумкин деб ўйлаган бўлса не ажаб. Аммо Дэвиднинг футболчилик фаолияти давом этди. Бунинг исботи сифатида у 2 марта «Милан» таркибида ижарада тўп сурганини ва майдонда жамоадошларидан ёмон кўринмаганини келтириш мумкин. Нима бўлганда ҳам, Дэвид шу майтгача фақат баскетбол, хоккей, бейсбол ва бутунлай бошқа футболга ошиқ бўлган миллат ўртасида  футболнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшди.

 

Лэндон ДОНОВАН

Кўҳна қитъада ўзини кўрсатишга имкон Донованда бир неча марта бўлди, лекин у на «Байер» ва на «Эвертон»да буни уддалади - кўпроқ заҳира ўриндиғида ўтирганча шериклари ўйинини кузатди, холос. Қадрдон чемпионатида эса ярим ҳимоячини таниб бўлмасди - ажойиб техника, чиройли голлар, жамоа учун ўйин. Минг афсуски, Америка футболидаги энг иқтидорли футболчи фақат маҳаллий футбол юлдузи бўлиб қолди, холос. Аммо АҚШда уни ҳали-ҳануз Бекхем даражасидаги футболчи деб билишади.

КАКА

Мадриднинг «Реал»ида олган давомли жароҳатларидан сўнг Кака Европанинг энг кучли плеймекерларидан бири номини қайтаролмади. Қадрдон «Милан»ига қайтгач эса, бразилиялик футболчи энди ҳеч қачон олдингидай ўйнолмаслигини тушуниб етди. Айни шу пайт­да океан ортидан - «Орландо Сити» клубидан жиддий шартнома келиб тушди.  Кака шартномага имзо чеккан бўлса-да, клуб MLSда рўйхатдан ўтмагани учун мавсумнинг ярмини ватанида - «Сан-Паулу»да ўтказди. Ҳозирда бу футболчи ҳар баҳсда тўп урмоқда ва майдонни ҳали-вери тарк этмаслигини кўрсатмоқда.

РАУЛЬ

Жаҳон футболи афсонаси MLSда биргина мавсум ўйнади холос, аммо уни лиганинг афсонавий футболчилари рўйхатига киритмаслик адолатсизлик бўларди. Мадриднинг «Реал»ида 18 йил тўп сурган ва Европа футболи тарихининг энг хавфли форвардларидан бирига айланган Рауль дастлаб немисларнинг «Шальке» клубида, сўнг Қатарда тўп сурди. «Нью-Йорк Космос»да эса Давид Вилья, Андреа Пирло ва Фрэнк Лэмпардларга қадар юлдузлар сафида саналди. Янги юлдузлар келгач эса, хотиржам бўлганича, бутсаларини михга илди.

Тьерри АНРИ

Анрининг Америкага ташрифи мисли кўрилмаган шов-шувга сабаб бўлди ва буни Бекхемнинг «Лос-Анжелес Гэлакси»га ўтишигагина қиёслаш мумкин. Зеро, футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бирини таништиришга ҳожат ҳам йўқ эди. Бунинг устига, йиллар ҳам унинг ўйинига соя сололмаганди. Фантастик голлар ва ажойиб техника Анрини қисқа фурсатда мухлислар суюклисига айлантирди, дарвоза тўсинига суянганча бир нуқтага тикилган ҳолда голларни нишонлаши эса футбол мемлари орасида энг оммабопига айланди.

Рафаэль МАРКЕС

Юлдуз дўстларидан фарқли равишда жиддий шартнома эвазига АҚШни футболи ривожланган давлатга айлантириш учун келган Маркес ҳимоя ўйинчиси эди. Унинг ҳаракатларини кузатган MLS фанатлари эса ўз ишининг устаси ҳимояда ҳам кўп нарсага қодир эканлигига амин бўлишди.

Европада «Барселона» таркибида тўп сурган Маркес Райкард ва Гвардиоланинг «коинот жамоалари»да ўзини ишончли стоппер сифатида кўрсатганди. 2010 йили жамоадоши Тьерри Анри билан Каталония пойтахтини тарк этган Анри кейинги 3 йил давомида «Нью-Йорк Ред Булл» таркибида ёниб тўп сурди.

Давид ВИЛЬЯ

Испания термаси тарихидаги энг яхши «бомбардир» ҳозир АҚШдаги энг янги лойиҳа ҳисобланган - «Нью-Йорк Сити»нинг бош юлдузларидан ҳисобланади. «Барселона»дан кетганидан сўнг Давид карьераси сўна бошлади. У Мадриднинг «Атлетико» клуби асосий форварди ҳам бўлолмади ва бу жамоани ҳам тарк этди. Ўтган мавсумда Австралиянинг «Мельбурн»­ида формасини сақлаган испан афсонаси катта ёшдалигига қарамай, айни пайтда океан орти клубининг юлдузига айланган.

Стивен ЖЕРРАРД

Стивен ўтган мавсум ўрталарида ва кўпчилик кутмаган бир пайтда 2014|2015 йиллар мавсуми унинг учун «Ливерпуль» сафида ўтказган сўнгги мавсум бўлишини айтди. Бу янгилик футболчининг бутун дунёдаги мухлисларини шок ҳолатига тушириб қўйди дейиш, ҳеч нарса демаслик демакдир. Зеро, футбол мухлислари мерсисайдликлар жамоаси афсонаси ўз фаолиятини «қизил»­лар таркибида якунлашига имонлари комил эди. Аммо Жеррард ҳозирча бутсаларини михга илмаслигини ва «Ливерпул»га қарши расмий учрашувларда ҳеч қачон майдонга тушмайдиган клуб таркибида яна бир неча йил ўйнашини айтди. Ўша лаҳзаларда «Лос-Анжелес Гэлакси»нинг кўп миллионлик шартномаси унинг столи устида эди.

Фрэнк ЛЭМПАРД

Англияни шуҳрати чўққига чиққанда ташлаб кетган яна бир британиялик. Ҳозир Фрэнк Америка ўйингоҳларида ақлли ўйин, ажойиб зарбалар кўрсатмоқда. Лигада эса унинг танишлари етарли. Жон-жаҳди билан ўйинга киришиш ва эркин ҳаракатланиш муаммоси эса унда ҳеч қачон бўлмаган. Шу боис, янги муҳитга Фрэнк осонгина киришиб кетди.

Андреа ПИРЛО

Америка ўйингоҳларига ташриф буюрган мухлислар Дэвид Бекхемдан сўнг Андреа Пирлодай стандарт устасини кўрмаганликлари аниқ. Чемпионлар Лигасида «Барселона»дан учралган мағлубиятдан сўнг Андреа «Ювентус»га янги мукофотлар олиб келиш ва шу йўл билан ўз келажагини ҳам таъминлаш устида кўп ўйлади. Туринликлар билан келишолмагач эса Фрэнк Лэмпард ва Давид Вильелар билан «Нью-Йорк Сити» жамоаси таклифини қабул қилди. Пирло ҳозирда майдон марказида тинчгина турганча бутун ўйинни ўтказиши мумкин, зериккан чоғларида бўлса бир иккита аниқ тўп узатишни амалга оширяпти-да трибуналар жунбушига сабабчи бўлмоқда. Буюк маэстрога яна нима ҳам керак?

И.МУРОДОВ тайёрлади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:11, 15.01.2016.
Ўқилди: 7601 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.