"Бавария” клуби бош мураббийи Пеп Гвардиола жорий мавсум якунида “мюнхенликлар” сафини тарк этиши энди ҳеч кимга сир эмас. Испаниялик мутахассис ўз ўрнини Карло Анчелоттига бўшатиб берадиган бўлди. Гвардиола “Бавария”дан кетишга қарор қилганидан сўнг, кўпчилик футбол мутахассислари уни Англия чемпионатига ўтишини таҳмин қилишди.
Гвардиола Манчестер шаҳрининг бир йўла икки клуби қизиқиш доирасига тушиб қолди. Улар орасида “Манчестер Сити” фаоллик кўрсатиб, Гвардиолани ўзига чорлаш учун уни энг кўп маош олувчи мураббийга айлантиришга тайёр эканини маълум қилди. Гвардиоланинг “шаҳарликлар” устозига айланишини деярли аниқ бўлган бир вақтда, испаниялик мутахассис Мюнхендаги фаолияти якунлагач, танаффус олишини ва Англия чемпионатида икки йилдан сўнг иш бошлаши мумкинлигини айтиб ўтди. Гвардиоланинг бундай қарорга келиши нима билан боғлиқ эканини бугунги саҳифамизда таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.
Англия Премьер-лигасидаги рақобат
Англия Премьер-лигаси Европа топ-5 чемпионатлари орасида энг кучлиси бўлмаслиги мумкин, аммо, ушбу чемпионат кутилмаган натижалар ва рақобатга бой эканини ҳеч ким инкор қила олмайди. Ушбу биринчиликда аутсайдер ва ўртамиёна жамоалар топ-клубларни тез-тез мағлуб этишининг гувоҳи бўлиб турамиз. Англия чемпионатида олтин медаллар учун кураш сўнгги тургача, баъзида эса сўнгги сонияларгача давом этади. Бунга 2011/12 ҳамда 2013/14 йилги мавсумлар яққол мисол бўла олади.
Бундеслигада “Боруссия Д”ни чемпион қила олган Юрген Клопп октябрда Англияга келиб, "Ливерпуль"ни қабул қилиб олди ва шундан буён барча турнирларни инобатга олган ҳолда, “Ливерпуль”ни 21 тучрашувда майдонга олиб чиқди. Ана шу учрашувлардан 10 таси ғалаба, 7 таси дуранг ва 4 таси мағлубият билан якунланди. Буни яхши натижа деб бўлмайди. “Ливерпуль” Клопп бошчилигида “Манчестер Сити”, “Челси”, “Лестер”ни мағлубиятга учратган бўлса, АПЛ аутсайдери “Ньюкасл”га ютқазди. “Вест Бромвич” билан эса қийинчилик билан дурангни сақлаб қолганди.
Балки, Пеп Гвардиола айнан мана шу омилларни инобатга олган ҳолда ўзининг порлоқ фаолиятини “лойга ботириш” нияти йўқдир? Рақобатсиз эришилган ғалабаларга ўрганиб қолган мутахассис Англияга келишини маълум бир вақтга суришининг сабаби ҳам шундадир?
Гвардиоланинг “тажрибасиз” эканлиги
Пеп Гвардиолани тажрибасиз дейиш бироз нотўғри, аммо, унинг ҳақиқий кучини билиш ҳам жуда қийин. Сабаби, Гвардиолага фақатгина топ-клубларда ишлаш насиб қилган: “Барселона” ва “Бавария”. Дунёнинг энг кучли клубларини чемпион ҳолатида қабул қилиб олган Гвардиола аслида нималарга қодир эканини билмаймиз. Баъзилар, Гвардиола “Бавария”ни аввалги ҳолатидан ёмонроқ кўринишга олиб келган, дейди.
Премьер-лига таҳлили
Гвардиоланинг Англияда иш бошлашига шошилмаслиги унинг кутилмаган натижаларга бой чемпионатни аввал таҳлил қилишдан иборат бўлиши ҳам мумкин. Пеп барча жамоа ва мураббийларнинг ўйин услуби ва тактикасини ўрганиб чиқишни афзал кўрган бўлса ажаб эмас.
Тинимсиз меҳнат ва чарчоқ
Бошқа касблар сингари мураббийлик ҳам осон иш эмас. Мазкур касб инсондан сабр-матонат, ирода, кучли руҳият, илмий салоҳият талаб қилади. Балки, Гвардиола руҳий зўриққани учун ва асабларини тиклаш мақсадида танаффус олишни истагандир? Балки, у оиласига кўпроқ вақт ажратгиси келаётгандир? Буниси эса бизга коронғу. Пеп Гвардиолани Англия Премьер-лигасида кўриш ва унинг ҳақиқатда нималарга қодир эканини билиш барчаға қизиқ бўлиб қолади.