Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Виталий Ни: «Насаф» чемпионлик учун курашади»

Баҳо:
+ | -

Табиийки, «Насаф» ҳам янги мавсумга тайёргарлик жараёнини аллақачон бошлади, аммо нима учундир футболчилар билан  шартнома тузишда бироз сусткашликка йўл қўйилаётгандек таассурот уйғонмоқда. Айни бу ҳолат жамоа мухлисларини ташвишга солиши турган гап. Ўтган ҳафтадан эътиборан «Насаф» бу борада иш бошлади ва клуб раҳбарияти бир қатор футболчилар билан келишувга эришди. Қаршиликлар спорт директори Виталий Ни билан қилган суҳбатимиз айнан шу мавзуни қамраб олди.

- Виталий Николаевич, янги мавсум олдидан футболчилар билан шартнома имзолаш чўзилиб кетгани «Насаф» мухлисларини бироз хавотирга солмоқда. Бу масалада нима дея оласиз?

- Мухлисларимизнинг ташвишланишларига ҳеч қандай асос йўқ. Биз янги шартномалар борасида иш бошлаганмиз ва айни вақт музокаралар давом этмоқда. Бу тезда ҳал этиладиган жараён эмас. Насиб қилса, яқин кунларда ҳар бир ўйинчимиз билан ҳамкорлик муддатини узайтирамиз.

- Янги футболчилар борасида қандай маълумотлар бера оласиз? «Насаф» кимларни ўз сафига таклиф этмоқда?

- Ҳозирча бу ҳақда тўлиқ хабар бера олмаймиз. Чунки янги футболчилар билан музокаралар жараёни ҳали якунлангани йўқ. Баъзилари кўрикдан ўтишлари лозим. Лекин ишонтириб айтаманки, келаси ҳафта давомида аниқ маълумотлар чиқади. Ҳозирча иш жараёнлари кетяпти.

- «Насаф» сафига янги легионерлар ҳам қўшилиши мумкинми? Ҳар ҳолда ўтган йилги ўйинлардан кўриндики, клуб яхши савиядаги легионерларга муҳтож. Боз устига, Чемпионлар Лигаси олдидан таркибни кучайтириш талаб этилади.

- Ҳозир олдимизда турган асосий мақсадлардан бири ҳам шу. Биз бу борада ҳам иш олиб бормоқдамиз. Тушунарлики, жамоа таркибини кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Зеро, «Насаф» янги мавсумда ўзи иштирок этадиган барча мусобақаларда ижобий натижалар қайд этиш учун майдонга тушади. Шундай экан, таркибда янги номлар пайдо бўлиши турган гап.

- Словениялик ярим ҳимоячи Рой Рок ўтган мавсумнинг биринчи ярмида ажойиб ўйин намойиш этган, аммо тиббий кўрикдан ўта олмагани учун кейинчалик жамоага ёрдам бера олмаганди. Бу футболчи борасида қандай янгилик бор?

- Рой Рок яқин кунлар ичида қайта тиббий кўрикдан ўтиши лозим. Агар саломатлигида муаммо сезилмаса, у билан шартнома имзолашга тайёрмиз. Зеро, Рой савияли футболчи ва жамоамизга фойда келтиришига ишонамиз.

- Клуб янги мавсумга тайёргарлик давомида хорижда йиғин ўтказадими?

- Ҳа, шундай режа бор. Аммо ҳозирча йиғин қачон ва қаерда бўлишини аниқ айта олмайман.

- Мана, 15 йилдирки, «Насаф» Ўзбекистон чемпионати етакчиларидан ҳисобланади, аммо ўтган давр мобайнида бирор марта чемпионликни қўлга кирита олмади. Қизиғи, клуб нақ 9 марта бронза, бир бора кумуш медалга эга чиқди. Ушбу анъанани бузиш вақти келмадими?

- «Насаф» ўтган мавсумга қадар Ўзбекистон кубогида ҳам ғалаба қозона олмаган эди ва бу ҳақда жуда кўп ёзгансизлар. Аммо кўриб турганингиздек, ниҳоят, кубок соҳибига айландик. Демоқчиманки, жамоамиз аста-секинлик билан бўлса-да, барқарор равишда ривожланиб бормоқда. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Шундай экан, олий лигада ҳам ғолибликни қўлга киритишимизга ишонаман.

- Хўш, келаси мавсумда жамоа олдига чемпион бўлиш ҳақида қатъий вазифа қўйиладими?

- Бундай вазифа ҳар йили қўйилади. Қолгани мавсумнинг қандай кечишига боғлиқ. Ахир ғолибликни биргина «Насаф» эмас, бошқалар ҳам кўзлашади. Келаси мавсум якунида чемпионатнинг шоҳсупасига кўтарилишдан умидвормиз, албатта.

- Келинг, саволни бошқачароқ қўямиз. «Насаф» келаси мавсум ҳам чемпион бўлмасдан, кумуш ёки бронза медалини олса, буни муваффақият сифатида баҳолайсизларми ёки...?

- Яна такрор айтаман, жамоамиз йил ўтгани сари ривожланишга интилмоқда. Шундай экан, «Насаф» фақат чемпионлик учун курашади. Клуб тўғри йўлдан кетмоқда.

АБДУЛЛОҲ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:56, 18.01.2016.
Ўқилди: 3708 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.