“Локомотив” Дубайга жўнаб кетаётганида 3 та ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши ва учинчи рақиб Жанубий Корея Кей лигаси вакили “Чонбук Моторс” клуби бўлиши ҳақида маълумот бериб ўтгандик. Кейинроқ эса 22 январь куни бўлиб ўтадиган беллашувда рақиб жамоа ўзгариши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.
Эртага – 22 январь куни Мирко Еличич шогирдлари айтилганидек Осиё қитъаси вакили билан эмас, балки Словакия U-21 терма жамоасига қарши ўйинда майдонга тушишади. Бунга қадар жамоамиз Ғарбий ва Шарқий Осиёнинг 1 тадан клуби билан беллашиб бўлди. Аввалига Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли”си билан, кейин эса Хитой Суперлигаси иштирокчиси “Хенан Жианье” билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди. Энди навбат Европа вакилига етиб келди.
Словакиянинг 21 ёшгача бўлган футболчиларидан ташкил топган жамоаси айни пайтда Дубайда бўлиб турибди. Европа чемпионатининг финал босқичи йўлида ҳаракат қилаётган Павел Ҳапал шогирдлари саралаш босқичида кўнгилдагидек иштирок этишмоқда. Голландия, Белорус, Туркия, Кипр каби термалар билан бир гуруҳдан жой олган Словакия 4 та ўйиндан сўнг етакчилик қилаётгани эътиборга молик.
Чехиялик мутахассис шогирдлари саралашнинг 1-турини Белорус майдонида ўтказиб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришанди. 2-турга келиб эса гуруҳ аутсайдери Кипрни 2:0 ҳисобида таслим этишди. Гуруҳда иккинчи ўринда бораётган, Белорус ва Туркия каби мамлакатларни мағлуб эта олган Голландия Словакиядан ҳар икки учрашувда ҳам енгилган: Амстердамда 1:3, Братиславада эса 2:4 ҳисобларида.
Жамоамиз Словакия билан ўйиннинг эртасига Тошкентга қайтиб келади. Айни пайтда Черногория ҳамда Сербиядан ташриф буюрган легионер футболчилар кўрикда бўлиб туришибди. Ҳужум чизиғи вакилларининг “Локомотив”даги келгуси тақдирларига делегациямиз ортга қайтганидан сўнг аниқлик киритиб ўтамиз.