Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ван Гал билан шундай гаплашинг ёки журналистлар ҳам анойи эмаслар!

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, «МЮ» устози Луи ван Гал ва британ ОАВлари ўртасидаги «жанг» айни кунларда роса авжига чиқди. Можарога эса бундан бир ойлар муқаддам голландиялик мураббийнинг истеъфога чиққани ҳақида тарқатилган хабар сабаб бўлди. Аниқроғи, The Sun нашри худди шундай янгиликни чоп этди. Натижада, мутахассис британиялик журналистлар ундан узр сўрашларини талаб қилди. «Кечиримлар» эса шу қадар истеҳзоли янградики...

Хуллас, ўшанда ван Галдан «инглизча узр» мана бундай тарзда сўралди:

«Кечиринг, кетма-кет 6 ўйинда ғалаба қозонмаганингиз учун;

Кечиринг, 1-ўриндан 5-ўринга тушиб кетганингиз учун;

Кечиринг, ЧЛдек муҳим мусобақадан айрилганингиз учун;

Кечиринг, мухлислар жамоангиз ўйинидан ўлгудай зерикишгани учун;

Кечиринг, шуларнинг ҳаммаси учун 250 миллион фунт сарфлаганингиз учун;

Кечиринг, «МЮ» фанатлари, унинг ҳалигача истеъфога чиқмагани учун».

Ҳали бу «кечирим» мавзуси тугамай туриб, Луи ван Гал «Ньюкасл»га қарши кечган ўйиндан сўнг Рунининг ортиқча вазни ҳақида савол берган журналист Нил Кастиснинг ўзини семизликда айблади. Ўз нав­батида, журналист унга қарши жавоб қайтарди. «Луи, энг аввало, ортиқча вазн борасидаги муаммоимни кўрсатиб берганингиз учун сиздан миннатдорман. Буни сезмаган эканман. Аммо энди ўз олдимга мақсад қўйдим - озишга ҳаракат қиламан. Аммо сизнинг жамоангиз мен ташлаган вазнча очко йиға олармикан? Икки стоун (тахминан 12,7 килограмм) озмоқчиман. Бу эса 28 фунт бўлади. Бироқ сиз май охирига қадар шунча очко йиға олармикансиз?».

Ваҳоланки, Луи ван Гал «МЮ»даги янги вазифага ўтириш биланоқ Голландиянинг NRC нашри (адади бўйича мамлакатда тўртинчи ўринда турувчи машҳур газета) дарҳол британиялик журналистларга юзланиб, уларни мутахассис билан муомалада эҳтиёткорликка ундашганди. Аниқроғи, голландиялик мухбирлар ван Гал билан мулоқотда зарур бўладиган 10та қоидани ишлаб чиқиб, уни инглиз журналистлари ҳавола қилишганди. Лекин инглизлар бу қоидаларга етарлича эътибор қаратишмади. Оқибатда, жаноб Луи британ ОАВлари билан тортишиб қолди.

Голландиялик журналист­ларнинг мурожаати:

«Ҳурматли британиялик ҳамкасблар! Сизлар энди Луи ван Гал билан ишлашингларга тўғри келади. Шундай экан, ишончсизлик, шубҳалар, тушунарсиз ҳолатларга тўқнаш келасиз. Демак, «ўйиндан кейинги интервью» деб аталадиган «саёҳат»га йўл олар экансиз, аввало, қуйидаги қоидаларга диққат билан эътибор беришингиз талаб этилади.

1. Луи ван Галнинг ҳар қандай кайфиятига тайёр туришингиз лозим. Чунки бошқа мураббийлардан фарқли ўлароқ, унинг кайфияти жамоа ютган ёки ютқазганига боғлиқ бўлмайди. Ға­­­лабадан кейин ван Галнинг қиёфасида мамнунликни сезсангиз ҳам эҳтиёт бўлинг - биргина омадсиз савол уни издан чиқариши мумкин.  

2. Суҳбатни, яхшиси, нейтрал мавзулардан бошланг: «Жамоанинг ўйинини қандай баҳолайсиз?», «Ўйин ҳақида нима дейсиз?» каби. «Сиз натижадан жуда ҳайрон қолдингиз, шекилли?» - жуда номақбул савол. Ҳамиша ёдда тутинг: сиз ҳозиргина кўрган ўйин ва ван Гал кўрган ўйин - умуман бошқа-бошқа. Луи, агар футболчилар унинг кўрсатмаларини бехато бажаришган бўлса, «Олд Траффорд»да аутсайдердан учралган мағлубиятдан сўнг ҳам қониқиш ҳосил қилаверади. Бу ҳолатда таблодаги ҳисобнинг аҳамияти йўқ. Агар сиз бундай деб ўйламасангиз, мураббийдан интервью олмай қўя қолинг.

3. Ўзингизни таништирманг! Акс ҳолда, у сизни эслаб қолади-да, бундан ўзингизга қарши фойдаланади. Хуллас, сиз микрофон ушлаган оддий мухбирдан уришиш ва жанжаллашиш мумкин бўлган «қандайдир» Гари, Клайв ёхуд Тонига айланинг. Ана ўшанда ван Гал сиз билан жанг бошлайди.

4. Мавзудан оғишманг! Агар ўйин ҳақида бўлса, айнан у ҳақда савол беринг. Кейинги учрашув, трансферлар, машғулотлар - бу мавзулардан асло оғиз очманг. Акс ҳолда, бошқа мавзудаги ҳар қандай савол сизнинг сўнгги сўровингизга айланади.

5. Суҳбатни бошладингизми, тамом, инглиз тили сизнинг эмас, ван Галнинг она тилига айланади. Бошқача айтсак, ван Гал қаерда ишласа, маҳаллий тилни дарҳол ўзиники қилиб олади. Жумладан, у Германияда «ўлим ёки гладиолус» («ҳаммаси ёки ҳеч нима» маъносида) иборасини оммалаштирди. Луи учун ибораларни луғатга солиштириб кўриш шарт эмас. Нега бундай? Негаки, бу энди ван Галнинг тили, сизникимас. Гап шундаки, ван Галнинг сўзларни билиб-билмай ишлатавериши - унинг айби эмас. Фақат бу ибораларни тўғри маънода тушуна олмаганингиз учун сиз айбдорсиз.

6. Интервьюнинг «чорраҳа» шаклини олишига йўл қўйманг. Албатта, бу жуда қийин масала. Негаки, ван Галдан олинадиган интервьюлар ҳар доим интервью ҳақидаги интервьюга ўхшаб қолаверади. Тушунарлироқ қилиб айтсак, Луи бироз муддатдан сўнг сизнинг саволларингиз ҳақида сизга савол бераверади. Бундай лаҳзаларда қочгани жой тополмай қоласиз! Агар иш шу тахлит кўриниш ола бошласа, суҳбатни дарҳол тўхтатинг. Акс ҳолда, мулоқот қисқа фурсатда Youtube порталига жойланиб, сизни хижолатда қолдиради.

7. Саволларни сира қайтарманг! Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч қачон янги фикр эшитмайсиз. Ван Гални доғда қолдиришнинг иложи йўқ. Сиз саволингизни жуда ўткир ақл билан бердим ўйласангиз ҳам, у сизга шундай жавоб қайтаради: «Ахир ҳозиргина сизга шу ҳақда гапирдим-ку!». Ўжар бўлманг, шунчаки, олға қараб бораверинг. Аммо худди «ухлаб ётган полициячи»ни айланиб ўтаётгандек жуда эҳтиёт бўлинг!

8. Ҳушёрлик муҳим! Зеро, қайсидир лаҳзаларда ван Гал сиз билан ҳазиллашаётгандек туюлади. Албатта, у буни ўта жиддий қиёфада бажаради, аммо мана шундай ҳолатда сизни мазах қилаётганини сезмайсиз. Нима бўлди, у сиз ҳозиргина айтган гапдан жаҳли чиқдими? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Хуллас, тезда ўзингизни йўқотиб қўясиз... Оҳ, ана! Энди у сизга умуман бошқача муомала қила бошлайди. Ёки сизга шундай туюл­яптими? Буни фақат ван Галнинг ўзи билади. Аммо у ҳеч қачон сир бой бермайди.

9. Фактларни фикрларга аралаштириб юборманг. Чунки фақат Луи ван Галгина фактлар ва фикрлар ўртасидаги чегарани аниқлай олади. Масалан, унга қуйидагича савол беринг: «Қайси жамоа кўпроқ хавфли вазият яратди?», «Қайси жамоага ҳакам кўпроқ халал берди?». Бу ҳақда фақат угина аниқ фактларни битади. Агар мазкур маълумотларни сиз айтсангиз, унда булар факт эмас, сизнинг фикрингиз бўлиб қолади. Голландия термасининг Эквадорга қарши ўйини (1:1)дан сўнг ван Гал ўтказиб юборилган тўпни «омадсиз лаҳза» деб атади. Унинг дунёсида ушбу сўзлар ҳамма нарсани тўлиқ изоҳлаб беради.

10. Буларнинг ҳаммасига уч дақиқа ичида улгуринг! Тўғрироғи, шу вақт мобайнида ван Галга ўз фикрларингизни тушунтириб бера олинг! Негаки, статистикага кўра, уч дақиқада сизнинг масалангиз ҳал бўлади: ё сиз мавзудан оғиб кетасиз ёки қайсидир саволни қайтариб юборасиз. Ёхуд ван Гал сизга «йўқолиб» қолаётганингизни айтади.

Ана энди, нима қилишни ўзингиз биласиз. Омад, ҳамкасаблар!».

Манба: Сhampionat.com,

И. РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:21, 24.01.2016.
Ўқилди: 4618 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.