Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Жаъфар Ирисметов: «Яхши ниятлар билан «Обод»да иш бошладим»

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда олий лиганинг барча жамоалари янги мавсумга тайёргарликни давом эттиришяпти. Аксарият клубларимиз мавсум тадоригини Тошкентда ўташмоқда. Улар орасида «Обод» жамоаси ҳам бор. Ўтган йили 1-лигада мавсумнинг кичик олтин медалларини қўлга киритиш баробарида олий лига чиптасига ҳам эга бўлган пойтахтликлар машғулотларга зўр беришган. Таркибга янги футболчилар жалб этиляпти. Кўрикдан ўтаётганлар орасида олий лига ҳавосини олган ўйинчилар ҳам бор. «Обод» бош директори Фарҳод Собировнинг айтишича, жамоа олий лигадаги иштирокини расман тасдиқлаган. Бу борада ПФЛга йиллик иштирок учун бадал пуллари ҳам биринчилардан бўлиб тўланган. Уй учрашувларини ўтказиш учун «Жар» стадиони ижарага олинган. Хуллас, янги мавсумда «Обод» кучлилар сафида дебютини нишонлайди. Биз жамоа машғулотларида бўлиб, мураббий Жаъфар Ирисметовдан интервью олдик.

- Жаъфар ака, «Обод» жамоаси мураббийлар штабида иш бошладингиз. Сиз учун бу янги чорлов. Умуман, мазкур таклифни қандай қабул қилдингиз?

- Албатта, хурсандчилик билан. Икки йил аввал «NBU-Осиё» клубида ишлагандим. Орада бир йил катта футболдан йироқда бўлишга тўғри келди. Олий лига жамоасига ёрдамчи мураббий сифатида чақиришди. Ортиқча ўйлаб ўтирмай, бу таклифни қабул қилдим.

- Янги иш жойингиздаги илк таассуротлар қандай?

- Ҳаммаси яхши. Лекин «Обод» жамоасида ҳали қиладиган ишлар жуда кўп. Олий лигада илк бор иштирок этади. Элитанинг ўзига яраша талаблари бор. Шунга қараб, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

- Жамоа таркиб жиҳатдан кучлилар сафида қатнашишга, жиддий рақобатга тайёрми?

- Айни пайтда жамоамиз асосан 1-лигада ўйнаган футболчилардан таркиб топган. Лекин улар ҳақида ижобий фикрдаман. «Машъал» ва «Нефтчи» жамоаларига қарши кечган ўртоқлик учрашувларида ёш футболчилар илиқ таассурот қолдиришди. Лекин барибир, таркибимизга олий лига ҳавосини олган 3-4 нафар тажрибали футболчиларни қўшиб олишимиз керак. Ҳар бир чизиққа камида бир нафардан тажрибали ўйинчилар етишмаяпти. Олдинда ҳали вақт бор. Шу муддат ичида янги футболчиларни кўрикдан ўтказиб, маъқул келганлари билан шартнома имзолаймиз. Биринчи навбатда, жамоамиз ўйин услуби ва мураббийлар фалсафасига тўғри келадиган ўйинчиларни таркибга қўшиб оламиз.

- Футболчилик фаолиятингизда ҳужум чизиғида тўп сургансиз. Шу маънода жамоада ҳужумчилар билан кўпроқ ишласангиз керак? Олдинги чизиқда Алишер Азизовнинг ўзи ёлғизланиб қолмаяптими?

- Дарҳақиқат, Алишер айни пайтда жамоамизнинг ягона марказий ҳужумчиси бўлиб турибди. Унга шерик топишимиз керак. Мавсум узоқ давом этади. Бир ўзи оғир юкни кўтара олмайди. Қанот ҳужумчиларимиз ҳам борлигига қарамай, барибир, марказий ҳужумчига муҳтожмиз.

- Кўз остингизга олиб қўйган форвардлар борми?

- Бор эди, лекин улар бошқа клублар билан шартнома имзолаб бўлишди. Қидирув давом этади (кулади). Ўйлайманки, бу ҳужумчини албатта, топамиз. Чунки олий лигадаги клубларимизнинг деярли барчаси бир ҳужумчи билан ўйнайди. Етакчи жамоаларнинг захирасида навбати келишини кутиб ўтиришни истамайдиган форвардлар ҳали топилади. Масалан, Баҳодир Пардаевга ўхшаб ҳужумни хуш кўрадиган, голни ҳис қиладиган ўйинчилар бўлса, сафимизга қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

- Ҳужумчилар муаммоси нафақат клубларимиз, балки ўзбек футболининг энг катта муаммоларидан бири. Тажрибали ҳужумчи сифатида бу муаммонинг асл сабабини нимада деб ўйлайсиз?

- Ҳар битта жамоада алоҳида ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббий бўлиши шарт. Мен бу ҳақда аввал ҳам кўп бор айтганман, яна такрорлашдан эринмайман. «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив», «Насаф» каби ҳар томонлама бақувват жамоаларимиз ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббийларни таклиф этишга қодир. Бу нарсани клубларимизга мажбурий қилиб қўйиш керак. Узоққа бормайлик, олимпия терма жамоамизнинг Қатардаги Осиё чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этишига ҳужумдаги муаммолар ҳам сабаб бўлди. Энг ишонган ҳужумчимиз Игорь Сергеев деярли кўринмади. Тўғри, форвардни тўп билан ярим ҳимоячилар таъминлайди. Аммо бу ҳолат баҳона бўла олмайди. Истеъдодли ҳужумчи яримта имкониятни ҳам голга айлантира олиши керак.

- Менимча, яқин орада Жаъфар Ирисметовнинг бундан 15 йил аввал олий лигада қайд этган 45та голлик рекордини ҳеч ким янгилай олмаса керак?

- (кулади) Нега энди. Насиб қилса, биздан ҳам истеъдодли ҳужумчилар чиқади. Рекордим узоқ муддат сақланиб қолмаслиги тарафдориман. Агар шундай ҳужумчилар етишиб чиқса, бу биринчи галда миллий терма жамоамизга катта фойда келтиради.

- Ўша йили ниманинг ҳисобига 45та тўп киритгансиз? Фақат истеъдод, тажриба, голни ҳис қила олиш қобилияти камлик қилса керак?

- Агар тўп билан ўз вақтида таъминлашмаганида, шунча гол уролмасдим. Бахтимга ярим ҳимоя чизиғида ўз ишининг усталари - Нўъмон Ҳасанов, Мухтор Қурбонов каби кучли ярим ҳимоячилар ўйнашган. Айнан уларнинг аниқ ва қулай тўп узатишлари туфайли сермаҳсулликка эришганман. Жамоадошларимсиз, бундай натижа қайд этолмасдим.

- «Обод» кучлилар сафида ўз ўрнига эга бўла олармикан? Ёки аксарият қуйи лигадан элитага чиққан жамоалар сингари бир йилнинг ўзида «сафари қарирмикан»?

- Бундай бўлмаслигига умид қилиб қоламан. Яхши ниятлар билан иш бошладик. Агар таркибимизни ўзимиз истагандек шакллантириб олсак, олий лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш баробарида мухлисларга маъқул келадиган ўйин намойиш этамиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:14, 29.01.2016.
Ўқилди: 3062 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.