«Атлетико» ва «Реал» клублари ФИФА томонидан қўйилган трансфер тақиқи юзасидан апелляция берди.
Клублар 18 ёшга тўлмаган хорижлик футболчиларни қонунга хилоф равишда рўйхатдан ўтказишгани сабабли 2та трансфер муддати давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилишди. Энди мазкур иш юзасидан ФИФАнинг Апелляция қўмитаси суриштирув ишларини олиб боради.
Агар бу иш 1 июлгача якунланиб, якуний қарор чиқарилмаса, «Реал» ва «Атлетико» ёзги трансферда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қоладилар.
ФИФА Апелляция қўмитаси қарори эълон қилингунга қадар жазога сабаб бўлган футболчилар барча мусобақаларда иштирок этишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда "Барселона" худди шундай қонунбузарлик туфайли иккита трансфер муддати давомида тақиққа учраганди.
ФИФАнинг 16 апрель куни эълон қилинган қарорига каталонияликлар апелляция беришган. Апелляция қўмитаси эса ишни 20 августга қадар кўриб чиққан. Натижада "Барселона" ёзги трансферларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлганди.