Ўтган йили олий лига ўйинлари турлича таассурот қолдирди.
1. Келишилган ўйинларга қарши курашда амалий ҳаракатлар учқуни сезилди. Хусусан, бу иш билан ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг шахсан ўзи шуғуллана бошлагани илк самараларини берди. Федерация раҳбарининг сўзлари таъсирида чемпионат анча шиддатли бошланди.
2. Бироқ иккинчи даврада футболдан жозиба йўқолгандек туюлди. Тўғри, чинакам кураш остида ўтган ўйинлар гувоҳига ҳам айландик. Аммо фоиз нисбатида айтсак, «мажол»сиз учрашувларни кўпроқ кузатдик.
3. Шунингдек, кўнгилни хира қиладиган воқеалар ҳам учраб турди. Дейлик, ҳакамлик масаласида.
4. Чемпионат тақвими одатдагидек, кўп ўзгартирилди. Кўринишидан, масъул мутасаддиларга мухлислар манфаати ҳеч нарсани англатмайди, шекилли.
5. Чемпион жамоани тақдирлаш яна бечораҳол кўриниш олди. Буниси энди ПФЛ виждонига ҳавола.
Кўриб турибсизки, ижобий таассуротлардан салбийлари кўпроқ. Янги мавсум арафасида барибир, яхшиликка умид боғлаймиз. Ниятимиз - ғирром ўйинларга қарши кураш янги даражага чиқсин ва бу иллат илдизи билан қурисин, футбол ва ҳакамлик сифати янада ошсин, ташкилотчилик ишлари яхшилансин. Дейлик, ПФЛ раҳбари бўлғуси тақдирлаш маросимларини чиройлироқ ўтказишга ваъда берди. Буни «Насаф» ва «Пахтакор» ўртасида кечадиган суперкубок ўйинидан бошлашга нима етсин? Зеро, соврин топшириш жараёни тантанаворлик касб этса, бундан ПФЛ обрўси ошади. Якунда албатта, барча жамоаларимизга омад тилайман. Хусусан, ОЧЛда иштирок этувчи клубларимизнинг футболимиз номидан муносиб ўйнашларига тилакдошман.
Муҳсинжон ЭРМАТОВ,
Боғдод тумани.