Хабарингиз бордир, Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов яқинда Қатарнинг «Умм Салал» клуби билан шартнома тузди. Бу хабар чиққан куни мухлислар томонидан турлича фикрлар билдирилди - кимдир «Омадини берсин!» деди, бошқа биров эса Украина премьер-лигасидек кучли чемпионатни ташлаб, Қатарга йўл олгани учун Санжарни айблади. Энди мен ҳам шу ҳақда озгина фикр билдирсам. Зеро, оддий бир мухлис сифатида бунга оз-моз ҳаққим бўлса керак. Боз устига, бу борада гапириш учун ўзига хос устунлигим бор - Қатарда бир неча марта бўл-ганман ва бу юрт футболи билан яхши танишман. Шундай экан, Қатар Юлдузлар лигаси ҳақида озми-кўп маълумотга эгаман. Энди шу маълумотлардан фойдаланган ҳолда, Санжар Турсуновнинг Қатар чемпионатида тўп суриши ҳақида гапирсам.
Шахсий фикрим қуйидагича - Санжар жуда тўғри йўл танлади. Биринчидан, Қатар чемпионати молиявий жиҳатдан ва футбол учун яратилган шароитлар томонлама Украина вариантидан анча яхши. Бу эса футболчига руҳий барқарорлик беради. Ахир «Ворскла»да «Маошимни қачон беришар экан?»-деб кутиб юргандан, Қатарда ҳеч нарсани ўйламай, тинчгина футбол ўйнаган яхши эмасми? Кейин, у ерда «Пул сочилиб ётади», деганлар адашадилар. Албатта, Қатар Юлдузлар лигасида иштирок этадиган клублар бой, аммо ҳеч кимга беҳуда катта маош тўламайдилар. Ҳарқалай, Қатар шайхлари бегона ўйинчига шунчаки, «чиройли кўзлари» учун пул берадиган аҳмоқ эмаслар. Бунинг учун аввало, муносиблигингни исботлашинг керак. Маош қанча катта бўлса, уни оқлаш учун шунча кўп меҳнат қилиш талаб этилади.
Энди масаланинг иккинчи томонига ўтсак. Биласизми, биз унчалик ҳам менсимайдиган Қатар чемпионати аслида дунёнинг норасмий терма жамоаси ҳисобланади. Қанақасига, дейсизми? Ҳозир бу фикримни ҳам асослаб бераман.
Қатарда бўлган вақтимиз маҳаллий клублар базаларига ҳам борганмиз ва кўплаб инсонлар билан суҳбатлашганмиз. Шундай мулоқотлар чоғи Қатар клублари билан боғлиқ битта сирдан хабар топдик. Албатта, бизга ҳеч ким расмий маълумот беришни истамади, аммо бир нарсани кўп бора таъкидлашдики, унга асосан айтсам, Қатар клубларида легионерлар улуши «3}1» кўринишида эмас, балки анча кўпроқни ташкил этар экан. Баъзи жамоалар ҳатто 70-80 фоизга легионерлардан иборат. Қисқаси, битта жамоада нари борса, 2 ёки 3 нафар асл қатарлик тўп суриши мумкин. Қолганлар, 4 нафар «тоза» легионерни инобатга олмаганда, асосан маҳаллийлаштирилган хорижлик футболчилар ҳисобланадилар.
Бунга қандай қилиб йўл қўйилган? Ҳозир тушунтираман. Масалан, олайлик, Чад ёки Мозамбикдан жуда иқтидорли ёш футболчи Қатарга келади. Унинг исм-шарифини шартли равишда Абагио Аденито дейлик. Аммо у Қатарга келгач, тезда шу юрт фуқаролигини олади ва исмини ҳам шартли равишда Абдул Каримга ўзгартиради. Шу билан тамом, у Қатар чемпионатида маҳаллий футболчи сифатида ўйнаб юраверади. Орадан маълум вақт ўтгач, ўзини кўрсата олса, балки Қатар терма жамоасида ҳам тўп суриш имкониятига эга бўлар. Ўз навбатида, бу ҳолат Юлдузлар лигасидаги рақобатни кучайтиради.
Энди у ерда ўйнаётган юлдузларга ҳам эътибор берайлик - Хави, Пабло Эрнандес, Лучо Гонсалес, Чико Флорес, Владимир Вайсс... Уларнинг савияси қандайлигини ўйлаб кўряпсизми? Санжарнинг Қатарда шундай кучли футболчилар билан ёнма-ён ёки уларга қарши тўп сургани яхши эмасми? У ёғини сўрасангиз, Сардор Рашидов Қатар чемпионатига ўтгач, қай даражада кучайганини ҳаммамиз кўрдик. Чунки у ердаги клубларнинг барчасини хорижлик мураббийлар бошқаришади. Шунга яраша, ўйин услуби ҳам ранг-баранг. Битта клуб Италия терма жамоаси услубида ўйнаса, бошқаси испан футболи фалсафасини илгари суради. Шундай экан, бундай чемпионатда ўйнаш футболчига ҳам тактик, ҳам техник жиҳатдан ўсиш имконини беради.
Боз устига, Сардор ҳозир олий лигага қараганда, анча яхшироқ шароит ва энг муҳими, рақобатга эга чемпионатда ўйнамоқда. Нафақат ўйнамоқда, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган иқтидорлар орасида етакчилардан бўлиб турибди. «Интерфутбол»нинг аввалги сонида Сардор Рашидовнинг уйидан уюштирган репортажимизни ўқиган бўлсангиз, буни яхши биласиз. Сардор шундай кучли чемпионатда Ўзбекистон футболининг асл савиясини шараф билан намо-йиш этиб келмоқда.
Мана энди Турсуновда ҳам шундай имконият бор. Шахсан мен Ўзбекистон терма жамоаси мухлислар клуби номидан Санжарга омад тилайман. Унга ҳам Сардорнинг йўлини берсин ва ўз клубида шундай обрў топсин. Ишонинг, бундан Ўзбекистон терма жамоасига ҳам, футболчининг ўзига ҳам ва энг муҳими, биз - мухлисларга ҳам катта фойда бор.
Абдураҳмон ФОЗИЛОВ, Ўзбекистон терма жамоаси мухлислар клуби раиси, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси