«Арсенал»нинг етакчи ўйинчиларидан бири – Тео Уолкотт Sky Sports журналистларидан бири бири билан бўлган суҳбатда жамоада ҳтказган 10 йили ҳақида гапириб ўтди.
2006 йили «канонирлар» устози Арсен Венгер 16 ёшли Уолкотт учун 9 миллион фунт стерлинг тўлаган. Ўшанда Тео Англия футболидаги энг қиммат тинэйжерга айланганди.
«Бу ҳаётимдаги энг муҳим кун эди». Ушбу гапларни айтганда Теонинг кўзлари ёниб туради. «Венгер билан суратга тушишдан олдин футболкам йўқ эди. Шунда йўлнинг нариги томонидаги дўконга бориб, футболка харид қилдим. Аммо бу либос дўкондаги энг каттаси экан.
Умуман олганда, уни мен эмас, балки ота-онам сотиб олишган. Ўзим ҳали ёш эдим»,-дейди Уолкотт.
Шундан сўнг у Чемпионлар Лигаси финалини кутаётган жамоа билан учрашди. Уолкоттнинг айтишича, Тьерри Анрини жонли кўриб, ўзини йўқотиб қўйган. «Кийиниш хонасига биринчи бор кирганимда Пирес, Анри, Бергкампларни кўрдим. Тўғрисини айтсам, ўшанда карахт аҳволга тушиб қолгандим. Лекин мураббий менга ишонаркан, улар билан бирга туришга ҳақлиман, деб ўйладим. Айнан шу футболчилар мен учун фойдали бўлишган. Ўтган ўн йил ичида мураббийга менга ишонгани учун миннатдорчилик тариқасида бор имкониятимни ишга солишга уриндим. Ўшанда ҳаттоки, либосим ҳам ўз ўлчамимда бўлмаган. Шортлар, машғулотлар либоси, ҳаммаси катта ўлчамда эди».
Ўшанда Уолкотт катта клубга ўтишга шошилди, деб ҳисоблашган. У «Арсенал»га январда қўшилган. Аммо кейинги мавсум бошига қадар майдонга тушмаган. «Ҳаммаси бирдан келмаслиги ва бардошли бўлишим кераклигини билардим. Кўп нарсани ўрганишим учун вақтим етарли эди».
Лекин Тео «Арсенал» сафида майдонга тушмаган бўлсада, Свен Ёран Эрикссон ўз қарори билан барчани лол қолдирганди. У футболчини Англия терма жамоасининг ЖЧ-2006да иштирок этадиган таркибига киритганди. Тўғри, мусобақада Тео бир дақиқа ҳам ҳаракат қилмаган. «Бунинг яхши ёки ёмон бўлганини билмайман. Аммо шундай турнирда қатнашиб, барчасини ўз кўзингиз билан кўришингиз бошқача. Айнан шундан сўнг премьер-лига баҳсларида майдонга тушишга қодирлигимни кўрсата олгандим», - деб эслайди. Тео.
«Ўзимдан ҳам оиламга қийин бўлган. Папарацци мен ва Мелни суратга олиш учун ҳамиша уйимиз атрофида изғиб юрарди. Бир кун у билан овқатлангани бормоқчи бўлдик. Шунда қўшниларимиз машинамиз олдидаги журналистларни ҳайдаб юборишган ва у ердан чиқиб кетишимиз учун имкон яратиб беришганди».
Айтганча, Мел ўшанда Теонинг дугонаси эди. Ҳозир эса рафиқаси, Финли исмли ўғлининг онаси.
Матбуотнинг ўн йиллик эътибори ҳам Уолкоттни ўзгартирмаган. У камсуқум, мулойим ва яхши суҳбатдош. Бир сўз билан айтганда, ажойиб йигит. «Ўшандан буён деярли ўзгармадим», - дейди «Арсенал» футболчиси.
Лекин бу хусусиятлар майдонда унинг учун ишламаслиги мумкин. Гап шундаки, Тео ўта меҳрибон. Бу борада у мураббий билан кўп марта сухбатлашган. «Мураббий менга ҳар доим яхши нарсаларни ўргатади.
У майдонда кескинроқ ҳаракат қилишимни талаб қилади. Яқинда мендан янада кўпроғини кутаётгани ва ҳали ўсишим кераклигини айтди»,-деди Уолкотт.
Футболчининг фаолиятида жароҳатлар катта роль ўйнаган. Жорий мавсумда у Оливье Жирудан марказий ҳужумчи позициясини «олиб» қўйди. Аммо «Шеффилд Уэнсдэй»га қарши учрашувда жароҳат олиб, сафдан чиқди. Англия кубогидан ўрин олган «Тоттенхэм»га қарши учрашувда олган жароҳати эса бунданда жиддий эди. Ўшанда Уолкотт 11 ой майдонга туша олмаган.
У бу борада ўйламасликка ҳаракат қилади. Ҳозир ҳам марказий ҳужумчи сифатида бир мавсумда 20талаб гол ура олишига ишонади.
«Бу ҳақда ўйламаслик жуда муҳим. Жароҳат олмаганимда ундай ёки бундай бўларди, деб ўйлаб ўтирмайман. Лекин тиззамдан олган жароҳатим туфайли ЖЧ-2014ни ўтказиб юбордим. Бу борада руҳий тарафдан бироз қийналдим. Айнан ўшанда фарзандим туғилди ва бор эътиборимни унга қаратдим. У формамни тиклаб олишим учун менда янги куч уйғотди»,-дейди қаҳрамонимиз.
Шу ўринда айтиш жоиз, футболчи «Арсенал»га ўтганидан буён жамоанинг 40 фоиз учрашувини жароҳати туфайли ўтказиб юборган.
Тео «Арсенал»даги дастлабки саккиз йилида бирорта ҳам совринни қўлга киритмади. Энди эса барчаси ўзгаришига ишонмоқда. «Айни пайтда «Арсенал»да мухлислар кўп йилдан буён кутган жамоа бор. Кийиниш хонасида муҳит ажойиб ва барчамиз бир оиладекмиз.
Мен шу жамоанинг бир бўлаги бўлишни истайман. «Арсенал»дек катта клуб иложи борича кўпроқ совринларни ютиши керак. Англия кубоги баҳсларида икки марта зафар қучдим. Энди эса жиддийроқ совринни қўлга киритишимиз лозим. Премьер-лигада ғолиб чиқиш - асосий мақсадимиз. Жорий мавсумда эса чемпион бўлиш учун имкониятларимиз етарли»,-дейди Уолкотт.
Манба: Football.ua,
ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади