Янги мавсумни "Навбаҳор"да ўтказиши аниқ бўлган украиналик форвард "ФЭ" мухбирига интервью берди. Ушбу суҳбатнинг эътиборга молик жойларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Ўзбекистонни тарк этаётиб, тезда яна юртимизга қайтишингизни тахмин қилмаганмидингиз?
- Юртингизга қайтишимда ҳеч қандай ғайриоддий ҳолатни кўрмаяпман. Ўтган йили "Насаф"дан таклиф тушганди, фақат баъзи сабабларга кўра қаршиликлар сафига ўтишим амалга ошмаганди.
- Барибир биз учун қизиқарли томони "Навбаҳор" вариантини юзага келишидир.
- Дўстим Хайрик (Хайрулло Каримов) қўнғироқ қилиб, Наманганда жиддий инсонлар янги лойиҳа устида иш олиб бораётганликларини билдириб, аниқ таклиф билан чиқди. Эски танишим қийин дамда ёрдам сўраб мурожаат қилди, йўқ дея олмадим.
- Жамоада қолишингиз ҳал бўлдими?
- Ҳа. Баъзи расмиятчилик ишларни битириб олишимиз қолди, холос. Асосийси, шонли тарихга эга "Навбаҳор"нинг олдинги мавқеини тиклашга жиддий киришилганлигини хурсандчилик билан айтишмоқда. Юқори ўринлар учун курашишимиз уқтириб келинмоқда. Шу сабабли бизга ишонч билдирган маъсулларнинг юзини ерга қаратмоқчи эмасмиз.
- "Навбаҳор"нинг ўта талабчан мухлислари ҳақида тасаввурга эгамисиз?
- Албатта, ҳамма жойда ишқибоз халқи киритилган голлар ва севимли жамоасининг ғалабаларига ташна бўлади. "Навбаҳор" мухлислари ҳақида "Бунёдкор"да эканлигимдаёқ эшитганман. Томошабин ташрифи борасида ҳам етакчилик қилишади. Асосий вазифам, жамоа ғалабага эришиб, мухлисларимизни хурсанд этиш. Мавсум якунида эса, кимнинг қандай тер тўкканлигини статистика кўрсатади.