Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Луи ван Гал:«Ўйин охиригача курашиш керак»

Баҳо:
+ | -

Доимий танқидлар ва босим остида фаолият юритаётган «МЮ»нинг голландиялик бош мураббийи Луи ван Галга ҳозир асло ҳавас қилиб бўлмайди. У яқинда Independent сайти мухбири билан Манчестердаги вазият ва барчасини ижобий томонга буриш мумкинлиги хусусида суҳбатлашди. Дарвоқе, телекамералар назоратидан холи Луи ван Гал юзидан табассум аримайди, у ҳазиллашишни ҳам ўрнига қўяди.

- Умид қиламанки, ҳамкорликда ишлаётган барча кишилар мени оддий инсон сифатида эслаб қолишади. Манчестерда ажойиб муҳит ҳукмрон. Бироқ бу ердаги кўпгина нарсалар менга Барселона ва Мюнхенни эслатади.

Клуб хизматчиларининг ишларига алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Чунки бу улар учун ёқимли. Иш жойимда аввало, чин инсон бўлишга интиламан. Баъзан шогирдларимни ўз гапларидан тутиб оламан. Ахир иш услубим шундай, буни улар яхши билишади.

Ван Гал хусусан, уни бир неча ҳафтадан буён таъқиб этаётган омадсизлик, мухлислар ва собиқ ўйинчилар томонидан отилаётган таъна тошлари, Жозе Моуриньонинг ёзда «МЮ»га келиши ҳақидаги миш-мишлар ҳақида очиқ гапирди. Эслатиб ўтамиз, «Беназир» «Барселона» штабида айнан шу мураббий раҳбарлиги остида фаолият бошлаганди.

- Моуриньо - менинг дўстим. Унинг «МЮ» раҳбарияти билан учрашганидан хабарим бор. Эд Вудворд билан гаплашдим. Менимча, у Моуни бош мураббийликка таклиф этмаган. Акс ҳолда, менга айтган бўларди. Умуман, нафақат Вудворд, балки Глейзерлар билан ҳам очиқ-ойдин гаплашаман. Шу сабабли, миш-мишлар жонимга тегди. Мени 3 марта истеъфога чиқариб улгуришди. Боз устига, Моу билан музокара олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар тўхтамаяпти. Ҳар куни қандайдир янги маълумот тарқалади.

- Танқидларга кўникиб қолганман. Матбуот анжуманларидаги тажовузкорлигим ҳам бор гап. Ўз шогирдларимни ҳимоя қиламан. Шунда ҳаммасига ван Гал айбдор бўлади, ўйинчилар эмас. Матбуотга қўполроқ муносабатимнинг асосий сабаби шу. Хўш, бу ўзимга ёқадими? Йўқ, албатта. Яхшиларни ҳимоя қилиб, ёмонларга ҳужум уюштиришим ҳаммага маълум. Ҳа, турнир жадвалидаги ҳолатимиз Глейзерларни ранжитмоқда. Лекин жорий мавсум нималар бўлаётганига эътибор беринг: Люк Шоу бир йилга сафдан чиқди, Валенсия, Швайнштайгер ва Рохо майдонга тушишмаяпти. Ўтган йили кўплаб футболчилар енгил жароҳатланишгани сабаб, машғулотлар жараёнига тегишли ўзгаришлар киритдик, дам олишга шароит яратдик. Хуллас, бу муаммодан қутулдик. Аммо ўйинчилар энди бевосита учрашув пайти жароҳатга йўлиқмоқдалар. Бу борада омадимиз келмаяпти.

Иккинчи томондан, Жесси Лингард, Камерон Бортвик-Жексон ва Антони Мартиаль каби ёш иқтидор соҳиблари учун кенг имконият берилганию, уларнинг яққол ўсишга эришганларини унутмаслик лозим.

- Маҳаллий футболчиларнинг юксалишларига эътибор қаратиш яхши. Лингард ва Бортвик -Жексон «МЮ» муҳитида улғайишган. Улар ўз маҳоратларини намойиш этиш учун етарли шароитга эгалар. Мартиаль ва Депай ҳам ҳали ёш. Шу йигитлар ҳақиқий «иблислар»га айланишга ҳақлилар. «Барселона»да Хави, Иньеста ва Тьяго Мотта каби ўйинчилар қўл остимда дебют қилишганди. Қаранг, уларнинг ҳозирги натижалари қандай?

Умид қиламанки, келажакда мухлислар мени ёшларга имкон берган мураббий сифатида эслашади. Ўрнимга келадиган мутахассис ҳам ёшларга ишонч билдириши керак. Акс ҳолда, «МЮ» мушкул вазиятга тушиб қолади. Мутасаддилар бош мураббийликка номзод танлашда уларнинг фаолиятига назар солишлари шарт. Мендан сўрашса, ўз фикримни баён этаман. Лекин қарорни раҳбарият қабул қилади.

Клуб тарбияланувчиларинг ўз имкониятларини тўла ишга солишлари муҳим. Ҳаммаси уларнинг ўзларига боғлиқ. Вазифага тўғри ёндашиш, муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишни ўрганиш керак. Чунки футболда ҳар доим ҳам хурсандчилик бўлавермайди. Профессионал спортчидан кўп нарса талаб қилинади. Иқтидор - бу техника, тактик ва жисмоний тайёргарлик. Лекин булардан ташқари, яна бир қатор муҳим жиҳатлар ҳам футболчининг топқирлигига боғлиқ. Қолаверса, футболда муваффақият билан омадсизлик ёнма-ён юради.

Моуриньонинг манкунианликлар билан алоқалари хусусидаги хабарлар тўхтамаётган бир пайт ван Гал бор эътиборини ўйинларга қаратмоқда.

- Энг муҳими, ўйин охиригача курашиш керак. Дейлик, илк дақиқалардан суръатни ошириш талаб этилади. «Челси»га қарши яхши ўйин бўлди, лекин ишни ғалабагача олиб боролмадик. Бу баҳсда ҳам, «Ньюкасл» ва «Саутгемптон» клублари билан учрашувларда ҳам сўнгги дақиқаларда гол қўйиб юбордик. Оқибатда қимматли 5 очкони йўқотдик. Булардан хулоса чиқарадиган вақт келди.

Ҳа, «иблислар» мазкур камчиликлардан тегишли хулоса чиқара олсалар, мураббий ва мутасаддиларнинг кайфияти ҳам, жамоанинг турнир жадвалидаги мавқеи ҳам яхшиланиши аниқ. Шундагина Луи бироз енгил нафас олади. Хуллас, «Олд Траффорд» осмонида яна қуёш порлашига шубҳа қилмаётган голландиялик мутахассиснинг юзи тез кунларда ёришиб кетишига умид йўқ эмас.

Манба: Football.ua,

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:41, 24.02.2016.
Ўқилди: 2433 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.