27 февраль куни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда “Навбаҳор” жамоасининг Ўзбекистон чемпионлигининг қўлга киритганлигининг 20 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган тадбир қатнашчилари юртимизга етиб келишмоқда.
Клуб расмий сайтининг ёзишича, 1996 йилги чемпионатда “Навбаҳор” сафида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган футболчиларнинг айримлари бугунги кунда хорижда истиқомат қилишмоқда. Биринчилардан бўлиб юртимизга Эдуард Мамотов етиб келди. Ўзбекистон чемпионатлари тарихида биринчи бўлиб, беш карра мамлакат чемпионлигига сазовор бўлган Мамотов бир неча кун Тошкентда ёру-дўстлари билан учрашиб, бундан бир неча соат олдин Наманганга етиб келди. Бугун-эрта бошқа футболчилар ҳам юртимизга етиб келишади.
Эдуард Мамотов ҳақида қисқача маълумот: Фаолияти давомида «Восток» (Усть-Каменогорск), «Химик» (Жамбул), «Нефтчи» (Фарғона), «Навбаҳор» (Наманган), «Черноморец» (Новороссийск), «Металлург-Кузбасс» (Новокузнецк) жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 15 та ўйинда майдонга тушган.
Эришган ютуқлари: Ўзбекистон чемпиони (1992-1996), Ўзбекистон кубоги соҳиби (1992, 1995), МДҲ Чемпионлари кубоги финалчиси (1994), Осиё Чемпионлар кубогида 3-ўрин соҳиби.